Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

25-08-2018 17:30

Мўъжизавий нафталан нефти билан ҳамма даволаниши мумкинми?

5266

0

Даволаниш ва дам олиш учун энг яхши жойлардан бири – ўтган асрдаёқ машҳурликка эришган Озарбайжоннинг Нафталан курорти. Бугунги кунда у соғломлаштириш хизматлари кўрсатилувчи, юқори малакали мутахассислар сўнгги русумдаги асбоб-ускуналардан фойдаланувчи ва беморларга соғлом ҳаёт бахшида этувчи энг замонавий меҳмонхонаю санаторийлардир! Сайёҳлар Tatil.uz га қўнғироқ қилиб кимлар Нафталанга бориши мумкину, кимларга бормаган маъқул деган савол билан мурожаат этишади. Ана шундай илтимосларга биноан Сиз учун бугунги мақоламизни тайёрладик.

Нафталан – фойдали углеводлар билан бойитилган шифобахш нефть. У кўплаб касалликларда даводир. Баъзилар ҳатто нафталан аллергиядан тортиб артритгача барча касалликларни даволайди, деб ҳисоблашади. Бироқ қарши кўрсатмалар ҳам борлигини эсдан чиқармаслик керак!


Қандай даволашади?


Асосий даволаш тури – ванналар: камерали, умумий ва ўтирган ҳолда. Одатда, нафталан 37-38 °С ҳароратда берилади ва бундай ваннада ётиш вақти 8-10 дан 15-16 дақиқагача боради. Кўпинча ванналар кетма-кет икки кун давомида тайинланади, сўнг бир кунлик танаффус берилади. Ванналар учун асосан табиий нафталандан фойдаланилади. Ванна қабул қилгандан сўнг мутахассислар терини тозалашади, кейин улар меҳмонни илиқ сувга юборишади (38-40 °С), сўнг эса адёлга ўраб 40 дақиқа дам олишни таклиф қилишади.

Ёдда тутинг! Нафталан, албатта, шифобахш нефть, бироқ даволовчи шифокорнинг барча кўрсатмаларини эҳтиётлик билан бажармоқ лозим. Яна нафталан икки куннинг ичидаёқ Сизга ёрдам беради деб ўйламанг. Тавсия қилинувчи даволаниш муддати – 14 кун. Бу санаторийлар сайёҳларнинг иложи борича кўпроқ муддатга ушланиб қолишларини хоҳлашлари учун эмас. Шунчаки бу вақт ичида ижобий ўзгаришлар сезила бошлайди.

Яна бир эслатма! Нафталан – албатта, Озарбайжон мўъжизаси, бироқ бир лаҳзали самарани кутиш нотўғри. Маълум вақт ўтибгина (ҳар бир кишининг касаллигига қараб) мўъжизавий самарани сезиш мумкин!
Ванналардан ташқари маҳаллий ва умумий мойлаш буюрилади. Бунда нафақат табиий, балки қатронли бирикмалардан тозаланган нафталандан ҳам фойдаланилади. Мутахассислар махсус мўйқалам ёрдамида нафталанни терига суришади, сўнг суртилган жойларни ёруғлик нурлари таъсири ёрдамида «қиздиришади». Одатда, бундай муолажа 15-30 дақиқани олади (шифокор тавсияси ва суриш турига қараб).
Шунингдек, шифокорлар бошқа турдаги аппликацияларни ҳам буюришлари мумкин – нафталан-парафинли ёки нафталан-камфорали.

 

Энди қандай касалликлар билан Нафталанга бориш мумкинлиги ҳақида тўхталамиз!


Тери касалликлари


Бу курорт ихтисослашган касалликлар гуруҳидан бири. Мисол учун, Нафталан санаторийларида кўп йиллар псориаз билан оғриган беморларни кўриш мумкин. Бундай ёқимсиз дарддан халос бўлишда нафталан ванналари ва аппликациялар, шунингдек, яллиғланишга қарши таъсир кўрсатувчи ва терининг зарарланган жойларини тикловчи йод-бромли ванналар ёрдам беради. Курорт меҳмонларининг таъкидлашларича, 15 кундан сўнг ижобий ўзгаришлар сезила бошлайди, максимал самарани эса 2 ойдан сўнг кўрасиз ва бу камида 2 йил давом этади.
Яна юқори малакали шифокорлар турли дерматитлар (атопик ва контактли), склеродермия, куйишдан сўнгги жароҳатлардан халос бўлишга ёрдам беришади.

Бўғим ва таянч-ҳаракат аппарати касалликлари


Қадимги вақтларда аскарлар нафталандан оғриқ қолдирувчи восита сифатида фойдаланишган, дея таъкидланади. Бугунги кунда буни мутахассислар ҳам тан олишган. Дарҳақиқат, нафталан маҳаллий анестезиологик хусусиятга эга ва ҳатто қичишишга қарши таъсир кўрсатади! Шу сабабли у билан бўғим ва таянч-ҳаракат аппарати касалликлари муваффақиятли даволанади.
Бунга ревматик полиартрит, шу жумладан, нофаол фазада минимал фаоллик билан Сокольский-Буйно касаллиги, ревматоид артрит, полиартритлар (бруцеллёзли, дизентерияли, вирусли), ўзгарувчан спондилёз, спондилоартроз, подаграли полиартрит, безарар профессионал полиартрит, вибрацион касалликларни мисол қилиш мумкин. Шунингдек, бу ерда бўғим усти касалликлари, жумладан, бурсит, тендовагинит, периартрит, миозит, миальгия, миофасцит касалликлари даволанади. Шифокорлар Бехтерев касаллиги билан оғриган беморларнинг ҳам дардига даво топишмоқда.
Мисол тариқасида псориатик ва ревматоид артритни кўриб чиқайлик. Бундай ташхисда махсус тиббий кўрик ўтказилади ва даволаш буюрилади: нафталанотерапия, электротерапия, гидрокинезитерапия. Энг юқори самарага 14-15 кундан сўнг эришилади.

Асаб касалликлари


Нафталан уларни ҳам даволайди! Уч шохли, энса ва қуймуч нерви невралгияси, қовурға ораси невралгияси, юз, нур, тирсак, сон, катта ва кичик болдир суяги нервлари неврити, бел-думғаза радикулити, елка плексити ва бўйин-елка радикулити – бундай рўйхатга нима дейсиз?!


Мисол учун, қовурға ораси невралгиясида, биринчи навбатда, шифокорлар нервнинг шикастланишига омил бўлган оғриқни қолдирувчи воситаларни қўллашади. Умуртқа бўлимининг кўкрак ва бўйин соҳаси қовурғаси нервларининг табиий физиологик ҳолатини тиклаш учун даволовчи уқалаш, мануал терапия ва гимнастика ўтказилади. Ва албатта, нафталан нефти асосидаги терапевтик курс!

ЛОР-аъзолар касалликлари


Нафталан нефти бактерицид хусусиятга эга. Унинг таркибида бактериофаг ва антибиотик воситаларнинг баъзи ишлаб чиқарувчилари мавжуд. Шу сабабли ушбу мўъжизавий нефтдан шунчаки нафас олиш кифоя ва қарабсизки, тонзиллит, фарингит, ларингит, ринит, синуцид, гайморит, фронтит каби касалликлардан халос бўласиз.

Қўшимчасига...


Нафталан гинекологик ва урологик касалликларни даволашда ҳам ажойиб восита. Бу ерда эркак ва аёллар бепуштлигини даволаш борасида улкан тажриба тўпланган!
Периферик томир касалликлари ҳам Нафталан санаторийларида муваффақиятли даволанади. Бунга Рейно касаллиги, флебит, тромбофлебит, сурункали остеомиелит (зўраймаган пайтда), куйишдан сўнгги келоид чандиқларни мисол тариқасида келтирамиз. Даволаниш аввалида шифокорлар текширув ўтказиб зарур муолажаларни тайинлашади.

Нафталанда ёш болаларни кўриб қолсангиз асло ҳайрон бўлманг, чунки улар учун ҳам энг қулай шароитлар яратилган. Болаларнинг бахтли ҳаёт кечиришларига тўсқинлик қилувчи ревматоид артрит (нофаол босқичда), Стилл синдроми, кичик холера, ДЦП асоратлари, аллергиялар самарали даволанади!

Қарши кўрсатмалар ҳам бор!


Нафталан – табиат мўъжизаси эканлигига қарамай, баъзи ҳолатларни асло инкор этиб бўлмайди.
Санаторий шифокорлари қарши кўрсатмаларни нисбий ва мутлаққа бўлишади. Мутахассислар қуйидаги касалликларнинг ўткир шаклида курортга келишни тавсия қилишмайди: бўғим, гинекологик аъзолар, нефрит ва нефрозлар. Шунингдек, шифокорлар хавфли ва хавфсиз шиш, III даражали гипертоик касалликлар, тебранма аритмия, пароксизмал тахикардия, марказий асаб тизимидаги органик касалликларда, жигар етишмовчилигида, стенокардия хуружида I ва II даражали сурункали юрак томирлари етишмовчилигида, миокард инфаркти, руҳий касалликлар, эпилепсия, тери-таносил касалликларида даволанишдан қайтаришади. Афсуски, ҳомиладор ва эмизикли оналарнинг ҳам даволанишлари тақиқланади.


Биз ушбу мақола Сиз учун фойдали бўлди ва ўзингиз учун зарур маълумотларни олдингиз деб ўйлаймиз. Демак, агар Сиз келтирилган рўйхатдан ўзингизда мавжуд касалликни топган бўлсангиз, Tatil.uz га мурожаат қилинг. Биз барча саволларингизга +99871 200 55 44 рақами ёки Facebook даги саҳифамиз орқали жавоб қайтарамиз. Шунингдек, Telegram-каналимиздан энг қайноқ турлар ҳақидаги маълумотларга эга бўласиз!


Қадрли дўстлар, соғлиқ доим ҳамроҳингиз бўлсин!

Суратда – GARABAG RESORT & SPA 5*.

 

Мақола муаллифи: Александра Терёхина

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top