14-03-2018 12:45
2646
1
Сайёҳлик соҳаси бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда, ҳам бутун дунёда жадаллик билан ривожланиб бормоқдаки, бу албатта кишини қувонтиради. Бу биз ўзимиз учун дунёни кашф қила бошлаганимиздан далолатдир. Дунё эса биз учун очилмоқда. Бу даромадларимиз ортиб бораётгани ва эндиликда биз пулларимизни нафақат озиқ-овқат ва кийим-кечакка, балки ўз дунёқарашимизни бойитишга, дам олиш ва саёҳатларга сарфлай бошлаганимизни билдиради. Ва саёҳатлар тобора харажатларимизнинг алоҳида бўғинини ташкил этмоқда.
Маълумки, талаб таклифни келтириб чиқаради. Ва бугунги кунда юртимизда дунё бўйлаб ёки мамлакатимиз ичида саёҳатларни ташкиллаштирувчи, баъзан эса чипталар сотувини ҳам йўлга қўювчи сайёҳлик фирмалари кун сайин кўпайиб бормоқда. Танлаш имкони борлиги қувончли ҳолдек туюлади. Бироқ аслида ҳам шундайми?
Сайёҳлар ҳақида икки оғиз сўз
Келинг, дастлаб сайёҳни кўз олдимизга келтирамиз. Бугунги кунда у 10 ёки 20 йил аввалгидек аниқ икки нарса: қаерга бориш ва таътилини режалаштираётган муддатни билган ҳолда сайёҳлик фирмасига борувчи инсон эмас.
Замонавий сайёҳ – саводли, Интернетни мукаммал билувчи, ижтимоий тармоқларда ўзини сувдаги балиқдек ҳис қилувчи, ўзи маълумотларни қидириб топа олувчи инсон. Унинг ўзи ҳам уйида ёки офисида ўтириб, меҳмонхоналар ҳақида фикрларни ўқиши, авиапарвозлар нархини бемалол билиши мумкин.
Энди эса савол: уни сайёҳлик фирмасига ҳамон мурожаат этишга нима мажбур қилади?
Баъзиларни виза олиш жараёни қизиқтиради, сабаби бунда уларга сайёҳлик фирмаси визани расмийлаштиришда кўмаклашади.
Бошқаларни – ортиқча даҳмазалар билан бошини қотиришни хоҳламаслиги ва сафарни ташкиллаштириш билан боғлиқ барча ишларни туроператор зиммасига юклаш истаги.
Учинчи тоифадаги инсонлар эса сайёҳлик фирмаси – бу ишонч ва сафарда барчаси кўнгилдагидек ўтишининг кафолати эканлиги деб тушунишади.
Яна бир тоифа шахслар онлайн-манбаларни ўзида «синаб кўриб», мустақил бронлаштиришда барчаси «силлиқ» эмаслигини билишади. Мисол учун, бундай онлайн-сервислар сайёҳнинг валюта картаси ҳақида маълумотга эга бўлишади. Картадаги маълумот кейинчалик эркин фойдаланишда бўлади ва ишончли бўлмаган қўлларга тушиб қолиш хавфи юзага келади.
Айтганча, дунёда Интернет-бронлаштириш тизими пайдо бўлаётган пайтда инсонлар қайси бирини танлаш ҳақида бош қотира бошлашди. Инглиз газеталаридан бирида тахминан 13 йил аввал қуйидагилар ёзилган эди: «5 йилдан сўнг сайёҳларни жўнатишга ихтисослашган барча сайёҳлик компаниялари инқирозга юз тутади». Бироқ орадан шунча вақт ўтса ҳам бундай компаниялар ҳамон фаолият юритиб келмоқда. Кўплаб тадқиқотларнинг кўрсатишича, бронлаштиришнинг халқаро тизимида нархлар кўп ҳолларда сайёҳлик фирмалариникига қараганда юқорироқ экан. Мана шундай гаплар.
Афсуски, баъзиларни сайёҳлик фирмасига ЧЕГИРМАНИ ҚЎЛГА КИРИТИШ ХОҲИШИ етаклаб келади. Чунки бу сайёҳ исталган сайёҳлик менежери меҳмонхонадан ва ҳаттоки авиакомпаниядан ҳам унга чегирма олиб беришига ишонади!
Чегирмалар ҳақида
10 та сайёҳнинг камида 7 таси саёҳатни буюртма қилганда нархларни пасайтиришни сўрайди. «Арзонлаштирса бўладими?», «Чегирмалар борми?». Тошкентлик менежерларнинг ярмидан кўпи бундай саволларни эшитган бўлиши аниқ. Хўш, чегирмаларга эга бўлиш хоҳиши қаердан пайдо бўлади?
Биринчи навбатда, бу бизнинг бозорда савдолашиш одатимиз билан боғлиқ бўлса керак. Тур – бу маҳсулот экан, нега савдолашмаслик керак?!
Иккинчидан эса, биз сайёҳлик фирмалари ҳам бунга қисман айбдормиз. Кўпроқ сотиш ва ўз аудиториямизни кенгайтириш илинжида биз турли йўллар, жумладан рекламачи ва пиарчиларни жалб қиламиз. Улар қандай қилиб инсонларни жалб қилишни билишади. Бунинг учун эса чегирмалар қўл келади.
Рекламада чегирма бўлмаса-чи?
Бундай ҳолда замонавий сайёҳ Интернетга мурожаат қилади. У Facebook, Instagram каби ижтимоий тармоқларни очади, қидириш жойига «Тошкентдан ...га турлар»ни киритади. Янги технологиялар боис (улар ҳақда батафсил тўхталиб ўтирмаймиз) бир нечта сўровдан сўнг исталган сайт ва ижтимоий тармоқ янгидан-янги таклифларни топиб бераверади. Сайёҳ эса танлашни бошлайди...
20 та компания сайти ва саҳифасини кўздан кечиргач, у ўзи йўл олмоқчи бўлаётган мамлакатга энг арзон нархлардаги турлари мавжуд 10 та компанияни ажратиб олади. Кейин эса у қўнғироқ қилиб, нархларнинг арзонлиги нимага асосланганлигини аниқлаштира бошлайди. Охир-оқибат у энг катта чегирма қилишга рози бўлган фирмада тўхтайди. Ёки бўлмаса барчаси қиммат деган тўхтамга келади ва бошқа сайёҳлик фирмасини қидиради.
Энди эса туроператорнинг бир иш кунини тасаввур қиламиз. «Шанба, 13:00, бир аёл қўнғироқ қилиб, Анталияга оилавий (икки катта ёшли ва уч нафар – 3, 6 ва 10 ёшли фарзандлар) дам олиш учун тур нархини ҳисоблаб беришни илтимос қилмоқда, бунда унга дам олиш вариантларини мавсум боши ва охирига, Кемер ва Ларага алоҳида ҳисоблаб бериш зарур. Ва Тошкентдан –чартер рейс билан ва Истанбул орқали, кейин эса арзонроғини танлаш мумкин бўлиши учун Чимкент орқали. «Сўнг худди шундай ҳисобни Бодрум орқали ҳам қилиб беринг», – дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди сайёҳлик бўйича менежерлардан бири.
Балки сайёҳларга буларнинг барчаси бир дақиқалик ишдек туюлар. Бироқ бу ерда иш камида ярим кунга етади. Бунинг устига, қўнғироқ қилган аёл нархларни эшитиб: «Сизларда қиммат экан» дейиши ҳақиқатга яқинроқ.
Ва энг арзон вариантни топиш илинжида бошқа турфирмаларга қўнғироқ қилишда давом этади.
Балки ажабланарсиз, бироқ кўплаб сайёҳлик менежерлари Facebook, Instagram ва Telegram орқали ҳисоб-китоб қилишдан чарчашган, улар буюртма қилаётган инсонни шахсан офисга келишини сўрашади. Чунки улар «қуруқ» ҳисоб-китоб қилавериб чарчашган. Ҳар бир иш учун ҳақ тўланмоғи лозим. Шу сабабли яқин кунлар ичида турфирмалар ҳисоб-китоб учун ҳам пул ола бошлашса асло ажабланманг.
Энг арзон нархли турни танлаган сайёҳ ушбу компаниянинг ишончлилиги, барқарорлиги ва мустаҳкамлигига ишончи комилми? Унинг таътили хавфсизлиги таъминланишига ишонадими? Ва...
...умуман, чегирма қаердан пайдо бўлади?!
...деган саволни ўзига ўзи берганми? Бу саволга жавоб беришдан аввал биз яна бир шахс – замонавий сайёҳлик менежери қиёфасини кўз олдимизга келтирайлик. Ушбу соҳага боғлиқ бўлмаган кўпчилик инсонларнинг фикрича, сайёҳлик менежери – бу нутқи равон, сота олувчи, кўп саёҳат қилувчи ва, дейлик, Туркия пляжларига турларни сотиб маза қилиб кун кечирувчи инсон.
Яна инсонлар сайёҳлик менежери кўп пул ишлаб топади, чунки бу пулларни турфирмага сайёҳларнинг ўзи олиб келиб беради, деб ўйлайди.
Ва камдан-кам инсонлар сайёҳлик менежери – бу биринчи навбатда, нотаниш мамлакатда бошқа инсоннинг ҳаёти учун юқори даражада жавобгар, масъул бўлган ишчи эканлигини билишади.
Сайёҳлик менежери – бу ҳам бегим кунлари, ҳам дам олиш кунлари ишловчи инсон. У ҳеч қачон телефон ёки Интернетини ўчирмайди. Мисол учун, унинг сайёҳи Гоа ёки Тунисга учиб кетаётган маҳал у касал бўлишга ҳаққи йўқ. Бордию сайёҳ эрталаб соат 5 да учиб кетаётган бўлса, у тинч ухлай олмайди.
Чунки у бутун сафар давомида: Тошкент аэропортидан учиб кетганингиздан бошлаб орадан 7-10-14 кун ўтгач она юртингизга қайтиб келгунингизча Сизнинг ёнингизда бўлиши керак.
Сайёҳлик менежери ҳар бир сафардан миллионлаб ишлаб топади дегани – уйдирма. Буни ушбу соҳадан бироз бўлса-да хабари бор инсонлар билишади.
Албатта, ҳар бир компаниянинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ўз усуллари бор, аммо сайёҳлик менежери асосан турлар сотилишидан тушган фоиз ҳисобидан яшайди. Фоизлар эса турлича бўлиши мумкин. Сайёҳлик фирмасининг асосий даромади компаниянинг офис таъминоти, бошқа ходимлар ойлиги, реклама, сайт ва ҳ.к.га сарфланади.
Бугунги кунда сайёҳлик бозорида жуда катта рақобат мавжуд. Барча нархлар аллақачон ўрганиб бўлинган. Барчаси очиқ-ойдин ва ҳеч ким ҳеч кимни алдамайди. Турфирмага келгач, сайёҳ барчасини билади: эрта бронлаштиришда нархларнинг арзонроқлиги, маълум бир меҳмонхона учун қандай чегирмаларга эга бўлиши ва ҳ.к. Бозор шу қадар тартибга солинганки, турфирмалар турлар учун ақл бовар қилмас нархларни таклиф эта олмайди. Ҳа, илгари сайёҳлик менежерлари турлар сотилишидан катта улушга эга бўлишлари мумкин эди. Сиз балки ҳайрон қоларсиз, бироқ бугун улар тур сотилишидан кўпи билан 2–3% олишади!
Сиз менежердан чегирма қилишни сўрасангиз, у «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га қўнғироқ қилиб Сизга чиптани 3 миллионга эмас, балки мисол учун 2,5 миллионга сотишларини, ёки бирон-бир машҳур меҳмонхона раҳбариятига қўнғироқ қилиб, Сизни люкс хонага энг арзон нархда жойлаштириб қўйишларини асло сўрай олмайди. Шу сабабли ҳар сафар чегирма қилар экан, туроператор ўз ойлигини, яъни ўз даромади фоизини ва турфирма таъминоти маблағларини камайтираётганлигини инобатга олиш керак. Оқибатда тақдим этилаётган хизматлар юқорилигини таъминлаб борувчи ва бир вақтнинг ўзида доим ўз мижозларига чегирмалар қилувчи сайёҳлик фирмаси зарарга ишлай бошлайди ёки умуман ўзини банкрот деб эълон қилади.
Ёки сайёҳлик менежери баъзан паст сифатли хизматларни излаб, чет элдаги шубҳали операторга мурожаат этишига тўғри келади. Натижада эса мижоз, аксинча, кутилганидан кўра кўпроқ тўлайди ёки сифатли хизматга эга бўлмайди.
Бизга умуман турфирмалар керакми?!
Дарҳақиқат, нега пулларингизнинг фоизини таътилингиздаги қандайдир кўнгилхушлик учун сарф қилиш ўрнига уни бегона инсонларга беришингиз керак? Бунинг устига, ижтимоий тармоқлар биргалашиб йиғилиб Малайзия, Таиланд, Филиппин ёки Балига бориш ҳақидаги эълонларга тўлиб ётган бўлса... Умуман олганда яхши фикр! Ва биз Сизни бундан қайтармоқчи ҳам эмасмиз. Шунчаки чегирма ортидан қувганда эҳтиёткорроқ бўлишингизни истаймиз. Чунки ўзга мамлакат – ўзга қонун-қоидалар. Ҳар бир давлатнинг ўз жинояти ва ўз жазоси бор. Туроператорингиз Сизга сўзлаб берувчи ва Интернетда ҳеч қачон топа олмайдиган кўплаб жиҳатлар мавжуд. Бордию мураккаб вазиятга тушиб қолсангиз (буни Сизга асло тиламаймиз), Сизга ким ёрдам бериши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?!
Шундай бўлса-да, туроператорлар керакми?..
Кўпчилик сайёҳлар турфирмалар ва сайёҳлик менежерлари керак, деган фикрдалар. Ҳа, улар керак.
Сайёҳлик бўйича менежер сайёҳ сўраётган нарсани таклиф қилиш учун бир кун ичида ўнлаб меҳмонхоналар ҳақидаги маълумотларни қидиради, ўрганади, ўқийди ва керакли маслаҳатларни беради. Биронта бронлаштириш тизими Сизга бу ишни қилиб бермайди. TripAdvisor да қолдирилган фикрларни ўқишга сарфлаган вақтингизни ҳисобга олмаганда, қанча вақтни тежаб қолишингиз мумкинлигини ҳисоблаб кўринг.
Сайёҳлик менежери элчихонага виза олиш учун ҳужжатларни тўғри расмийлаштиришга ёрдамлашади, уни керакли тилга таржима қилади, навбатга туради ва ушбу масала ҳал қилинмагунча ёнингизда бўлади.
Меҳмонхонага жойлаша олмадингизми, адашиб қолдингизми, пулларни қаерда алмаштиришни билмаяпсизми ёки арзон шопинг ва харидлар қилишни хоҳлайсизми?
Куннинг исталган вақтида сайёҳлик менежери Сиз билан бирга, у исталган саволингизга жавоб беради ва исталган муаммоингизни ҳал қилади! У ҳозир сафарингизда соат 3, бизда, Тошкентда эса эрталабки соат 5 эканлигидан шикоят қилмайди. Чунки бу унинг вазифаси ва у бунинг учун ҳақ олади.
Мамлакат ичидаги парвоз кечиктирилаётган бўлса, тушунтириш олиш учун кимга мурожаат қиласиз? Албатта турфирмага!
Умуман олганда, сайёҳлик менежери бутун саёҳатингиз учун катта масъулиятни ўз бўйнига олади. Бу эса муҳим психологик омилдир.
Катта чегирмалар – бу яхши эмас
Йўқ, бизда катта чегирмалар йўқлиги сабабли бундай демаяпмиз. Ва биз Сизларга чегирма қилишни хоҳламаётганимиз учун ушбу мақолани ёзмадик. Биз буларнинг барчасини эҳтиёткорроқ бўлишингиз учун айтяпмиз. Янги сайёҳлик мавсуми арафасида Tatil.uz, доимгидек, сайёҳларнинг сафар вақтидаги хавфсизлигини биринчи даражага қўяди. Биз нафақат ўз мижозларимиз, балки юртимиздан чет элга дам олиш учун кетаётган барча инсонлар ҳақида қайғурамиз. Боиси биз сайёҳлик соҳасида ишлаймиз ва ушбу соҳа учун масъулмиз.
Биринчидан, бунда оммабоп йўналишлар бўйича қабул қилаётган компаниялар учун банкрот бўлиш хавфи мавжуд. Мисол учун Туркия. Ишонмаслигингиз мумкин, бироқ ҳар йили камида 1–2 та компания ўзини банкрот деб эълон қилмоқда.
Иккинчидан, чегирма – таклиф этилаётган меҳмонхона ва сервис хизмати пастроқ бўлишини англатади. Кўзланган манзилга етиб боргандан сўнггина кутилган чегирмани қўлга киритган сайёҳлар турфирмага қўнғироқ қилиб, меҳмонхона марказдан узоқлиги ёки райондаги инфратузилма яхши эмаслигидан шикоят қилишади. Бироқ, Tatil.uz нинг жўнатиш бўйича менежери Алишер Мираҳмедовнинг айтишича, ҳар нарсанинг ўз баҳоси бор ва мерседесни запорожец нархида сотиб ололмайсан!
Чегирма кетидан қувлаб ишончсиз компания «қармоғига илиниб қолиш» мумкин. Шу сабабли бир неча йиллардан буён Сиз таниган, дўсту яқинларингиз билган сайёҳлик фирмаларига ишонинг.
Қўшимчасига, чегирмалар сайёҳлик агентининг ва умуман, сайёҳлик фирмасининг шижоатини сўндириб қўяди.
Сўнгсўз ўрнида...
Ўтган асрнинг 50–60-йилларида Хитойда чумчуқларни ўлдириш бўйича кампания авж олган эди. Хитойликларнинг фикрича, чумчуқлар катта миқдордаги донларни еб қўяр, бунинг билан мамлакат иқтисодига жиддий зарар етказар эди. Ушбу кампания муваффақиятли тарзда амалга оширилиб, барча чумчуқлар қирилди, ҳосил эса ошди. Бироқ экотизимдаги табиий мутаносиблик бузилди, бир йил ўтибоқ капалак қурти ва чигирткалар новдаларга бешавқат ҳужум қила бошлашди. Оқибатда мамлакат миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган очарчиликка юз тутди.
Шу сабабли сайёҳлик фирмасидан иложсиз нарсани сўраманг. Ва Сизга ҳар доим ҳам қилиб бериш имкони бўлмайдиган чегирмалар билан сайёҳлик бизнесини ўлдирманг.
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz
Акбар
Фикрларингиз мутлақо тўғри. Ну барибир скидка сўрашади.