23-11-2017 16:00
4603
0
Грузиянинг қайси шаҳри соғлиқ учун энг фойдали эканлигини биласизми? Ҳа-ҳа, бу бальнеологик ва иқлимий курорт Боржоми.
Биз Сизларга ушбу курорт масканни таништиришни бошлаган эдик. Бугун эса Боржомининг шифобахш хусусиятлари ҳақида сўз юритамиз.
Кавказда 100 ёш – бу хавотир олиш ёки касал бўлиш учун асос эмас, деб ҳисоблашади. Ҳамма гап эса сувда.
Афсона
Қадим-қадим замонларда ҳозирги Кавказ ҳудуди доимий уруш исканжасида бўлган. Ва фақатгина камтарин Боржоми қишлоғи босқинчилар ҳужумига дучор бўлмаган экан. Атрофдаги сервиқор тоғлар Боржомини қалъа деворларидек ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиб турган. Боржоми номи ҳам айнан шу ердан келиб чиққан, яъни «борж» – қалъа девори» ва «оми» – уруш.
Қандай касалликлар даволанади?
Донишманд грузин оқсоқоллари Боржоми исталган касалликни даволашга қодирлигини таъкидлашади. Бу гап ҳақиқатга қанчалик яқин эканлиги билмадигу, бу ерда бир нечта касалликларга шифо топиш мумкинлигини ишонч билан айта оламиз. Қуйида уларнинг рўйхати келтирилган:
- Сурункали гастрит
- Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси касалликлари
- Жигар ва ўт пуфаги йўллари касалликлари
- Сийдик тош касалликлари
- Сийдик чиқариш ва нафас йўллари касалликлари
- Қандли диабет
- Бўғим ва бириктирувчи тўқима касалликлари
- Оғир жисмоний юкламалар
- Ортиқча вазн ва вазн етишмаслиги
Бу рўйхат тўлиқ эмас. Мисол учун, мана бундай қизиқарли факт мавжуд. Боржомининг шифобахш булоқларидан чиқувчи сув, айтишларича, тишлар учун ниҳоятда фойдали, сабаби унда кариесга тўсқинлик қилувчи фторид ва йодид-ионлар мавжуд экан.
Шунингдек сувдан ингаляция мақсадида, суғориш ва ванналар учун фойдаланилади. Қўшимчасига ушбу сув организмни тозалаш ва иммунитетни кўтаришда ҳам юқори самарага эга, деб ҳисобланади.
Худди шундай сувни дорихонадан сотиб олиб ичса бўлади, дерсиз. Бу ҳам фойдали эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ бу сувни сершовқин шаҳар шароитида, Интернетдан йўриқномасини ўқиб ичиш билан (Сизга айнан шундай режим тўғри келиш-келмаслигини билмай туриб) тоғли ҳудудда мусаффо ҳаво қўйнида шифокорнинг бевосита назорати остида ичишнинг сезиларли фарқи бор.
Боржоми аҳолиси ҳам шуни бот-бот таъкидлайди: шиша идишдан ичган билан булоқнинг ўзидан ичганнинг фарқи дарров сезилади!
Қандай ичиш керак?
Боржомида булоқлар кўп эмас, илиқ ва совуқлари ҳам бор. Улардан энг асосийси Боржоми марказий боғида жойлашган. Исталган одам бу ердан сув олиши мумкин.
Шифокорлар шифобахш сувни илиқ ҳолатда, хона ҳароратида ичишни тавсия этишади. Яхшиси, овқатдан ярим соат олдин ичган маъқул. Шошилмай, бироқ катта қултумлаб. Бир мартада – 150 г дан кўп эмас.
Боржомига бўлажак оналарнинг бориши мумкинми?
Нафақат мумкин, балки шарт! Чунки тоза ҳаво ва сайрлар – ҳомиладорликнинг енгил кечиши учун қулай шароитдир. Бироқ сувнинг ўзини эҳтиёт бўлиб ичмоқ лозим. Бир кунда бир стакандан ортиқ эмас. Боржоми суви токсикознинг қусиш ва жиғилдон қайнаши каби ёқимсиз аломатларидан халос бўлишда ёрдам беради. Бироқ асло берилиб кетиш ҳам ярамайди!
Болаларга-чи?
Болаларга эса у ерга шифокор кўрсатмасига биноан боришлари ва катталарнинг доимий назорати остида бўлишлари талаб этилади. Шу сабабли, Сиз ушбу мақоламизни ўқиб туриб бутун оилангизни Боржоми сувига тўйинтириш истагида ёнаётган бўлсангиз, тўхтанг! Кичкинтойлар учун алоҳида махсус кўрсатмалар ва ичиш вақтлари мавжуд. Энг яхши назоратни эса Боржоми шифокорлари таъминлаб беришади.
Боржоми сувини ичишга қарши кўрсатмалар ҳам борми?
Боржоми булоқлари – бу, биринчи навбатда, дармон бўлиб, албатта, қарши кўрсатмалар ҳам бор. Булар, аввало, тана ҳароратининг ошиши, юрак-қон томир касалликлари, руҳий асаб касалликлари ва бошқ. Энг асосийси, яна бир бор эслатиб ўтамиз, бу – мутахассис назорати.
Нафақат ичиш мумкин
Боржомида шифобахш ванналар қабул қилиш ҳам мумкин. Бу ерда махсус сульфат кислотали илиқ сунъий ҳовузлар ҳам бор. Ҳовуз суви доим, ҳатто январь ва февралда ҳам илиқ. Сувнинг ўзига хос ҳиди борлигини ҳам инобатга олинг.
Яна қандай даволашади?
Сувдан ташқари, шифокорлар бу ерда бошқа методикалардан ҳам фойдаланишади – физиодаволаш, лой билан даволаш (йод-бромли лой), даволаш бадантарбияси, парҳез терапияси ва ҳ.к. Қўшимчасига санаторий ва меҳмонхоналарда уқалаш хизматлари, SPA-марказлар, бассейнлар, спорт заллари мавжуд. Ва энг асосийси, тоза ҳавода сайр!
Ҳаво ва табиат
Булар ҳам муваффақиятли даволанишнинг зарур шартларидан ҳисобланади. Сайрлар нафақат дам олишга, балки тетиклашиш ва ажойиб кайфиятда бўлишга ёрдам беради.
Соғлиқ ўзингиз билан
Бу ерда биз Боржоми эсдалик совғалари ҳақида гап юритмоқдамиз. Мисол учун, Боржоми қирғоқ бўйида ғуддалардан тайёрланган мураббо сотилади. У бактерицид, вирусли, шамоллаш касалликларида ёрдам беради.
Атиргул баргларидан тайёрланган мураббо углевод алмашинувида ниҳоятда фойдали.
Ҳаттоки бу ерда тишлар учун фойдали бўлган қарағай сақичини ҳам сотиб олиш мумкин.
Боржоми курорти мана шундай! Ушбу мақола Сизга ёққан бўлса хурсандмиз. Мустаҳкам соғлиқ ва ажойиб кайфият доим ҳамроҳ бўлсин!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz