23-10-2018 16:56
2144
0
Вена – бу ҳар бир бурчаги тарихга эга Европанинг энг чиройли шаҳарларидан бири. Вена – бу буюк бастакорлар туғилган ва ўзалрининг буюк асарларини яратган маданият маркази. Бу саройлар, баллар ва мазали десертлар, музейлар, парклар ва бетакрор обидалар шаҳри.
Бугунги кунда Вена – бу бой иқтисодиёт ва ривожланган сайёҳлик инфратузилмасига эга сайёҳлар учун энг қулай шаҳарларидан бири. Венада ҳаёт сифати юқори. Биз Вена аслида қандай ва Австрия пойтахтида ўзбек сайёҳларининг харажатларини ҳисоблаб чиқишга қарор қилдик.
Австриянинг расмий пул бирлиги – евро – €. Бугунги кунда 1 евро – бу 9470,71 сўм, уни умумийлаштириб 9500 сўм деб оламиз, яъни 100 евро – бу 950 000 сўм.
Истиқомат қилиш
Вена 23 та районга бўлинган. Бир райондан иккинчисига транспорт орқали қулай ҳаракатланиш мумкин. Вена маркази сифатида кўплаб тарихий обидалар тўпланган Ички шаҳар тилга олинади. Шу ернинг ўзида кўплаб замонавий бутиклар, заргарлик ва антиквар дўконлар, шунингдек, кафе ва ресторанлар жойлашган. Бу район яшаш учун энг қимматларидан бири ҳисобланади. Агар сиз сайёҳ бўлсангиз ва бир сафарнинг ўзида кўпроқ тарихий обидаларни кўришни хоҳласангиз, шу ерга жойлашганингиз маъқул.
Агар арзонроқ вариантларни қидираётган бўлсангиз, шаҳарнинг марказий қисмидаги хостеллардан бирида тўхталишингиз мумкин. Жумладан, 4-Виден районида Do Step Inn Central хостели жойлашган бўлиб, у Вена шаҳар парки, Муқаддас Стефан черкови ва Вена давлат операсига яқин жойлашган. Бир кеча учун бу ерда 18 евро (171 000 сўм)дан бошлаб (сана ва танлаган хонангизга қараб) тўлайсиз. Бу ёшларбоп хостел эканлигини таъкидлаш жоиз.
Шаҳар марказидаги Hostel Lugeck хостели эса бироз қимматроқ: бир кеча учун камида 53 евро ёки 503 500 сўм. Бу ердан шаҳарнинг тарихий қисми кўринади! Бироқ нонушталар ҳисобга киритилмаган, шу сабабли ўз ёнингиздан нонушта қиласиз.
Агар меҳмонхонада яшашни хоҳласангиз, турли вариантларни топишингиз мумкин. Мисол учун, Ғарбий темирйўл вокзали ёнидаги Boutiquehotel Stadthalle эко-бутик-меҳмонхонадаги хона тахминан 90 евро (855 000 сўм)га тушади. Бу, албатта, марказ эмас, аммо меҳмонларга мазали нонушта тортиқ қилинади. Яна бу ерда қишки боғ ва очиқ ҳаводаги яшил воҳа бор.
Венадаги сафарингиз вақтида беш юлдузли меҳмонхонада истиқомат қилишни истасангиз, «люкс» меҳмонхона – Radisson Blu Style Hotel (бир киши учун бир кунга 250 евро ёки 2 375 000 сўм)га хуш келибсиз!
Ёки Le Meridien (бир киши учун бир кечага 480 евро ёки 4 560 000 сўмдан бошлаб) меҳмонхонасига марҳамат.
Таом
Яна бир муҳим масала – бу овқатланиш! Венада исталган вариантни топишингиз мумкин. Эҳтимол, анъанавий Вена таомларини татиб кўришни истарсиз?
Махсус рецепт бўйича унга ботирилган бузоқ гўшти, тухумлар ва қотирилган нонлардан тайёрланувчи машҳур Вена шницелини 15 евро (142 000 сўм)дан бошлаб татиб кўришингиз мумкин.
Вена қаҳвасини тахминан 5,40 евро (51 000 сўм)га ичиб кўрасиз.
Қаҳвага олмали штрудель 5,50 евро (52 000 сўм) туради.
Бир Вена вафлиси – 0,49 евро (4 600 сўм).
Умуман, оддий ресторандаги тушлик (бир порция шўрва, иккинчи таом ва салатни ўз ичига олувчи) 12-17 евро (114 000 – 161 000 сўм) бўлади.
Кечки овқат бироз қимматроқ. Бунда 20-25 евро (190 000 – 237 000 сўм)нинг баҳридан кечишингизга тўғри келади.
Венада McDonald’s да овқатланиш қиммат эмас, бунда 5-7 евро (47 000 – 66 000 сўм)га тўйиб овқатланишингиз мумкин.
Транспорт
Вена ривожланган жамоат транспорти тизимига эга. Унга автобус, трамвай, метро ва тезюрар поездлар киради. Бундан ташқари, яқин атрофдаги районларга электричкалар ҳаракатланади.
Барча турдаги жамоат транспортида йўл кира ҳақи бир хил. Чипталарни касса ёки темир йўл станцияларидаги махсус автоматларда, метрода ёки автобус ва трамвай бекатларида харид қилишингиз мумкин.
Бир марталик чипта 2,20 евро (20 000 сўм) туради. Бир ҳафталик чипта 16,20 евро (154 000 сўм), 48 ва 72 соатлик чипталар эса 13, ва 16,50 евро (126 000 – 156 000 сўм)га тенг.
Кўнгилочар томошалар
Вена – бу тарихга қизиқувчи, санъат ва адабиёт, мусиқа ва рассомчиликка қизиқувчиларнинг орзуси. Шу туфайли шаҳарнинг асосий диққатга сазовор жойлари – булар музейлар, концерт заллари, кўргазмалар, галерея ва саройлардир.
Мисол учун, Моцарт уйида буюк бастакорнинг нафақат қандай яшаганини кўришингиз, балки ажойиб концертнинг гувоҳи ҳам бўлишингиз мумкин (10 евро ёки 95 000 сўм).
Ҳайкаллар, фавворалар, шаҳзода қароргоҳи ва машҳур санъат галереясини ўз ичига олувчи Бельдевер архитектура-парк ансамблига йўл олиб, чўнтагингизда камида 20 евро (190 000 сўм)га эга бўлишингиз керак.
Мусиқа тинглашни ёқтирасизми? У ҳолда албатта Вена давлат операсига ташриф буюринг. У ерга кириш чиптаси жойига қараб бир киши учун 11 дан 228 еврогача (104 000 – 2 166 000 сўм) туради. Агар туриб эшитишга ҳам тайёр бўлсангиз, 3 евро сарфлайсиз.
Классик мусиқа концертини ўртача 33 евро (313 000 сўм)га эшитасиз. Бироқ кўпинча бепул кечалар ҳам уюштирилиб, шунчаки афишаларни кузатиб боришингиз лозим бўлади!
Бу биз Австрия пойтахти ҳақида сўзлаб беришимиз мумкин бўлганларнинг бир қисмигина, холос. Уумид қиламизки, ушбу мақоламиз сизларга манзур бўлди!
Кўриб турганингиздек, Австрияга мустақил саёҳат қилишингиз мумкин, лекин Tatil.uz билан у ерга бориш арзон ва ишончлироқ! «Европада Рождество» туримизни кўздан кечиринг, унинг доирасида Венага сафар ҳам режалаштирилган! Ушбу туримиз сизга ёқади ва у ерга боришни истаб қоласиз, деган умиддамиз! Бизга +99871 200 55 44 рақамига қўнғироқ қилинг. Шунингдек, бизни Facebook ва Telegram да изланг!
P.S. Нархлар умумийлаштирилган ҳолда кўрсатилган бўлиб, валюта курсига боғлиқ ҳолда ўзгариб туриши мумкин.
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz