20-11-2018 18:28
2887
0
Таиланднинг сайёҳлар орасида энг машҳур бўлган бурчаги ўзининг ҳашаматли меҳмонхоналари, ажойиб сервиси, экзотик кўнгилочар томошалари, ривожланган дам олиш инфратузилмаси, сокинлиги ва ўзгача фалсафаси билан меҳмонларни жалб қилади.
Пхукетда ҳаммаси жуда ҳам қиммат ёки анча мақбул нархларда эканлиги ҳақидаги тортишувлар анчадан бери давом этмоқда. Мендек Таиландни севувчи ва унинг сокинлигини ёқтирувчи инсонга Таиланддаги нархлар бўйича қисқача йўлкўрсаткични тайёрлаш қизиқарли бўлди! Бунинг устига, жорий йилнинг 1 декабридан кейинги йилнинг 31 январига қадар юртдошларимиз учун Таиландга борганда визага йиғим бекор қилинди. Шу сабабли у ерга бориш вақти келди, деб ўйлайман! Демак, бугун ватандошларимизга Пхукетда дам олиш қанчага тушиши ҳақида сўз юритамиз.
Орол ҳақида
Таиланднинг бошқа машҳур ороллари каби Пхукет қандайдир 60 йил олдин атрофи чакалакзор ва пальмалар билан ўралган кичик бир балиқчилик қишлоқчаси бўлган. Бир кун келиб бу ерда сайёҳлик инфратузилмаси пайдо бўлиши ҳақида гап бўлмаган. Сўнг Пхукет пойтахти ривожлана бошлади, дастлабки йўллар пайдо бўлди, одамлар «шаҳарга» интилишди. 70-йилларда эса бегоналарнинг қадами етмаганлигини инобатга олган ва оролнинг озодалигига юқори баҳо берган биринчи сайёҳлар бу ерга кела бошлашди. Талаб бўлса, таклиф ҳам бўлади, деганларидек, Пхукетда меҳмонхоналар қурила бошланди, равон йўллар, турли парклар ва дам олишни максимал даражада қулай ўтказиш учун шарт-шароитлар яратилди!
Агар сиз Пхукетга Бангкок ёки Паттайядан борсангиз, бу ердаги нархлар бироз қимматроқ эканлигини сезасиз. Таиланддаги ҳар бир оролнинг тақдири шундай: бу ерга маҳсулотни «марказдан» келтиришади. Бироқ аслида устама нарх катта эмас. Қўшимчасига фақат шу ерда топишингиз мумкин бўлган сувенирлар бор.
Демак, Таиланд пул бирлиги – бат. 100 $ ёки тахминан 830 000 сўм – бу деярли 3 300 тай бати. Энди келинг у ерда қанча пулга сарф-харажат қилишимиз мумкинлигини аниқлаштириб оламиз.
Қаерда истиқомат қилиш мумкин?
Ўтган йили Пхукетга қилган саёҳатим чоғида мен оролда тахминан 40 тача меҳмонхонани кўрдим ва улар бир-биридан кескин фарқ қилишига гувоҳ бўлдим. Бу ерда оилавий – сокин, болалар майдончаси ва аквапаркка эга, ёшларбоп – фаол, сершовқин бар ва дискотекаларга яқин меҳмонхоналар бор. Шунингдек, ҳар хил чўнтакка мос меҳмонхоналарни ҳам топасиз.
Тўғрисини айтсам, биронта ҳам тай хостелида бўлмадим, бироқ таклифларни аниқлаштириб ўрганиб чиқдим, шу сабабли Пхукетда хостеллар борлигини аниқ айта оламан. Бир кеча учун 75 000 сўм ёки 300 батдан хостелларни топиш мумкин, мисол учун 12month Hostel.
Хостел ўз йўлига, аммо Карон, Патонг, Ката ёки бошқа тоза ва машҳур пляжлар яқинидаги меҳмонхоналардан бирига жойлашган маъқул. Масалан, икки ётоқхонали жой учун 164 000 сўм ёки 653 батга Ката-Бич ёнидаги Fantasy Hill Bungalow да. Қулай жойлашганлик, хоналардаги Wi-Fi, очиқ терраса – буларинг барчаси яхши, аммо нархга нонушталар кирмайди, уни алоҳида тўлов эвазига беришади.
Бир кечага 685 бат ёки 172 000 сўмга Карон пляжидан 10 дақиқалик узоқликдаги Karon Sea Side да икки кишилик хонага эга бўлишингиз мумкин. Бу ерда маҳаллий тай таомлари тортиқ қилинувчи ресторан бор бўлиб, у ерда денгиз маҳсулотларидан мазали таомлар тайёрлашади. Шунингдек, бу ерда Карон тунги бозори, дўконлар ва умумий овқатланиш жойлари мавжуд.
Муҳташам беш юлдузли меҳмонхонага жойлашишни хоҳлайсизми? Пхукетда бундайлари ҳам бор. Мисол учун, Макао пляжидаги Renaissance Phuket SPA-меҳмонхонаси. Бу ердаги манзарага бир қаранг!
Катта очиқ бассейн, 5 та ресторан, исталган вақтичоғлик учун имконият ва бошқалар – икки киши учун бир кечага 9 000 бат ёки 2 300 000 сўмдан бошлаб. Нақадар гўзал!
Таомлар ҳақида
Денгиз маҳсулотлари, экзотик мевалар ва анъанавий тай таомлари таклиф қилинади. Энг қиммати – сайёҳлик ресторанларида, айниқса, денгизга яқин жойлашганларида. Креветкали машҳур Том-Ям шўрваси 250 бат (62 минг сўм), йўлбарс креветкали кабоб – 600 бат (150 000 сўм), Пад Тай – сабзавот ва соусли қовурилган гуручли вермишель – 230 бат (57 000 сўм) туради.
Кафеларда нархлар бир ярим-икки баравар арзон. Яна ўша Том-Ям – тахминан 65 бат (16 000 сўм), креветкали гуруч – 50 бат (13 000 сўм)дан.
Пхукетда кўз ўнгингизда тайёрлаб бериладиган, денгиз маҳсулотларини жойида танлаб олишингиз мумкин бўлган кўплаб ресторан ва қаҳвахоналар бор. Бир кило қисқичбақа бу ерда 400-500 бат (100 000–125 000 сўм), беш кишига мўлжалланган балиқ тахминан 600 бат (150 000 сўм) туради.
Бироқ Таиландда энг машҳури кўча таомлари ҳисобланади. Макашница – кўчма ошхона-аравалар нафақат маҳаллий аҳоли, балки Таиланд меҳмонларининг энг севимли жойларидандир. Айтганча, унинг ютуғи нафақат нархида, балки ўзига хослигидадир.
Агар сиз кўчада тушлик ёки нонушта қилмоқчи бўлсангиз, қуйидаги нархларга эътибор қаратинг. Ёғоч таёқдаги гўштли кабоб 14 бат (тахминан 4000 сўм) бўлади. Бульон ва зираворлар аралаштирилган тай миллий лапшаси – 40 бат (10 000 сўмдан сал кўпроқ). Роти – банан, манго ёки ананасли тай блинчиклари – 30 бат (7500 сўм).
Нимада ҳаракатланиш мумкин?
Пхукет – орол эканлигига қарамай, унинг ҳудуди жуда катта. Уни пиёда айланиб чиқиб бўлмайди. Шу сабабли ҳар бир сайёҳ жамоат транспорти – сангтеодан фойдаланиши мумкин.
Шаҳар автобуслари одатда кўк ва қизил рангда бўлади ва оролнинг турли районлари йўналишида ҳаракатланади. Йўл кира ҳақи – масофага қараб 25 дан 50 бат (6000–13 000 сўм)гача.
Таксида юриш албатта қулайроқ. Уларнинг энг машҳури – тук-тук бўлиб, унда юриш тўла тук-тук учун 300 дан 1000 бат (75 000 – 250 000 сўм)гачадир, яъни қанча одам йиғилса, ҳар бир киши учун шунча арзон бўлади.
Пхукет кўчаларида кондиционер ўрнатилган таксиларни ҳам учратиш мумкин, улар ўртача 500–600 бат (125 000 – 150 000 сўм)га юришади.
Экстрим ва тезлик шинавандаларига Пхукетда бир кунлик ижараси 200 бат (50 000 сўм) турувчи мотобайкларни таклиф қиламиз.
Кўнгилочар машғулотлар
Пхукетда ҳеч ким зерикиб қолмайди! Қуйида баъзи экскурсияларга нархларни келтириб ўтамиз.
Трансфер ва суғуртани ўз ичига олувчи Фил фермасига сафар кичик ёшдагилар учун ўртача 500 бат (25 000 сўм) ва катталарга 800 бат (200 000 сўм) бўлади.
Phuket Aquarium океанариумига кириш катталарга 180 бат (45 000 сўм) ва кичкинтойларга 100 бат (25 000 сўм)га тушади.
Тай боксини 1700 бат (427 000 сўм)га томоша қиласиз.
Ёрқин, ранг-баранг ва албатта қизиқарли, раққоса ва артистлар чиқишларини ўз ичига олувчи Сирам Нирамит шоуси – 1950 бат (490 000 сўм)дан бошланади.
Дайвинг билан 4000–6000 бат (1 млн – 1,5 млн сўм)га шуғулланасиз.
Жунгли бўйлаб зиплайнда 1800 бат (452 000 сўм)га учиш мумкин.
Таиланд гавҳари бўлмиш Пхукетдаги нархлар мана шунақа! У ер сизда қизиқиш уйғотдими? У ҳолда биз билан Tatil.uz га учинг! Бизнинг «Пхукетнинг жаннатмакон соҳиллари» таклифимиз билан танишиб чиқинг ва +99871 200 55 44 рақамига қўрқмасдан қўнғироқ қилинг! Tatil.uz билан ўзингизга қуёшли ва иссиқ ёзни ҳадя этинг!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz