16-08-2018 17:00
2344
0
Сентябрь ҳам яқинлашиб қолди. Бу Мустақиллик байрамига бағишланган кунларга ҳам тобора оз вақт қолганини билдиради. Бордию ушбу ёзда Сизнинг таътил олишга вақтингиз бўлмаган бўлса, келаётган беш дам олиш куни – саёҳат қилиб ҳордиқ чиқариш учун ажойиб фурсат! Беш кун ичида бунга улгуриб бўлмайди, дейсизми? Улгурасиз! Қуйида буни қандай амалга ошириш мумкинлиги ҳақида сўзлаб берамиз.
Чипта олиб...
1-кун.
Озарбайжонга йўл олиш мумкин! Тошкентдан Бакугача бор-йўғи 2 соатлик парвоз, шу сабабли чарчаб қолишга ҳам улгурмайсиз. Вақтни бекор кетказманг ва меҳмонхонага жойлашибоқ шаҳарни айланишга тушинг!
Фикримча, ишни маҳаллий таомларни ўрганишдан бошлаган маъқул. Бунда нонушта ва тушликни бирданига қилишингиз мумкин. Махсус халқона рецепт бўйича қовурилган масаллиқли пирожки – кутобни татиб кўринг. Сизга қовоқлисини тавсия қиламиз, улар ниҳоятда ширин! Чойни ҳам унутманг, чунки Озарбайжонда чой – алоҳида урф!
Тарихий Баку бўйлаб экскурсияга улгурмадик, сабаби у эрталаб бошланади. Шу боис шаҳарни мустақил айланаверинг! Буни қирғоқбўйи хиёбонидан бошлашни маслаҳат берамиз!
Баку романтикасига бурканиш учун «Кичик Венеция»да (бу ерда шундай жой ҳам бор!) қайиқда сайр қилиш мумкин.
Гиламлар музейига албатта кириб ўтинг.
Оқшом тушиши билан томоша чархпалагида тунги Бакуни кузатинг. Ўзгача кўриниш касб этувчи Алангали минорадан кўзингизни узолмай қолишингиз ҳам ҳеч гапмас!
2-кун.
Тонг. Нонушта. Экскурсияга йўл олишнинг айни пайти. Экскурсияни гид Чўрилар минораси ва Ширвоншоҳлар саройи тарихи ҳақида сўзлаб берувчи Эски шаҳардан бошлаш лозим.
Баку бўйлаб сайр «Бриллиант қўл» фильмидаги кўчага олиб бориши турган гап. Ўша машҳур «Жин урсин!» ибораси эсингиздами? Қизиғи, кўча ҳам шундай номланади!
У ердан Давлат байроғи майдони ва Ҳайдар Алиев марказига йўл олиш мумкин.
3-кун.
Қадимги Озарбайжон тарихи билан танишишда давом этамиз ва Ғобустон қўриқхонаси ҳамда музей комплексига йўл оламиз. У Бакудан 60 километр узоқликда жойлашган, шу сабабли у ерга бориш ва қайтиш бир кунлик вақтингизни олади. Қулай пойабзал ва кийим кийиб олганингиз маъқул, чунки кўп юришингизга тўғри келади!
Бу ерда лойли вулқонлар, қояга ўйилган суратларни кўрасиз. Сўнг Оташгоҳ Янарда номли оловга сиғинувчилар ибодатхонаси жойлашган Оловли қояга чиқасиз. Биби Ҳайбат масжидига ҳам кирмай илож йўқ.
4-кун.
Бу кунни шопингга бағишланг, чунки Бакуда шопинг – бу ўзига хос анъана. Бу ерда харидлар қилиш нафақат фойдали, балки завқлидир!
Низомий Ганжавий номли энг узун ва чиройли кўчага ташриф буюринг, у бир вақтлар савдо кўчаси бўлган.
Бакуда турли брендларнинг кийимларини топишингиз мумкин бўлган бир нечта савдо марказлари бор. Ganjlik Mall (Ганжлик Молл), Port Baku Mall (Порт Баку Молл), Park Bulvar (Парк Бульвар), Metropark (Метропарк), 28 mall (28 Молл) – кунингиз харидлар билан қандай ўтиб кетганини сезмай ҳам қоласиз!
5-кун.
Афсуски, ҳар бир яхши нарсанинг ўз интиҳоси бор. Ҳайдар Алиев номли аэропортга кетаётиб йўл-йўлакай ушбу бетакрор шаҳарнинг кўчаларини яна бир карра томоша қилинг...
Самолётдан туриб унга яна бир бор назар ташланг.
Ичингизда «Баку, кўришгунча» денг, чунки Баку билан хайрлашиб бўлмайди, шунчаки «Яқин орада кўришамиз!» дейилади!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz