30-01-2018 18:00
2564
0
Ваъда берганимдек, Цюрихдаги кичик саргузаштим ҳақидаги мақоламни давом эттираман.
Ўзимнинг келаётган икки кунимни режалаштиришни бошладим. Бироқ ҳаммаси мен ўйлагандек кетмади. Ўша ерликлардан бири гидимиз этиб тайинланди ва бахтимга, у Цюрихдаги танишимнинг ўртоғи эди.
Биринчи навбатда бизни тушликка таклиф қилишди, бироқ биз рад этдик, боиси қорнимиз оч эмас эди (биринчи мақоламда ўзимнинг озиқ-овқат захирам ҳақида ёзган эдим).
Ушбу шаҳарни тезроқ ўрганишни хоҳлаётган эдим. Аммо бунда аввал танишимнинг уйига бориб, оғир юкларимни қолдиришим керак эди. Бутун шаҳарни айланиб чиқа олмадик, шундай бўлса-да, гидимизнинг гапларига қараганда, у энг асосий жойларни кўрсатган эди. Автобусдан, адашмасам 4-трамвайга ўтирдик ва унда асосий вокзалга етиб олдик, ўша ердан эса пиёда юришимизни давом эттирдик.
Қуёш, тор кўчалар, кўплаб сайёҳлар ва зинапоялар. Ҳа, жуда кўп зинапоялар. Шаҳар қияликка қурилган, шунинг учун доим тепага чиқиб пастга тушишга тўғри келди (бу юрак учун ажойиб машғулот бўлди!) Шаҳарнинг бор гўзаллиги ҳам шунда эди: қанча зинапоядан чиқиб-тушма, сен доим чўққида турасан!
Биз ушбу тор кўчалар бўйлаб кўп юрдик ва ниҳоят Гроссмюнстер черковига етиб келдик. Цюрихлик дўстимизнинг айтишича, ушбу черковнинг қурилиши узоқ 1090 йилда бошланган экан. Уни Цюрихнинг тимсоли деса ҳам бўлади. Ичкарига кира олмадик, боиси черков ёпиқ эди – у соат тўртгача ишлар экан (олдинга ўтиб шуни айтишим мумкинки, мен кейинги куни барибир ушбу минорага чиқдим). Ва биз сафаримизни давом эттирдик.
Сўнгра биз Швейцария федерал технологик институтига йўл олдик. У ердан Цюрихнинг ажойиб манзарасини томоша қилиш мумкин эди. Энг қизиғи, биз томда турган бўлсак-да, шу пайтнинг ўзида ерда туриб шаҳарнинг бетакрор архитектурасини кўздан кечирардик.
Кейин марказий майдонга бордик. У ерда эртаси куни ўтказиладиган фестивалга тайёргарлик авжида эди (бу ҳақда кейинги мақоламда батафсил сўзлаб бераман).
Йўл юравериб бироз чарчадик ва қорнимиз ҳам очди, лекин тушлик учун уйга кетишдан олдин Цюрих кўли қирғоғи бўйлаб сайр қилишга қарор қилдик.
4-рақамли трамвайимиз келди: бу овқатланиб ва бироз дам олиб кейинги куннинг тадоригини кўриш вақти келди дегани эди. Бироқ бу ҳақда келаси сафар албатта сўзлаб бераман.
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz