Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

24-10-2017 18:00

Ушбу кузда Карлови Варига бориш учун беш сабаб

4806

1

Тасаввур қилинг: Сиз бир кичик тинч қаҳвахонада ўтирибсиз, у ерда эса Шуберт ёки Шопен ижросидаги куй таралмоқда...

 

Дераза ортида – кириб келган куз фаслининг ёрқин ранглари: дарахтлар қайсидир бир машҳур рассомнинг буюртмасига кўра қийқимлардан чизилган қизил, қўнғир, сариқ, яшил япроқлар билан безатилгандек. Ушбу бетакрор манзаранинг орқа планида қадимий уйлар ва бинолар ўзгача тароват касб этмоқда.

 

Тор кўча бўйлаб отлари ва аравакаши бор ҳақиқий арава ўтмоқда. Бундай от араваларни Чехияда ҳозиргача учратиш мумкин. Сиз хушбўй қаҳвани ичаётиб Карлови Варига айнан кузда келганингиз қанчалик тўғри бўлганлигини англаб етасиз!

 

Биринчидан, Сиз даволаниш учун келгансиз, куз фаслида эса ҳар қандай муолажа нисбатан осон кечади. Шифокорларнинг тасдиқлашича, бахмал мавсум – иммунитетни ошириш ва соғлиқни мустаҳкамлашнинг айни вақти.

 

Сиз ҳар куни минерал сувлари оқиб турган шифобахш булоқлардан бирига борасиз ва ушбу мўъжизавий оби ҳаётни кичик қултумлаб ичасиз. Шифокор, ўз навбатида, Сизнинг кун сайин соғайиб бораётганингизни уқтириб боради. Ва Сиз Карлови Вари чашмаларининг давоси ва шифокор сўзларининг қанчалик рост эканлигини ҳис қилиб борасиз... Айни пайтда сайёҳлар у қадар ҳам кўп эмас, шу сабабли шошма-шошарлик ва беҳаловатлик ҳам йўқ. Фақатгина дам олиш, хотиржамлик ва соғлиқни тиклаш...

 

Иккинчидан, тоза ҳаво. Ҳар тонг уйғониб деразани очасиз. Майин эсаётган шамол хонангизга киради ва Сиз куч-қувватга тўлаётганингизни ҳис қиласиз.

 

 Бир неча марта чуқур нафа олинг: шифокорларнинг айтишларича, Карлови Варининг мусаффо тоғ ҳавоси – шифо топишнинг калитларидан бири. Шу сабабли Тепла дарёси қирғоқлари ва истироҳат боғлари бўйлаб сайр организмингизга ўзининг ижобий таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Шунинг учун вақтни беҳуда кетказмасдан кўпроқ сайр қиласиз.

 

Учинчидан, бундай кузги сайрлар кўнгил учун ўзига хос байрам деса ҳам бўлади. Тепла дарёси бўйидаги ёрқин уйчалар, ўрмон ва тепаликлар, тор кўчалар, боғлар – куз мавсумида буларнинг бари ака-ука Гримм ёки Шарль Перро китобларидаги эртакларнинг суратини эслатади.

 

Диана номли кузатув минорасига кўтарилиб, пастга қарайсиз. Ўз ҳиссиётларингизни жиловлаш қийин, чунки у ердан кўринаётган манзара хаяжонга солади... Шаҳарда эса куз фасли гулсиз ўтмайди, гулларни бу ерда ҳамма ёқда, ҳаттоки уйларнинг балконида ҳам кўриш мумкин.

 

Тўртинчидан, ҳар бир ўтган кунингизни ёрқин ва қизиқарли ҳодиса сифатида эслаб қоласиз. Боиси Карлови Варидаги куз – бу шаҳарнинг кириб келаётган қиш арафасида қотиб қолиши эмас. Аксинча, бу ерда куз – мазмунли, ёрқин ва турли-туман тадбирларга бой.

 

Фольклор томошалари, анъанавий мусиқа фестивали – Дворжак номидаги машҳур Карлови вари кузи, жаз фестивали ва, албатта, шаҳар театридаги концерт ва спектакллар. Шу сабабли Карлови Варида ўтказган вақтингизни маданий ҳордиқ онлари сифатида ҳам эслаб қоласиз.

 

Ва ниҳоят бешинчидан, куз – дам олиш кунлари Карлови Варидан яқин-атрофдаги Европа шаҳарларига экскурсия саёҳатларини уюштириш ва бунинг билан даволаш муолажаларидан оз муддатга бўлса ҳам дам олиш учун ажойиб фурсат. Сентябрь, октябрь ва ноябрь – саёҳат қилиш учун энг мақбул ойлар, чунки бу пайтда у қадар иссиқ эмас ва сафарингиз осон кечиши шубҳасиз. Швейцария, Франция ёки Германияга ташриф буюриб кузги ажойиботлардан завқ оласиз. Чехия пойтахти Праганинг кузги гўзаллиги ва бетакрорлигини айтмайсизми?!

 

...Сиз Карлови Варидаги кўплаб қаҳвахоналардан бирида хушбўй қаҳва ичишда давом этмоқдасиз. Шу пайт дўстингиз қўнғироқ қилиб қолди. У Сизни саволларга кўмиб ташлайди: совуқ эмасми, иссиқ кийинганмисиз, кечалари совқотмаяпсизми... Сиз суҳбатдошингизни диққат билан тинглайсиз ва барчаси жойида эканлигини айтасиз!

Албатта, ҳозир бўлмаса кейин, уйингизга қайтганингизда Сиз бир-икки марта даволаниш ҳақида буткул унутиб машҳур чех пивоси ва саримсоқпиёзли қовурилган нонлар – чех миллий таомини татиб кўрганингизни, кечки сайрлардан бирида эса салқинликни сезиб шинам ва сокин қаҳвахоналардан бирига кириб машҳур чех гиёҳлари дамламасидан тайёрланган бехеровкани ичганингизни ҳаяжон билан ҳикоя қилиб берасиз.

 

Қачонлардир яқинларингизга Чехиядаги куз ва Карлови Варидаги ёрқин сафар таассуротлари ҳақида кўп марталаб сўзлаб берарсиз. Лекин буларнинг барчаси кейинчалик. Ҳозир эса қаҳвангизни ичиб тугатмоқдасиз. Олдинда яна етти кун ажойиб дам олиш ва даволаниш онлари Сизни кутмоқда. Ортда эса шунинг нақд ярми. Бироқ ҳозирнинг ўзида соғлиғингиз яхшиланиб бораётганини ҳис қиляпсиз. Кўнглингиз беҳад шод ва аъло кайфият ҳукмрон. Унутилмас куз учун Карлови Варига ташаккур!

Мақола муаллифи: Александра Терёхина

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

Олим

Боргим келди,бораман Карло вари га

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top