Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

30-08-2018 16:00

Комил Бўронов рафиқаси билан буюк цивилизациялар изидан (иккинчи қисм)

2427

0

Ўтган ҳафтада биз шу йили Туркиянинг буюк цивилизацияларини тадқиқ қилиш учун йўл олган Комил Бўронов ва унинг рафиқаси Моҳидил ҳақида ҳикоя қилишни бошлаган эдик. Агар блогимизни диққат билан кузатаётган бўлсангиз, улар Истанбул, Анқара ва Каппадокияда вақтларини ажойиб тарзда ўтказганликларидан хабарингиз бор, албатта. Бугун эса биз уларнинг унутилмас саёҳатлари ҳақида сўз юритишда давом этамиз!

Унутилмас таассуротларни олиб, биз Каппадокиядан сўнг кейинги куни Помукқалъага йўл олдик. Йўл-йўлакай эски карвонсарой ва дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири – Коньяга кириб ўтдик. Конья бутун дунёга машҳур Хўжа Насриддиннинг ватани ҳисобланади.
Коньянинг ташриф қоғози Мавлавий дарвешлари ордени асосчиси – Мавлоно мақбараси ёки Румий мақбараси ҳисобланади. Ҳар йили бу ерга кўплаб сайёҳлар ташриф буюради...

Конья бўйлаб мазмунли экскурсиядан сўнг биз йўлда вақт қанчалик тез ўтганини сезмай ҳам қолдик ва Помукқалъага келдик! Оқшом тушган эди, шу сабабли биз термал меҳмонхоналардан бирида тўхтаб, ҳордиқ чиқардик, куч-қувватга тўлиб вақтимизни мазмунли ўтказдик.

Дастлабки маълумотлар эрамиздан олдинги икки мингинчи йилга бориб тақаладиган машҳур Иэрополис кўз олдимизга келганда биз ҳали ҳам минерал булоқлар ва оппоқ травертин ландшафтларни кўриш илинжида эдик.

Иэрополис некрополи Туркия ҳудудидаги энг йирик антик некрополь ҳисобланади! Бизга ушбу қадимий шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш ва унинг харобалари бўйлаб сайр қилиш жуда қизиқарли бўлди.

Сўнг ҳар йили минглаб одамлар шифобахш сувга тушиш мақсадида келувчи Клеопатра бассейнига йўл олдик. Айтишларича, у танани соғломлаштирибгина қолмасдан, балки ёшартирар ҳам экан.

Ва мана улар, Помукқалъанинг бепоён кенгликлари!

Гидимиз Шенол Бознинг айтишича, ўтган асрнинг 80-90-йилларида Помукқалъа атрофида кўплаб меҳмонхоналар бунёд этила бошлаган экан. Меҳмонхоналар ўз термал бассейнлари учун Помукқалъа булоқларидан сувларни олишни кўпайтиради ва оқибатда табиий сув ҳавзаларига тобора кам сув туша бошлайди. Бунинг оқибатида оппоқ травертинлар (уларга туз эмас, балки кальций шундай кўриниш беради) ўз табиий оқлигини йўқота бошлайди ва кулрангга киради. Шу сабабли 2000-йилларда Туркия ҳукумати Помукқалъа ҳудудидаги кўплаб меҳмонхоналарни ёпишга мажбур бўлади ва янгиларини очишни ҳам тақиқлаб қўяди.

Бироз чарчаган ҳолатда, бироқ бир дунё таассурот билан биз Кушадасига йўл олдик! Йўлда Эфес яқинидаги Дева Мария уйига кирдик ва қадимий Салжуқ шаҳри вайроналари бўйлаб сайр қилдик.

Кушадасига боргач, биз меҳмонхонада қолмасликка қарор қилдик ва кечки шаҳар гўзаллигидан баҳра олиш учун Эгей денгизи соҳилини томоша қилдик...

Саҳарда йўлимизда давом этдик... Апостол Иоанн Богослов қабрида тўхтадик. Афсонага кўра, Исо пайғамбарнинг энг севимли ва энг ёш шогирди бу ерга Исо пайғамбар маслаҳатига кўра Дева Мария билан келган ва эрамизнинг 100 йилида Эфесда вафот этган экан.

Шу ернинг ўзида Дунёнинг етти мўъжизасидан бири – Артемида ибодатхонаси жойлашган. Сайёҳлар орасида ниҳоятда машҳур ва бутун дунёга донғи кетган Эфес бизда улкан таассурот қолдирди. Бу машҳур Цельсий кутубхонаси жойлашган бутун бошли музей-шаҳар. Эфесда қадимий кўчаларни айланиб, Одеон, Адриан ибодатхонаси, театр ва бошқа эътиборга лойиқ жойларни кўриш мумкин.

Антик Пергамни ҳам кўриш насиб этди. Бу шаҳарга эрамиздан аввалги XII асрда асос солинган ва қачонлардир Пергам қироллигининг пойтахти бўлган. У бутун дунёга нафақат пергамент қоғозлари билан машҳур. Пергам дин, тиббиёт (бу ерда даволаш илоҳи Асклепийга сиғинишган) маркази бўлган, шунингдек, бу ердаги кутубхона қачонлардир Александрия кутубхонаси билан рақобатлашган!

Кейинги манзилимиз Туркия ҳудудида жойлашган яна бир антик шаҳар – Ассос бўлди. У Эгей денгизининг ёнгинасида жойлашганлиги сабабли, бугунги кунда бу ерда пляжда дам олиш фаол ривожланмоқда. Бироқ Ассос – бу тарих ҳамдир. Биз кечани шу ерда ўтказдик.

Эрталаб ёмғир ёғди ва саёҳатимиз давомида биринчи марта об-ҳаво билан омадимиз чопмади. Шу сабабли биз диққатга сазовор обидаларни тезлик билан томоша қилдик ва Трояга йўл олдик!

Гомер «Илиада»сида сўз юритилган ушбу жой ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Замонавий Троя катта ҳудудни эгаллайди ва Эфес каби очиқ осмон остидаги музей ҳисобланади. У ерда ҳам сафаримиз давомида бўлгани каби гидимиз Шенол Боз қизиқарли ҳикояларни сўзлаб берди. Умуман олганда, у ажойиб мутахассис, ўз ишининг ҳақиқий устаси! Троядаги экскурсиямиз вақтида у «Троя» фильми экранларга чиққанида бу ерга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони нақд 5 марта ошганлигини айтди!

Айтганча, Троя отининг иккинчи сурати – ўша машҳур фильмда суратга олинган! Суратга олиш жараёнларидан сўнг уни Туркияга совға қилишган.
Тарихий саёҳатимиз шундай якунланди ва биз Истанбулга қайтиб, икки кунга меҳмонхонада тўхтадик. Биз машҳур Лалели бозорига кирдик, дунёдаги энг йирикларидан бири бўлган ва Европадаги энг катта Жавоҳир савдо марказига бориб, яқинларимизга совғалар харид қилдик.

Истанбулдаги энг йирик Сулаймония масжидини мустақил равишда томоша қилдик. Масжид ҳудудида Султон Сулаймон, унинг севимли рафиқаси Ҳуррам ва қизи Меҳримоҳларнинг мақбараси бор.

Шунингдек, биз машҳур зираворлар ва турк ширинликлари сотилувчи Миср бозорига кириб ўтдик. Яқинларимизга ҳақиқий, оғзингизда эриб кетувчи роҳат-лукум ва турли таомлар учун шарқона зираворлар сотиб олдик.

Истанбулга бориб дунёдаги энг яхши балиқ-экмак қилувчи машҳур Уста Амин (Марио)га кирмаслик мумкин эмас! Шу сабабли биз нафақат ушбу машҳур таомни татиб кўрдик, балки яқинларимизни меҳмон қилиш мақсадида ўзимиз билан бир нечта балиқ-экмакларни олдик. Бироқ сизга маслаҳатим: бу таомни совимасдан туриб ейиш керак экан, шунда у ўз таъмини сақлаб қолади!

 

Афсуски, кўплаб ўзбекистонликлар одатий ва ўрганилган йўналишлар – Анталия пляжлари ва Истанбулдаги шопингни танлашади... Аслини олганда, Туркия – катта ва ноёб давлат! У ерда кўришга арзирли жойлар ниҳоятда бисёр... Қирқдан ортиқ саёҳатчи бўлган гуруҳимизда Ўзбекистондан бор-йўғи икки киши эди – мен ва рафиқам. Биз фақатгина Туркиянинг Ғарбий Анатолиясини тадқиқ қилдик! Шунингдек, янада қизиқарли Шимолий Анатолия ҳам бор! Ҳамюртларимиз қўрқмасдан ўзлари учун севимли бўлган Туркиядаги янги йўналишларни кашф этишларини истаган бўлар эдим!

Мақола муаллифи: Александра Терёхина

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top