08-05-2018 17:30
2118
0
Азиз дўстлар, ёдингиздан чиқмаган бўлса, ушбу ҳафтамизни ҳаётимизнинг мазмуни бўлмиш фарзандларимизга бағишламоқдамиз. Болалар билан саёҳат қилиш учун энг яхши давлатлардан бири, бу, албатта, Туркия! Бунга нафақат биз, балки оилавий дам олиш учун Анталияни танлаётган оналар ҳам амин бўлишмоқда. Бугун бизнинг блогимизда тошкентлик меҳрибон она Зарифа Насреддинова айнан шу ҳақда ҳикоя қилади.
2016 йили биз болаларимиз билан дам олишга қарор қилдик ва... Туркияга йўл олдик. Тўнғич қизим ўша пайтда 16 ёш, ўғлим – 12, кенжатойим эса бор-йўғи 1 ёшу 5 ойлик эди. Шундай аҳил жамоа бўлиб Анталияни забт этишга киришдик. Оналарда пайдо бўлиши мумкин бўлган барча хавотирлар ҳақида ўйламадим ҳам. Ҳордиғимиз аъло даражада ўтишига ишончим комил эди. Оқибатда шундай ҳам бўлиб чиқди!
Кўпчилик оналар фарзандларининг парвозни қандай ўтказишлари ҳақида қайғуришади (айниқса, гап чақалоқлар ҳақида кетганда). Бироқ бизнинг кичик қаҳрамонимиз ўзини парвозда дадил тутди, инжиқланмади ва деярли йиғламади. Афтидан, бўлажак дам олишни ўйлаган бўлса керак. Оналарга ўзлари билан қулоқларни тозалаб туриш учун пахтали тампонларни олишларини маслаҳат бераман. Парвозда вақт ўтиши сезилмаслиги учун айпадга турли ўйинлар, эртаклар, мультфильмларни юклаб олинг.
Кондиционер ишлаётган пайтда гўдагингиз совқотиб қолмаслиги учун стюардессадан қалин жун рўмол сўранг. Парвоз пайтида у билан мулоқот қилишга ҳаракат қилинг, иллюминатор деразасидан булутларни кўрсатинг, асосийси, кичкинтойингиз эътиборни ҳис қилсин. Шунда ҳаммаси яхши бўлади!
Анталияда биз Kaya Palazzo Golf Resort меҳмонхонасига жойлашдик. У ер бизга жуда ёқди. Биринчидан, ходимлар томонидан кўрсатилган юқори сифатли хизмат: барча ходимлар мулойим, доим табассум қилишади, дам олувчилар талабига кўра зарур бўлган барча нарсани ўз вақтида етказиб беришади. Уларнинг ҳаммаси хайрихоҳ ва меҳмондўст.
Сайёҳларга нисбатан хайрихоҳлик – бу, менимча, туркияликлар ва ҳар йили сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётганларнинг ижобий фазилатларидан бири бўлса керак. Иккинчидан эса, меҳмонхонанинг ўзи ҳам шинам ва озода. Унинг ҳудуди ям-яшил, парвариш қилинган. Ҳормай-толмай айланиш мумкин...
Даставвал таомлар ҳақида сўз юритсам. Меҳмонхонамизда таомлар аъло даражада ва мазали эди.
Асосийси эса – энг кичик ёшдагилар учун алоҳида таомнома. Мисол учун болалар бўтқаси, мевали ва сабзавотли пюрелар, шарбатлар...
Ҳар куни биз қуёш ва ёздан завқ олар эдик! Биз бунгалода яшадик ва кунига 24 соат Анталиянинг мусаффо ҳавосидан нафас олдик.
Ҳар тонг нонуштадан сўнг денгиз ёки бассейнга бордик.
Ҳеч биримиз зерикмадик. Катталарим соатлаб бассейнда чўмилишди. Менга сувнинг ўзида йўриқчилар ўзига хос болалар флешмоби – бассейндаги антиқа рақсларни уюштиришгани ёқди. Доимий ўйинлар, мусиқа садолари остида қувноқ шоулар, аниматорлар – сермазмун болалар дастури мана шулардан иборат эди. Шунингдек, катта ўғлим ва қизимнинг сузишда қўлга киритаётган муваффақиятларини кўриб келгунимча аниматорлардан кичкинтойимга қараб туришларини илтимос қилдим (болалар ва ўсмирлар бассейни алоҳида жойлашган). Умуман эса, Kaya Palazzo – «меҳрибон», оилавий меҳмонхона.
Кенжа ўғлим ҳақида ҳам икки оғиз. Бир ярим ёшда бўлишига қарамай, унга Туркия ёқди. У бирор марта бўлса ҳам йиғламади ёки хархаша қилмади. Аксинча, мусаффо ҳаводан нафас олди, қуёшда тобланди (фақат ҳурматли ота-оналар, ҳимоя кремларини унутманг), бассейн ва денгизда чўмилди. Буларнинг бари ўсиб келаётган ёш организм учун ниҳоятда фойдали, чунки йилига бир марта денгизда ҳордиқ чиқариш кучли иммунитетни шакллантиради, кичкинтойлар кам касал бўлишади, соғлом ва бақувват бўлиб вояга етишади.
Умуман олганда, болалар билан саёҳат қилиш керак, деб ҳисоблайман. Бу шарт-шароитнинг ўзгариши бўлиб, уйдаги муҳитга ҳам таъсир этади, болалар хотиржамроқ (айниқса, ўтиш ёшидаги ўсмирлар ҳақида гап кетганда), меҳмондўстроқ бўлишади, бошқа давлатлардан дўстлар орттиришади. Саёҳатлар дунёқарашни кенгайтиради ва ҳаётга бўлган қарашни ўзгартиради.
Уйга қайтишда биз Истанбулга кириб ўтдик, ажойиб экскурсияларда бўлдик, ушбу шаҳарнинг тарихий обидаларини томоша қилдик. Бу ҳам болаларнинг руҳий ва маънавий шаклланишида муҳим саналади.
Мен ҳар бир куним қувончли ва унутилмас бўлиши учун яшашга ўрганганман. Хоҳ Хитой, Европа, Осиё мамлакатлари, хоҳ Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудлари бўлсин, кўпроқ саёҳат қилишга, ҳар бир кунимдан завқ олишга интиламан. Ва биз катталар болаларимиз учун дунёни кашф этишимиз керак, деб ҳисоблайман!
Кичкина фарзандим дунёга келишидан аввал биз болаларим билан Испанияда бўлганмиз. Ҳа, яширмайман, парвоз осон кечмаган, боиси Тошкентдан тўғридан-тўғри рейслар йўқ. Фақат транзит. Бироқ бу ҳам мени ҳеч қачон тўхтатмаган, чунки фарзандларим Испания ҳавосидан нафас олиб табассум қилишганида, бу она учун энг катта бахтлардан бири эканлигини тушунганман! Шу сабабли саёҳат қилинг ва ўз фарзандларингизга ушбу катта, қизиқарли дунёни ҳадя этинг!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz