16-08-2017 16:30
2677
0
Қадрли дўстлар, бугун тошкентлик Севара Алламбергенова ўзининг Хитойга қилган сафари билан ўртоқлашади.
Мен Хитойга илк марта 2008 йилда борганман. Ёз фасли, мен эндигина Тошкент давлат шарқшунослик институтининг биринчи босқичини тамомлаган эдим ва Олий ўқув юртимизнинг 12 нафар талабаси ва иккита ўқитувчиси Хитойга 20 кунга малака ошириш учун бориши мумкинлигини тасодифан билиб қолдим. Шундай қилиб мен Хитойга биринчи марта ташриф буюрдим, Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги кичик шаҳарча – Шихэцзидаги университетда хитой тилини ўргана бошладим.
Шихэцзи – бу Хитойнинг биз ўрганган жўшқин, сершовқин, тез ривожланаётган шаҳарларидан бири эмас. У пайтда шаҳарча ҳали кичик бўлиб, энди-энди қурилаётган, бироқ боғлари ниҳоятда кўп эди. Айнан шу ерда мен илк марта ёритилиб турадиган рақсга тушувчи фаввораларни кўрганман. У пайтда Тошкентда бунақасини кўрмаган эдим.
Менинг Хитойга биринчи саёҳатимда кўплаб қизиқарли нарсаларнинг гувоҳи бўлганман. Ўшанда биз яна бир шаҳар – Тулуфан (ёки Турфан)да ҳам бўлганмиз. У Урумчи яқинида жойлашган ва ўзининг меваларию узумлари билан машҳур. Қизиқарли жиҳати, шаҳар Шинжон чўлида «қумдан» пайдо бўлган.
Айнан ўзимнинг биринчи сафаримда ўша машҳур пекинча ўрдак таомини татиб кўрдим! У билан «илк учрашувимиз» Шихэцзи шаҳридаги машҳур ресторанда бўлиб ўтди.
Баъзи бир тафсилотларни Сизларга баён этсам. Пекинча ўрдакни Хитойнинг исталган бурчагидан топишингиз мумкин, лекин уни Quаnjude ресторанлар тармоғида энг яхши тайёрлашади. Аниқлашимча, ушбу ресторанларнинг дастлабкиси қачонлардир Пекинда очилган бўлиб, айнан ўша ерда энг ширин ўрдакларни тайёрлаш сирини билишган. Вақт ўтиши билан ресторанларнинг шоҳобчалари кўпайиб, Хитойнинг турли шаҳар ва провинцияларига тарқалган. Мен айнан ўша ресторанларнинг бирида меҳмон бўлдим.
Ушбу таомнинг дастурхонга тортилиш жараёни жуда қизиқ. Меҳмонларга уни тайёр, бироқ бўлинмаган ҳолда тортиқ қилишади, сўнгра ошпаз Сизнинг кўз ўнгингизда уни пичоқ билан кеса бошлайди. Ўрдак гўшти ликопчаларга солинади ва бошқа ширин «қўшимчалар» билан хўрандаларга узатилади. Блинчиклар, соус ва пиёз албатта мавжуд бўлиши керак. Гўшт парчасини ёғли, бироқ жуда мазали териси билан маълум усулда блинчикнинг ичига соус ва пиёз билан биргаликда жойлаш керак. Таъбга ва қўшимча ҳақ эвазига бошқа гарнир, соус ва зираворларни олиш мумкин.
Пекинча ўрдак – жуда ҳам тотли таом. Хитойга ташриф буюрганларга уни татиб кўришни маслаҳат бераман. Шунингдек, Quanjude ресторанлар тармоғига кириб кўришингизни ҳам таклиф қилган бўлардим. Айтганча, ушбу тармоқнинг ўз белгиси – ошпаз қалпоқчасини кийган сариқ ўрдакча ҳам мавжуд.
Шихэцзи ошхонаси бизнинг миллий ошхоналаримизга яқин. У ерда мен биринчи бўлиб барча қонун-қоидаларга риоя қилган ҳолда тайёрланган ҳақиқий уйғурча лағмонни татиб кўрдим.
Ўша саёҳатдан сўнг ва ҳар сафар мени Хитойдаги нонушталар ўзига мафтун қилади! Бу алоҳида ширин мавзу!
Мени, мисол учун, хитой баоцзилари – буғда пиширилган хамирли пирожкилар ўзига ром қилди. Унинг масаллиғи турлича бўлиши мумкин. Улар турли навдаги унлардан ва ҳар хил шаклда тайёрланади.
Дўконларни сайр қилиш – Хитойга борган ҳар бир сайёҳ сафарининг муҳим қисми. Қизиғи, ўша пайтда бизнинг тошкентча дидимиз шихэцзиликларнинг дидига мос келмаган. Мисол учун, у ерда ўша вақтда рэп ва R&B усулидаги кўплаб кийимлар сотилган. Ростини айтганда, ўзимга мос кийимни топа олмаганман, чунки жиддий ва анъанавий усулда кийинишни ёқтираман.
Бироқ у ерда оёқ кийимлар бисёр ва танлаш имконияти ҳам чексиз. Шулардан бирини харид қилдим. Бу бандга алоҳида тўхталиб ўтирмаса ҳам бўлади – Хитойда оёқ кийимлар энг арзон ва исталган дидга мос эканлигини ҳамма шундоқ ҳам билади.
Тошкентга қайтгач, Хитойнинг шаҳарлари, маданияти ва тилини ёқтириб қолганимни ҳис қилдим. Бир йил ўқиганимдан сўнг сиёсатшунослик факультетидаги ўқишимни ташладим (у ерда мен инглиз ва француз тилларини ўрганаётган эдим ва уларни хитой тили билан бирга ўрганиш қийинчиликлар туғдирарди) ва хитой филологиясига ўтдим! Сўнг бу ҳақда ҳеч қачон афсусланмадим.
Шундай қилиб кичик бир сафар ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди! 2010 йилда мен яна Хитойга сафар айладим ва шундан сўнг бир ўзим ёки оилам билан у ерга яна ва яна ташриф буюравердим. Лекин ўзимнинг кейинги саёҳатларим ҳақида бошқа сафар албатта ҳикоя қилиб бераман!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz