19-06-2019 17:44
2153
0
Тошкентдаги Эски шаҳарнинг шинам, сокин, боғ-роғлар орасида жойлашган маҳалласида «Сырный домик» ёзувили кичик дўкончага туташ уй бор.
Бу ерда Ўзбекистондаги энг машҳур пишлоқпазлардан бири Обиджон Сатторов яшайди ва ишлайди. У энг машҳур итальян, француз ва инглиз пишлоқларини ҳатто Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқариш мумкинлигини исботлаб бера олган! Буларнинг барчасини у оддий ошхонада ва оддий кастрюлка ёрдамида амалга оширган! Жуда ҳам банд бўлишига қарамай, у Tatil.uz учун вақт ажратишга рози бўлди.
Обид ака, сиздек Тошкент давлат архитектура-қурилиш институти битирувчисига қандай қилиб пишлоқ ишлаб чиқаришдек ғоя хаёлингизга келди?
90-йиллар охирида институтни битираётганимизда Ўзбекистонда «тадбиркорлик овозаси» энди-энди бошланаётган эди: ҳамма тадбиркорлик билан шуғулланишни ва ўз ишини очишни орзу қиларди. «Нега мен ҳам ўз ишимни очмаслигим керак?» – ўйладим мен. Айнан шу вақтда танишим компьютерларни йиғиш билан шуғулланишни таклиф қилди: ўша пайтлари бу нарса бизда жуда оммалашганди. Ўзимга ҳам қизиқ эди. Барча зарур эҳтиёт қисмларини сотиб олиш учун Дубай, Малайзия ва бошқа мамлакатларга борганмиз. Навоий савдо қаторларида ишладик, кейин «Малика»га кўчиб ўтдик. Даставвал ишларимиз яхши эди, бироқ вақт ўтиши билан бизнесимиз секин-аста сусая бошлади. Ҳамкорим кўчиб кетди, мен эса қайси йўналишда ҳаракат қилишим кераклигини ўйлашим керак эди...
Ва сиз пишлоқ тайёрлашга қарор қилдингиз...
Йўқ-йўқ, у вақтда бундай режа йўқ эди. Мен пазандаликдан мутлақ йироқ эдим, нари борса қовурилган картошка ёки тухум пиширишим мумкин эди. Бироқ бир куни Вконтакте ижтимоий тармоғида пишлоқ тайёрлаш рецептини кўриб қолдим... Ҳаттоки пишлоқ эмас, бринза. Уни тайёрлаб кўришга қарор қилдим ва жуда ҳам мазали чиққанидан ҳайратландим! Уйдагиларимга ҳам ёқди, шу боис бундай бринзани ҳафтасига бир марта яқинларимга пишириб бера бошладим.
Сўнг агар юмшоқ пишлоқ билан ўхшаган бўлса, демак, қаттиқ пишлоқ билан ҳам ўхшайди деб ўйладим. Шу ерда қизиқиш катта роль ўйнади: энди мақсадли равишда маълумот қидира бошладим, видеороликларни томоша қилдим ва ҳаммасини ёзиб бордим. Шундай қилиб мен оддий қаттиқ пишлоқлардан бири – итальян качоттасини тайёрладим. Бу биз учун қандайдир янгилик эди, Россияда эса уни кўпчилик уй шароитида тайёрлайверади. Унинг тайёрланиши бир ойлик сақлашни талаб қилади, лекин мен бир ҳафта ўтибоқ пишлоқ бошчасини кесиб олдим ва унинг ширин чиққанини билдим! Бунда мен оддий масаллиқлардан фойдаландим, уларнинг энг асосийси сут эди.
Ушбу кичик ғалаба ва оиламнинг қўллаб-қувватлаши мени руҳлантириб юборди, мен тун-у кун Интернетдан маълумотларни жамлай бошладим ва ўз тажрибамни ошхонада синаб кўрдим. Қисман омадим чопди деса ҳам бўлади, чунки ўша пайтда Европадан Россияга пишлоқлар олиб кирилишига санкциялар эълон қилинган эди ва оқибатда у ерда уй шароитида пишлоқ тайёрлаш фаол ривожлана бошлади, рус тилидаги маълумотлар эса янада кўпайди. Шунда Интернет туфайли ўша пайтда мен каби пишлоқларни оддий кастрюлкада пиширган Ольга Лазарева билан танишдим (ҳозир унинг Москвада ўз мактаби бор). Унинг видеороликлари ёрдамида мен қандай қилиб уй шароитида рикотта, моцарелла, буратта ва бошқа турдаги пишлоқларни тайёрлаш мумкинлиги, шунингдек, пишлоқчиликдаги фермент ва ачитқилар ҳақида билиб олдим.
Қизиқиш менга Тошкентда пишлоқ, сут ва сут маҳсулотлари учун ачитқиларни етказиб бериш билан шуғулланувчи компанияларни топишга ёрдам берди. Технологлар билан гаплашдим, уларга ўз пишлоқларимни кўрсатдим. Улар татиб кўриб аввал ҳайрон бўлишди: «Албатта, татиб кўриш мумкин...», лекин ўз маслаҳатлари билан ҳам ўртоқлашишди. Шундай қилиб мен ўз ишимга янада жиддийроқ ёндаша бошладим. Ўшанда менда ҳеч қандай жиҳоз ва асбоб-ускуна бўлмаган: фақатгина кастрюлка, у ҳам катта эмас – 10 литрдан кичикроқ. Уйда иккита музлатгич бор эди, биттасини мен тўлиқ банд қилиб олдим ва менга керакли бўлган ҳароратга мосладим. Бора-бора музлатгичда жой камайиб борди, пишлоқ турлари эса кўпайиб кетди. Шу тарзда менда 5-6 хил пишлоқдан иборат ўз линиям пайдо бўлди, уларни доимий пиширишни йўлга қўйдим. Ҳозир бизда 30 хилдан ортиқ пишлоқ бор бўлиб, уларни турли технологиялар асосида тайёрлаймиз.
Маҳсулотингизни қандай қилиб сотгансиз?
Ўша вақтда мен ҳали ҳеч нима сотмас эдим. Мен «Малика»да ишлашни давом эттирардим, пишлоқ ўзига хос хобби эди, деса ҳам бўлади. Эсимда, онам мени: «Бу кастрюлкаларни нима қиласан, шундоқ ҳам яхши ишлаб топаяпсан. Яхшиси, тунда маза қилиб ухламайсанми?» дея койиганлар. Бироқ жараён мени ўзига тортиб бўлган эди, устига устак, Ўзбекистонда ўша вақтда ҳеч ким уй шароитида пишлоқ тайёрламаган.
Нимаики тайёрлаган бўлсам, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, ҳамкасб ва дўстларимга тарқатар эдим. Агар бошида 5 литр сут олган бўлсам, эндиликда 20-30 литр сотиб олиш керак бўла бошлади.
Ҳаммаси ҳар доим ўхшайверганми?
Йўқ, албатта, кўплаб муваффақиятсизликларга учраганман, бироқ улар ҳам ўша вақтларда менга кичик ғалабадек туюлган. Менда умуман мижозлар бўлмаган ва сут учун тўлашга ҳеч вақоим йўқ вақтларни ҳам эслайман. Бироқ мен ишонишда давом этдим ва мақсад сари интилдим.
Сиз ҳали ҳам мустақил ўрганувчи ҳаваскормисиз?
Ўтган йилнинг бошида ўз касбининг усталаридан ўрганишга қарор қилдим ва Москвага ўқишга бордим. Россияда машҳур бўлган пишлоқпаз Олеся Шевчукдан (унинг ВДНХ павильонларининг бирида ўз пишлоқпазлик мактаби бор) мастер-класс дарсларида касбнинг сирларини ўргандим.
Ёғ-мой ва пишлоқчилик бутунроссия илмий-тадқиқот институтига кириш ҳақида ўйлаяпман. Бироқ буларнинг бари ҳозирча фақатгина режада...
Умуман олганда эса итальян пишлоқ тайёрловчи усталар бошчилигида ҳақиқий буратта тайёрлашни орзу қиламан. Мен ҳеч бўлмаса сув таширдим, шогирдликка борардим... Фарқи йўқ, муҳими – қимматли тажрибани ўрганиб олиш!
Унда қачондан бошлаб пишлоқларни сотиш учун тайёрлай бошладингиз?
Бир куни дўстим менга: «Сенинг пишлоқларингни исталган нархга сотиб олган бўлардим, чунки сеники дўкондагидан кўра анча мазали» деб қолди. Шундай қилиб мен хоббини бизнес сифатида йўлга қўйиш ҳақида ўйлай бошладим.
Меникига дўст ва қариндошларимнинг таниш-билишлари, мен шахсан танимаган инсонлар кела бошлашди. Аввал моцарелла ва буратта сотувга қўйилди. Кейин халуми ва бошқа пишлоқларни ҳам сота бошладим.
Шундай қилиб мен «компьютер бизнеси» билан узил-кесил хайрлашдим ва ҳаётимни пишлоққа бағишлашга қарор қилдим. Энди кунига 50 литрлаб сут сотиб ола бошладим, юмшоқ ва қаттиқ пишлоқлар тайёрладим.
Доимгидек ошхонада тайёрлайвердингизми?
Ҳа! Иккита музлатгични ҳам пишлоқ билан тўлдирдим, бундан уйдагиларим хурсанд бўлишмади. Шу боис биз ҳамроҳим, опамнинг эри билан пишлоқ керакли ҳароратда ва ҳавонинг зарур намгарчилиги шароитида тайёрланиши учун музлатгич камерасини жиҳозлашга қарор қилдик. Ўша вақтда биз биринчи тешикчали пишлоқ бошчаларини тайёрлай бошладик. Навлар билан тажриба ўтказдик. Бу 2016 йил эди.
Пишлоқ кўп эди, демак, катта бозорга чиқиш кераклигини сездим. Шунда Facebook га биринчи реклама постини жойлаштирдим. Бундай оламшумул муваффақиятни кутмаган эдим! Мижозлар қўнғироғига узлуксиз бир ярим кун давомида жавоб бердим десам адашмайман.
Бошида одамлар мен ўзим, уй шароитида пишлоқ тайёрлашимга ишонишмади. Бироқ ҳозирда бўлгани каби, ўша вақтда ҳаммани келиб ўзимиз тайёрлаётган пишлоқларни шахсан кўриб кетишга таклиф қилдим.
Бора-бора одамлар бизнинг пишлоқларимиз ҳақида бир-бири билан ўртоқлаша бошлашди ва менинг телефоним қўнғироқлардан портлаб кетай деди. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш керак эди ва биз пишлоқ пишириш учун қўшимча бино олиб, керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозладик.
Facebook орқали пишлоқ сота бошлаганимиздан 2 ой ўтгач, 2017 йилнинг августида Telegram-каналда гуруҳ яратиш ғояси келди, чунки деярли барча харидорларим айнан мессенжер ёрдамида буюртма қилишарди ва ўша ернинг ўзида ўз таклифларини билдиришарди.
Кейин биз буюртмалар қабул қилувчи ботни йўлга қўйдик, сўнг яна биттасини. Чунки биринчи бот мижозлар босимига шунчаки дош беролмади, иккинчиси эса – уни биз бутун бошли Telegram-гуруҳимиз билан яратдик – ҳозир ҳам муваффақиятли ишлашда давом этмоқда. Биз уни ҳаттоки «халқона» деб атаймиз. Бироқ гуруҳни бошқаришда давом этяпман, чунки фитбек – муваффақиятли бизнеснинг муҳим қисми. Инсонлар фикр алмашишсин, уларга ёққан ва ёқмаган жиҳатлари ҳақида айтишсин! Ботимизда ҳозирги кунда тахминан 10 000 киши, гуруҳимизда эса – тахминан 2700 бор.
Сиз ҳозиргача ўз маҳсулотингизни фақатгина ижтимоий тармоқ ва Telegram орқали сотяпсизми?
Асосан, ҳа, бироқ бот орқали буюртма қилган маҳсулотни кечга яқин етказиб беряпман. Бу ҳаммага ҳам қулай эмас, шу сабабли биз маҳсулотни шаҳардаги бир нечта савдо нуқталарига олиб бора бошладик. Ҳозирда улар 7 та.
Лекин кўпчилик уйимизга келишни маъқул кўришади, у ерда ўзимизнинг дўкончамиз бор. Бу ерда ҳаммасини бепул татиб кўриш мумкин!
Бизнинг маҳсулотимизни нафақат Тошкентда, балки Бухоро, Самарқанд, Андижон, Нукус ва бошқа шаҳарларда ҳам билишади. Пишлоқларимизни ҳатто Европага, Россия, Таиланд ва Исроилга олиб боришган!
Бугунги кунда ходимларингиз сони қанча?
Биз икки сменада ишлаймиз – кундузги (5 киши) ва тунги (уч киши), чунки буюртмалар жуда кўп. Кунига биз бир тоннадан ортиқ сигир сути ва 80 литрдан ортиқ эчки сутини қайта ишлаймиз (эчки сутидан фета, альп пишлоғи тайёрлаймиз).
Уйда пишлоқ пиширишнинг катта ижобий тарафи бор деб ҳисоблайман – биз студия каби ишлаймиз, ўзимизни эса эркин рассом деб ҳисоблаймиз, чунки биз катта ишлаб чиқариш корхоналари каби рамкага боғланиб қолмаганмиз ва бемалол тажриба қила оламиз, ахир бизда тайёр шаблонлар йўқ!
Бизда Ўзбекистоннинг иссиқ об-ҳаво шароити ва паст намгарчилик туфайли тайёрлаб бўлмайдиган пишлоқ турлари бор. Жумладан, масдам тайёрлаш устида кўп уриндик. Масдам – пишлоқчиликнинг ёрқин намунаси ҳисобланган тешикчали пишлоқ. Айтганча, бизда мана бундай чиқди!
Эндиликда биз табиий сариёғ ҳам тайёрлаяпмиз, у мижозларимиз орасида шуҳрат қозонишга улгурди.
Мижозларингиз ҳақида ҳам икки оғиз.
Уларнинг бари ажойиб! Доим менга янги маҳсулот яратишга ва мавжудларини мукаммаллаштиришга ёрдам беришади.
Мисол учун, менинг бир доимий мижозим ғаллали творогни сотув учун тайёрлашимни узоқ сўради. Бу аслини олганда творог ҳам эмас, оддий тилда айтганда, пишлоқнинг бошланғич босқичи. Тажриба ўтказишга қарор қилдим, бир неча марта унга творог юбордим, у татиб кўриб, янада кўпроқ ишлашим кераклигини, нимаси ўхшагану, нимаси ўхшамаганини айтиб турди. Сўнг доимий мижозларимга улар буюртма қилган маҳсулотга қўшимча сифатида творогдан совға тарзида жўнатиб турдим. Улар творогни татиб кўриб, ўз фикрларини айтишди. Ҳозир эса ғаллали творог – мавсум хити! Мижозларим орасида ҳар ҳафта шундай маҳсулотни Исроилдан махсус буюртма қилиб турган қиз ҳам бор экан. Энди у ўзи ёқтирган творогни Ўзбекистонда ҳам топиш мумкинлигини эшитиб нақадар қувонганлигини тасаввур қиляпсизми?
Менинг италиялик доимий мижозим бор. Унинг айтишича, биз бураттани Римдагидан кўра яхшироқ тайёрлар эканмиз! У ҳаттоки Тошкентга меҳмонга келган онасини бизнинг пишлоғимиз билан меҳмон қилди. У эса Ўзбекистонда тайёрланган бураттани еяётганлигига ишонмади!
Бизнинг франциялик бир харидоримиз бор эди. Бир куни у моғорли французча пишлоқларнинг бир нечтасини олиб келди. Эҳ, унинг ҳидини айтмайсизми! Ҳар бир ўзбекистонлик ҳам бундай пишлоқни татиб кўришга журъат қилолмасди. Аслида эса французлар учун бизнинг моғорли пишлоқларимиз кучсиз ҳидга эга!
Боиси уларнинг пишлоқ ейиш маданияти бизникидан тубдан фарқ қилади. Биз нимага ўрганганмиз? Эрталаб туриб, қаҳва дамлаб, нонга сариёғ суртамиз ва унинг устидан тешикчали сариқ пишлоқ қўямиз. Французлар эса пишлоқни кечқурун вино билан бирга ейишади... Бизда, айтганча, бошида ҳамма пишлоқларимиз оппоқ эди – моцарелла, буратта, фета, халуми, качотта, рикотта...
Бошида аудиторимиз кўп саёҳат қилувчилар ва хорижий пишлоқларни татиб кўрганлардан иборат эди. Улар ҳам қандай қилиб менинг ўзбекча сутдан буратта тайёрлаётганлигимга ишонишмади! Бўлиши мумкин эмас?!
Уйда тайёрланган пишлоқларнинг ҳақиқий нархларини билмайдиганлар бизнинг пишлоқларимиз жуда ҳам қиммат эканлигини ёзишди. Улар бизнинг фақатгина табиий маҳсулотларни ишлатишимизни билишмасди. Жумладан, 10 литр сутдан бор-йўғи 1 кг маҳсулот тайёр бўлади, у пишгунича оғирлиги 600 граммгача камаяди. Ахир биз оилавий ширкат сифатида ишлаймиз, солиқ, ойлик маош тўлаймиз, коммунал тўловлар учун ҳисоб-китоб қилишимиз керак. Бизнинг энг арзон пишлоғимиз – бу качотта, энг қимматлари эса – эчки сутидан тайёрланганлари.
Келажакдаги режаларингиз.
Энг яқин мақсадим – шахсий сигир ва эчкиларим. Гап шундаки, бизнинг соҳамизда сут муҳим роль ўйнайди. Уни ишончсиз кишилардан сотиб олиб бўлмайди. Буни шахсий тажрибамиздан билиб олдик. Бошида янги соғилган сутни сотиб олганмиз ва у тез ачиб қоларди. Биз сутни совутилган ҳолда етказиб бера оладиган хўжаликни топиш кераклигини тушундик. Бугунги кунда биз Сурхондарё вилоятидаги ишончли фермалардан бири билан ишлаймиз.
Шунингдек, мен ҳали бормаган давлатларда бўлмоқчиман, мисол учун, Франция, Италия, Англия. У ерга бориб ўрганиб келиш мумкин!
Ўқувчиларимизга тилакларингиз.
Биринчи навбатда, ўзингизга ва ўз кучингизга ишонишни тилайман. Қачонлардир мен орзуимни рўёбга чиқара олдим, 10 йил олдин пишлоқлар билан шуғулланишимни тасаввур эта олмаганман. Биз банкдан бирор марта кредит олмаганмиз, доим ўз куч ва имкониятимизга ишонганмиз. Шу боис, ўз ишини энди бошлаётган пишлоқчилар менга маслаҳат сўраб келишганида мен уларга: «Кастрюлкадан бошланг» дейман. Бошиданоқ энг қиммат жиҳозларни сотиб олиш шарт эмас. Кўпчилик барчасини ва бирданига хоҳлайди. Бироқ бундай бўлмайди ва бу ҳамма соҳага тегишли! Шу боис Худога ишониш ва тинмай меҳнат қилиш лозим!
Яна мен ҳаммага мақсад сари олға интилишни, ишлашни, ўқишни, ривожланишни ва сабр-тоқатни тилайман! Шунда итальян пишлоқларини ҳам Тошкентда оддий кастрюлкада пишириш мумкин бўлади!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz