Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

17-07-2018 16:00

Тошкентлик тадбиркор саёҳатда қандай қилиб тежаш мумкинлиги ҳақида сўзлаб беради

4252

1

Бобур Зокиров – тошкентлик ёш тадбиркор. 2010 йилда у амакиси билан ўз ишини бошлашга қарор қилди ва глобуслар ишлаб чиқара бошлади. Сўнг соҳа қамровини кенгайтириб, канцелярия маҳсулотлари ва болалар китоби ишлаб чиқаришга ўтишди. У қуёш панеллари билан ҳам шуғулланган. Бугунги кунда Бобур «Ўзавтосаноат» АК инновацион компаниясини бошқариш билан бир қаторда, яна бир нечта лойиҳаларни олиб боради. У буларнинг барчасига қандай улгуради, деган ҳақли савол туғилади. Яна у саёҳат қилишга ҳам вақт топади! Бугун у бизларга Жануби-Шарқий Осий бўйлаб қилган саёҳати ва дунёнинг энг қиммат шаҳрида қандай қилиб тежаб қолиш мумкинлиги ҳақида сўзлаб беради.

Биз рафиқам билан узоқ ўлкалардан бирида дам олишга қарор қилдик. Даставвал Европа ҳақида ўйладик: бироқ сайёҳлик фирмаларидан бирининг вакиллари тушунтирганидек, виза олиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши ва дам олиш ноаниқ муддатга қолдирилиши мумкин эди. Шунда биз эътиборимизни Жануби-Шарқий Осиёга қаратдик.


Ўтириб йўналишни режалаштирдик: Куала-Лумпур – Лангкави ороли – Сингапур. Самолётга чипталарни ўзим сотиб олдим. Бу Сизга тежаб қолишга ёрдам берувчи биринчи банд. Агар молиявий имкониятингиз чегараланган бўлса ёки пулингизни бошқа нарсага ишлатмоқчи бўлсангиз, Air Asia авиакомпаниясини танланг. Мисол учун, «Куала-Лумпур – Лангкави» рейсига иккита чипта Сизга $100 га тушади. Оролдан Сингапурга халқаро авиапарвоз учун бор-йўғи $200 (икки киши учун) тўлайсиз.

Биз 5 кун давомида Куала-Лумпурда бўлдик. Телефонимизга Google maps ни юклаб олдик ва кўп пиёда юрдик. Бизга Куала-Лумпур қандай маромда яшаши қизиқ эди. Борганимизда $10 га маҳаллий U-mobile сим-картасини харид қилдик ва доим алоқада бўлдик. Айтганча, Интернет-пакетли маҳаллий сим-карта – тежаш ва доим алоқада қолишнинг яна бир яхши усули.

Агар Сиз Куала-Лумпурда транспортдан тежаб қолишни хоҳласангиз, меҳмонхонага сал кўпроқ харажат қилишингиз ва уни марказдан танлашингиз керак бўлади. Биз Петронас минораларидан унча узоқ бўлмаган Summer Suit Residence меҳмонхонасида яшадик, у ерда ҳамма нарса – бассейн, спорт зали, қаҳвахона, ресторанлар бор эди. Бироқ биз меҳмонхонага эмас, шаҳарга келган эдик, шу боисдан хонамизга фақат тунаш учун борардик. Марказда яшаш жуда қулай, сабаби Куала-Лумпурда ҳамма асосий диққатга сазовор жойлар бир-бирига яқин жойлашган. Бунда пиёда юриш ва таксига ортиқча пул сарфламаслик мумкин.

Айтганча, такси ҳақида. Дастлабки уч кун биз Куала-Лумпурни айландик, кейин эса Genting Highlands га йўл олдик. Бу денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда жойлашган, Малайзия пойтахтидан 40 километр узоқликдаги ноёб жой.

Биз у ерга таксида бордик. Пулингизни тежаб қолишга ёрдам берувчи Grab Taxi иловасини тавсия қиламан. Ўз тажрибамдан амин бўлдимки, Малайзиядаги таксичилар – ажойиб психологлар экан, чунки Сизнинг сайёҳ эканлигингизни билишлари заҳоти дарҳол нархни кўтаришади. Grab Taxi да Куала-Лумпурдан Genting Highlands гача биз 100 рингит, яъни 200 минг сўм тўладик. Маҳаллий ҳисоб-китобларга кўра, бу арзон, боиси шаҳар ичида ҳам такси қиммат туради.

Genting Highlands да казино ва кўплаб дўконлар бор. Биз мана арқонли йўлда учдик (киши бошига 24 рингит ёки 24 минг сўм). Куала-Лумпурда нафақат пулли кўнгилочар томошаларга бориш, балки шунчаки Чайнатаун ёки ҳинд кварталида сайр қилиш мумкин. Мана бизнинг бир нечта суратимиз.

Малайзияда нисбатан арзонга овқатланиш мумкин. Маҳаллий таомлар бизга у қадар ёқмаганлиги сабабли биз асосан McDonald’s ва KFC да овқатландик. Тўйимли тушлик бир киши учун Сизга тахминан 20 000 сўмга тушади.

Лангкави ороли ҳақида кўп гапирмайман: бу жуда хотиржамликда кечувчи пляжли ҳордиқ. Биз Ҳинд океанида чўмилдик, тобландик ва сокинликдан баҳра олдик. Бу ердаги меҳмонхоналар ажойиб, ходимлар хайрихоҳ ва саводли, нонушталар эса тўйимли ва ширин.

Парашютда учишни маслаҳат бераман. Парвоз бор-йўғи 15 дақиқа давом этади ва бундай ҳаводаги саёҳат тахминан 200 000 сўм туради, бироқ олинажак таассуротлар бутун умрга ёдда қолади.

Менга ҳаммасидан кўпроқ дайвинг – сув тубига 10 метр чуқурликка тушиш ёқди. Биз билан Pulau Payar номли бошқа оролга паромда 100 га яқин киши борди, бироқ уч кишигина денгиз тубига тушишга журъат эта олди. Шулардан бири мен.

Сингапур, албатта, жуда қиммат шаҳар. У ердаги меҳмонхоналар жуда ҳам қиммат ва ҳатто Малайзиядаги 4 ёки 5 юлдузли меҳмонхона Сингапурдаги 3 юлдузли меҳмонхонадан икки баравар арзон. Одди Coca-cola $ 3,5 туради, жамоат транспортида юриш – $ 1,5 дан $ 3 гача. Такси – $15 дан $ 20 гача.


Бироқ дунёдаги энг қиммат шаҳарда ҳам бепул машғулот ва кўнгилочар нарсалар топиш мумкин. Мисол учун, Marina Bay марказий районида сайр қилиш, боғларга кириш, кечки соат 8 ва 9 да тунги фавворалар шоусини томоша қилиш.

Сингапурдаги Singapore Flyer кўриш чамбарагига чипта $25 туради, бироқ у ердан ажойиб манзарани томоша қилиш мумкин!

Кечки соат 10 дан сўнг Сингапур сукунатга кетади, дўкон ва жамоат транспорти ишламайди.


Айтганча, йўл кира харажатларини тежаш ҳақида. Tourist pass сайёҳлик карталарини харид қилишни маслаҳат бераман, бу жуда қулай. Натижада Сингапурдаги уч кунимиз мобайнида бир кишига йўл кира учун бор-йўғи $ 20 сарфладик.

Сингапурга бориб Сентозада бўлмаслик мумкин эмас. Бу ахир бутун бошли кўнгилочар парклар оролику! Албатта, барчасини кўришга улгурмадик (у ерда соат 11:00 дан 18:00 гача бўлганимизга қарамай). Бизга, айниқса, Universal Studios Singapore ёқди. Киришда киши бошига $ 70 тўласангиз кифоя, барча аттракционларда бемалол учишингиз мумкин. Тўғриси, кетгимиз ҳам келмай қолди!

Ушбу мақоламда Сизларга нима демоқчиман? Биринчидан, саёҳат қилинг, чунки саёҳат – бу ўз устида ишлаш ва камолотга эришиш. Иккинчидан, саёҳат қилиш учун миллионлаб доллар ишлаб топиш шарт эмас ва агар маблағингиз чегараланган бўлса, тежамлироқ вариантларни топишингиз мумкин! Асосийси – Сизнинг хоҳиш-истагингиз: саёҳат қилиш, янги нарсаларни ўрганиш, ҳаётдан завқланиш ва ишингиз учун янги илҳом олиш!

 

Мақола муаллифи: Бобур Зокиров

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

Абдулҳай Юнусов

Ассалому -алайкум ! Бобуржон укам сизнинг саёҳат таассуротларингиз учун катта раҳмат! Аллоҳ сиздан рози бўлсин!

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top