Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

ҚАЕРГА БОРИШ МУМКИН

Агар сиз хорижий мамлакатга саёҳатга боришга қарор қилган бўлсангиз, бунга пухта ҳозирлик кўришингиз керак бўлади. Сафар учиб бўлмайдиган об-ҳаво шароити туфайли бекор қилиниши эса жуда ачинарли ҳол. Ҳордиқдан тўлиқ завқ олиш учун сайёҳлик мавсумларидан аввалдан бохабар бўлмоқ зарур. Ўз сафарингиз учун тўғри ойни танлаб, сиз ўзингиз ва яқинларингизга қувончли, завқли ва хотиржам дам олишни тақдим этган бўласиз.

Январ

Узоқ кутилган январь таътилини турли йўллар билан ўтказиш мумкин. Қишда ёз кайфиятига шўнғимоқчи бўлганлар учун Мальди ороллари, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Малайзия ва Араб Амирликлари пляжлари мукаммал танловдир. Январь об-ҳавоси Миср ва Непал бўйлаб саёҳат қилиш учун мақбул. Дунё бўйлаб кўплаб сайёҳларни жалб қилувчи Сингапурнинг сершовқин байрамлари айнан шу вақтга тўғри келади. Январда сирли Таиланд ўзининг бор кўркию энг хушманзара жойларини намойиш қилишга шай. Бу даврда мамлакатда илиқ ҳаво ва минимал даражадаги намлик ҳукмрон. Оппоқ тоғ-чанғи қияликлари ишқибозлари унутилмас адреналин инлинжида Швейцария ёки Австриянинг тоғ-чанғи курортларига сафар қилишлари мумкин.

Феврал

Февралда Араб Амирликларида ҳали у қадар иссиқ эмас, шу сабабли бу вақт офтобда тобланиш ва пляжда дам олиш учун қулай фурсат. Малайзия, Ҳиндистон ва Таиланд курортлари қишда ёз эртагига тушиб қолиш учун ажойиб имконият. Дайвинг – Мальдив ороллари қирғоқларидаги гўзал океан тубига сайёҳлик мавсумининг энг қизғин палласида мароқли саргузаштларни тақдим этиши шубҳасиз. Сингапурдаги қулай иқлим февралдан бошқа ойларда ҳам яхши дам олиш учун имкон яратади. Бу ерга йилнинг исталган вақтида ташриф буюриш мумкин. Бу ойда сайёҳлар учун завқ олишнинг асосий манзили сифатида қадимий Мисрнинг ўзига тортар гўзалликлари гавдаланади. Луксор, Қоҳира ва бошқа тарихий ёдгорликлар бўйлаб саёҳат бу пайтда илиқ об-ҳаво билан бирга кечади. Бордию сиз қор билан қопланган тоғлардаги экстремал дам олишни маъқул кўрсангиз, Болгария, Швейцария ва Австриянинг курортларига эътибор қаратишингизни маслаҳат берамиз..

Март

Март – Италия ва Германия бўйлаб саёҳат қилиш учун ажойиб фурсат. Ўрта асрларга оид қалъа ва саройлар, қадимий бунёдкорлик намуналари ва шунчаки ҳушманзара табиат сизнинг хотирангизда узоқ вақт сақланиб қолиши турган гап. Баҳорнинг бошланиши – Таиланд, Шри-Ланка ва Малайзияда пиёда сайр ҳамда пляжда сайр қилиш учун қулай давр. Ҳиндистон курортлари учун эса март – бу қуёшда тобланиб қолишга улгуриш учун охирги имконият, боиси бу ой Ҳиндистонда ёғин-сочин деярли бўлмайдиган сўнгги ой ҳисобланади. Мальдив оролларида йилнинг бу пайтида ҳар доимгидан кўра баҳаво шароит ҳукмрон. Баҳорда Бирлашган Араб Амирликлари ва Миср илиқ сув, меъёрда нур сочувчи қуёш ҳамда янгиланаётган табиат манзаралари билан киши кўзини қувонтиради. Мартда Сингапур ҳар доимгидан кўра ўз жозибасини намоён этиш тараддудида: тарихий ибодатхоналару ажойиб баҳор ҳавоси ва иштаҳани қўзғатувчи миллий таомлар ҳар бир ташриф буюрувчининг ёдида умрбод сақланиб қолса, ажабмас. Баҳорнинг бошланиши Жанубий Корея бўйлаб саёҳат қилиш учун ҳам қулай фурсат. Агар сиз анчадан буён Непалга боришни режалаштириб юрган бўлсангиз, буни март ойида амалга оширишингизни таклиф қиламиз..

Апрел

Ёмғирли даврни ортда қолдириб, апрель ойида Бали ороли ўзининг дам олиш мавсумини очади. Иссиқ мавсум, ям-яшил тепаликлар ва қумли сув бўйи соҳиллари – буларнинг барчаси таътил ҳамда тўй саёҳатини амалга ошириш илинжида бўлганлар учун ажойиб имконият. Ушбу ойда Германияда Баҳор байрами ўтказилади ва бу байрам сайр-томошаларга бойлиги билан ажралиб туради. Япония бу вақтда машҳур пушти сакуранинг гуллаши билан меҳмонлар эътиборини тортади. Мазкур ноёб ва мафтункор табиат ҳодисасини бевосита томоша қилиш учун кунчиқар юртга бутун дунёдан сайёҳлар тўпланишади. Баҳорнинг қоқ ўртасида Араб Амирликлари ва Мисрга саёҳат нафақат пляжда дам олишни севувчилар учун, балки қизиқувчан сайёҳлар учун ҳам ажойиб танлов. Сингапурнинг хушманзара масканлари, сиру синоатга бой Малайзия ва экзотик Мальдив ороллари айнан апрель ойида ўзининг бор кўркини намоён қилади. Италия ва Англиядаги мўътадил об-ҳаво сайёҳларга Европа урф-одатлари ва маҳаллий маданият билан яхшироқ танишишга имконият яратади. Қачонлардир етиб бўлмас ҳисобланган Тибет баҳорда сизларга унутилмас саёҳат қилишингиз ва ўзингиз учун кўплаб янгиликларни кашф қилишингизни таклиф қилади.

Май

Май ойини ҳақли равишда Европа давлатлари бўйлаб саёҳат қилиш учун энг қулай вақт деб ҳисобласа бўлади. Италия ва Чехиянинг тош йўлли кўчалари Англия ва Германиянинг ўрта асрларга оид қасрлари, Франция ва Австриянинг романтик обидалари илиқ об-ҳаво туфайли янада кўркамлашади. Май – Швейцария ва Болгарияда дам олиш мавсумининг бошланиши. Муҳташам яшил тепаликлар ва мусаффо тоғ ҳавоси кундалик ташвишлардан халос бўлишга ва соғлиғингизни тиклашга ёрдам беради. Ғарбий Еропанинг митти қисми – афсонавий Люксембург Герцоглиги баҳор сўнггида ёрқин рангларга бурканади. Жўшқин Испания майда унутилмас таътил учун оммабоп манзилга айланади. Сирли Тибет эса бу вақтда ҳали ўрганилмаган ҳудуд маданиятини тадқиқ қилиш истагида бўлганлар учун ўз эшикларини очади. Хитой ва Жанубий Кореяда экскурсион саёҳатлар учун қулай об-ҳаво шароити ҳукмрон. Пляж таътилини хуш кўрувчилар Индонезия, Малайзия, Сингапур ёки Бали оролига саёҳатни буюртма қилишлари мумкин. Май – Араб Амирликлари ва Мисрнинг денгиз бўйларида экскурсия ва дам олишни бирга қўшиб ўтказиш учун энг сўнгги қулай ой.

Июн

Июнда Европанинг кўпчилик мамлакатлари мароқли саёҳат учун қулай қитъа ҳисобланади. Шенген визаси имкониятларидан фойдаланиб Чехиянинг кўприк ва қирғоқларида сайр қилиб бўлгач, тўғридан-тўғри Германияга сафар қилиш мумкин. У ерда сизни ўрта асрлар иморатлари ва сирли ўрмонлари кутиб турибди. Шунингдек, ўз сайёҳлик рўйхатингизга нафис Франция ва жозибали Англияларни ҳам қўшиб қўйишингиз мумкин. Яшил боғ-роғлар, хушбўй пишириқхоналар, ҳашаматли музейлару афсонавий обидаларнинг гўзаллиги ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бу вақтда Швейцария, Австрия ва Люксембург бўйлаб уюштирилувчи саёҳатлар қулай об-ҳаво туфайли кишига завқ бағишлайди. Ёзнинг қоқ ўртасида Жанубий Кореяга ҳам сафар айлашингиз мумкин. Индонезияда, хусусан, Бали оролидаги юқори намликка қарамай, йилнинг бу вақти тобланиш ва чексиз океанда чўмилиш учун айни фурсати. Италия ва Туркияда ёзда харидларни севувчиларни ўзига жалб қилувчи узоқ кутилган олди-сотди мавсуми бошланади. Ёзда қизиқарли саёҳатлар, қувноқ кайфият ва денгиз ҳавоси шинавандаларини Испания ва Португалия соҳилларида дам олиш онлари кутиб турибди.

Июл

Июль – Францияга саёҳат қилиш учун мукаммал ой. Бу ойда Парижда Мода ҳафталиги ўтказилиб, кўплаб янги кийим-кечаклар намойиш этилади. Швейцарияда июль бошларида одатда замонавий мусиқа концерти бўлиб ўтади. Ёз ўртасида Болгария ва Чехия курортлари бир маромдаги оилавий дам олишни хуш кўрувчилар учун мукаммал танлов. Италия ва Германиядаги иссиқ об-ҳаво Европанинг энг хушманзара масканлари бўйлаб саёҳат қилиш учун асло халақит бермайди. Англия, Австрия ва Люксембургда ҳаво ҳарорати табиат қўйнида дам олиш учун аъло даражада мос келади. Бу ойда қайноқ Испания – исталган дам олиш тури учун ажойиб сайёҳлик манзили. Туркия бутун ёз мавсуми давомида энг оммабоп сайёҳлик йўналиши ҳисобланади. Асл таом шинавандаларини Сингапур кенг қамровли ошпазлик кўрик-танловлари билан хурсанд қилади.

Август

Августда Австрия ва Швейцария – оилавий ҳордиқ учун ажойиб вақт. Кундузги ҳарорат ушбу мамлакатларда 30 градусдан пасаймайди. Германияда ушбу даврда ёзги кийим-кечак сотувлари ва кўнгилочар фестиваллар бошланади. Люксембургда сайёҳларни улкан ярмарка ва ҳар йилги кўча театри намойишлари кутиб турибди. Бу ойда Италия ва Англиядаги об-ҳаво ҳам сайр қилиш, ҳам денгизда чўмилиш учун ниҳоятда қулай. Болгария ёзнинг сўнггида пляжда дам олишни хоҳловчилар учун мукаммал танлов. Бордию сиз Францияга боришни орзу қилиб юрган бўлсангиз, август – шаҳарни айланиш ва мовий соҳиллар бўйида дам олиш учун мувофиқ ой. Чехияда эса бу пайтда сайёҳлик мавсуми илиқ об-ҳаво билан бирга кечади. Испания ва Туркия соҳилларида ҳали ҳамон ниҳоятда иссиқ. Малайзия ва Сингапурнинг экзотик курортлари ёз охирида меҳмонларни тиниқ осмон ва илиқ денгиз тўлқинлари билан хурсанд қилади. Сирли Индонезия ва Бали оролида ёз ва кузги мавсумлар тўқнаш келган жойда иқлим шароитлари пляжда дам олиш учун қўл келиши шубҳасиз. Тадқиқот сафарлари ва тоғ манзаралари кўркини хуш кўрувчилар августда Тибетни забт этишга тайёргарлик кўраверишлари мумкин.

Сентабр

Сентябрь – Чехия, Франция, Австрия, Люксембург ва Англиянинг тарихий обидалари бўйлаб саёҳат ва қулай об-ҳаво шароитидан баҳраманд бўлиш учун мавсумнинг сўнгги ойи. Денгиз қирғоқлари, енгил шабада ва майин қуёш нурларини орзу қилувчилар кузнинг бошида Индонезияга, жумладан Бали орлига сафар қилишлари мумкин. Мисрда жазирама қуёш бироз юмшайди ва қулай пляжда дам олиш онлари бошланади, бу вақтда Туркияда сайёҳлик мавсуми секин-асталик билан ўз якунига етади. Малайзия ва Сингапур курортлари сув ва ҳавонинг мақбул ҳарорати билан келганларни шод қилади. Испанияда ҳарорат ҳали ҳануз ёзги, аммо жазирама иссиқ бироз пасайган. Сентябрда Хитойдан Тибетга йўналиш бўйлаб ажойиб саёҳатни амалга ошириш мумкин. Агар сиз бу ойда Жанубий Кореяга ташриф буюрсангиз, Ой ҳосили ва миллий корейс байрамида бевосита иштирок этасиз. Маданий-маърифий дам олишни истовчиларга сентябрда Германияни бориб кўришни маслаҳат берамиз. Бу ойда у ерда турли-туман мусиқий концертлар, кўргазмалар ва маданият фестиваллари бўлиб ўтади.

Октабр

Октябрь Германияга саёҳат қилиш учун йилнинг сўнгги қулай фурсати. Ушбу муддатда бироз совуқ ва серёмғир бўлишига қарамай, бу сайёҳларга машҳур фестиваллар, мисол учун Октоберфестга ташриф буюриш учун тўсиқ бўлолмайди. Сентябрдаги тайфунлардан сўнг октябрда Япония табиат томонидан моҳирлик билан чизилган қизғиш-тилларанг манзарани эслатади. Куз ўртасида Миср ва Туркиянинг қумли пляжларида, шунингдек, Индонезиянинг Бали оролида тобланиш мумкин. Октябрда Сингапур ва Амирликларда ҳаво ҳарорати 35 дан ошмайди, бу эса сайёҳларга нафақат океанда чўмилиш, балки ушбу мамлакатларнинг диққатга сазовор жойларини кўздан кечиришга имкон яратади. Октябрь – Хитой ва Тибет бўйлаб саёҳат қилиш учун ажойиб танлов. Бу ойда кўпчилик қизиқувчи сайёҳлар учун Ҳиндистонга ташриф буюриш ва маҳаллий диний байрамларнинг нишонланишини бевосита томоша қилиш қизиқ бўлиши мумкин. Қўшни Непалда эса бу пайтда треккинг ва саёҳат учун қулай об-ҳаво ҳукмронлик қилаётган бўлади. Жанубий Кореяда бу ойда турли озиқ-овқат фестиваллари ва давлатнинг ташкил топиши байрами ўтказилади.

Ноябр

Ноябрда бизнинг ҳудудда булутли куз ҳукмронлик қилади, айни пайтда Бирлашган Араб Амирликлари, Миср ва Сингапурда қулай сайёҳлик мавсуми давом этади. Мазкур ойда жаннатмакон Бали оролида дам олиш учун сўнгги имконият мавжуд. Ноябрь Япония бўйлаб саёҳат қилиш учун охирги қулай муддат бўлиб, шундан сўнг мамлакатни баҳоргача ёғингарчилик қамраб олади. Кузнинг сўнгги ойи Таиландда қуруқ ҳаво ҳукмронлиги ўрнатилади. Бу вақт тадқиқот саёҳатлари ва пляжда дам олиш учун маъқул фурсат. Дайвинг, маржон рифлари ва экзотик балиқлар ихлосмандлари учун Мальдив ороллари сайёҳлик мавсуми эшикларини очади. Бу ойда Ҳиндистонда ажойиб об-ҳаво кузатилади ва беш кун давом этувчи Дивали – олов фестивали ўтказилади. Қўшни Непалда ҳам иқлим шароитлари кундалик муаммолардан дам олиш учун қулай фурсатни тақдим этади.

Декабр

Декабрда бизнинг ҳудудда қиш, Ҳиндистон соҳилларида эса бу пайтда пляж мавсуми очилади. Непалда қиш ўзининг энг қизғин палласида, лекин, шунга қарамай у ерда доим қуёш чарақлаб туради. Декабрда Сингапурда улкан байрамлар ва сайр-томошалар бошланади. Бу давр Қоҳира ва Луксор бўйлаб унутилмас саёҳатларни амалга оширган ҳолда Мисрнинг қадимий цивилизацияси билан танишиш учун қулай фурсат. Қадимий иморатларнинг замонавий бинолар билан уйғунлиги Бирлашган Араб Амирликларининг ўзига хос жиҳати. Қишнинг дастлабки ойида бу ерда ҳаво ҳарорати 20 дан 30 градусгача ўзгариб туради, бу эса, ўз навбатида, саёҳатни севувчилар учун шаҳарларнинг архитектура ранг-баранглигидан хотиржам баҳраманд бўлишга ва пляжда заррин қуёш нурлари тафтида ором олишга имкон беради. Мабодо сиз Таиланд ва Мальдив ороллари соҳилларида таътилингизни ўтказишни истасангиз, декабрда қўрқмасдан ушбу экзотик давлатларга саёҳат қилаверинг. Ушбу муддат майин қуёш нурлари ва ёғингарчиликнинг кузатилмаслиги билан ҳам эътиборлидир. Декабрь – Шри-Ланкага саёҳат қилиш учун қулай фурсат. Харобага айланган шаҳарлар, яшил ўрмонзорлар ва илиқ Ҳинд океани хотиржамликка берилиш учун ажойиб имкониятдир.

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top