18-09-2018 17:15
2285
0
Яқинда Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан дунёдаги энг кўп сайёҳлар ташриф буюрувчи давлатлар рейтинги эълон қилинди. Биз ушбу рўйхатнинг энг юқори беш поғонасини эгаллаган давлатларга эътибор қаратишни лозим топдик ва ушбу ҳафтада улар ҳақида кетма-кет сўз юритамиз! Демак, бугун 5-ўринни эълон қиламиз ва унда... Ҳа! Бетакрор, ақл бовар қилмас Италия! Бир йил ичида у ерга 58 миллион сайёҳ ташриф буюрди!
Италиянинг машҳурлиги қайсидир бир омилга боғлиқ эмас. Италия – тарих, ранг-баранглик, турмуш, маданий ёдгорликлар, қизиққонлик ва урф-одатлар, жумладан пазандалик анъаналари уйғунлигидир! Бироқ бугун биз Римнинг нақадар чиройли эканлиги ёки Флоренция ажойиботлари ҳақида сўзламаймиз. Биз борди-ю Италияга бориб қолсангиз НИМАЛАР ҚИЛИШ КЕРАК ЭМАСЛИГИ ҳақида сўз юритамиз!
Сафарни ёзга режалаштирмоқ
Ёз – Италияда тўғри ва кўчма маънода энг қайноқ мавсум. Ёзда бу ерга миллионлаб сайёҳлар келишади ва шундан меҳмонхонада яшаш ва таомлар нархи кескин кўтарилиб кетади, экскурсияларга ҳам бориш мураккаблашади! Агар у ерга кузда ҳам бориш имконияти бўлса, нега воқеалар ривожини шошилтириш керак?! Италияда куз бетакрор, ёрқин, илиқ! Демак, Италияга сафарингизни кузга режалаштиринг!
Тушлик маҳали экскурсияга бориш
Агар ухлашни яхши кўрсангизу, бироқ Италияда таътилингизни унутилмас тарзда ўтказмоқчи бўлсангиз, бу одатингиздан вақтинчалик воз кечиб туришингизга тўғри келади. Эрталабдан ҳаммаёқда навбат камроқ ва, шундай экан, барчасини диққат билан ва батафсил кўришингиз мумкин. Шунингдек, эрта тонгдан кўришингиз лозим бўлган жойлар ҳам бор! Мисол учун, Треви фаввораси ёки Испан зинасига яхшиси эрталаб боринг.
Бу пайтда у ерда ажойиб манзараларни суратга олиш имконияти бор. Колизей, мисол учун, кун ботар пайтда бетакрор кўриниш касб этади!
Сайёҳлик жойларида овқатланиш
Аслини олганда, агар сиз Колизей ёки Пантеон олдида суратга тушишни истасангиз, бу ишни апероль – замонавий итальян коктейли билан қилганингиз маъқул.
Бироқ итальян таомларининг ҳақиқий мазасини маҳаллий аҳоли ейдиган жойда ҳис қиласиз. Бу машҳур ресторан бўлиши шарт эмас, оддий емакхона ҳам бўлаверади! Баъзан оддий жойларда шундай таомлар тайёрлашадики, мазаси бир умр оғзингизда қолади!
Яхшиси, фаст-фуд ҳақида эсдан чиқаринг: уни сиз исталган ерда ейишингиз мумкин! Италияда эса итальян таомларини ейиш керак! Паста Рим ва Венецияда турлича тайёрланади.
«Нотўғри» қаҳва ичиш
Италия – эспрессо ватани, шу сабабли фақат шу қаҳвани итальянлар «тўғри» қаҳва ҳисоблашади ва кунига камида икки марта – эрталаб ва кечки овқатдан сўнг ичишади. Бир финжон қаҳвага мазали итальян круассани – корнетто тортиқ қилинади.
Таксида юриш
Йўқ-йўқ, биз сизни таксига ўтиришдан қайтармоқчи эмасмиз. Италия – бу «оёғингиз билан ҳис қилишингиз» керак бўлган мамлакат! Бу ерда ҳаммасини кўриш, итальянларни эшитиш, уларнинг ҳаракатларини кузатиш учун кўп пиёда юриш керак. Ёки уйга келганингизда яқинларингизга Италияни машина ойнасидан қандай кўрганингизни сўзлаб бермоқчимисиз?
Фақат сайёҳлик масканларини томоша қилиш
Рим фақатгина Колизей, Пиза минораси ва Треви фаввораси билан чекланиб қолмаган! Ҳа, бу жойларни ҳам шубҳасиз бориб кўриш шарт ва зарур, бироқ булардан ташқари, ҳеч бўлмаса кечки пайт қайсидир шинам жойлардан бирига вақт ажратинг! Йўлкўрсаткичларда сиз эҳтимол Трастевере ва Коппеде кварталларини, сирли Аппий йўли, Яникул тепалигини учратмассиз, аммо айнан ўша ерларда бошқача Рим «яшайди»!
Жузепе Вердининг машҳур ибораси ёдингиздами: «Бутун дунёни олишинг мумкин, бироқ менга Италияни қолдир!» Ва сиз сайёҳлик мамлакати сифатида Италияни танлаган бўлсангиз, уни имкон қадар яхшироқ ва кенгроқ ўрганишга ҳаракат қилинг!
Шошиб энг асосийсини кўрмай қолманг
Итальянлар машҳур dolce vita («ширин ҳаёт») ва bel far niente («ҳеч нима қилмаслик қувончи») сўз бирикмаларини ўйлаб топганлигини биласизми? Буларни ҳаётдан тўлиқ лаззат олиб яшайдиган ва унинг бор қувончларини ҳис этадиган итальянлардан ўрганиб олишга ҳаракат қилинг!
«Тиффанида нонушта» муаллифи Трумен Капотенинг сўзлари ёдимга тушади. У: «Италия – бу бир қути шоколадли конфет» деган эди. Шу сабабли барчасини татиб кўришга ҳаракат қилинг!
P.S. Рим фаввораларида чўмилиш мумкин эмас! Ўтган йилдан бошлаб бунинг учун 50 дан 500 еврогача жарима белгиланган! Бироқ агар сиз Италияга кузда боришга қарор қилган бўлсангиз, бу маслаҳат сизга асқотмайди, сабаби бу пайтда Италияда ҳаво ҳарорати бироз пасайган бўлади. Хўш, Италияга бирга борамизми?
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz