27-03-2019 02:02
2280
0
Москва – кўнгилга яқин шаҳар. Баъзилар учун у болаликдаги хотиралар бўлса, бошқалар учун – Янги йил байрамига атаб безатилган ГУМ бўйлаб сайр. Учинчи тоифадагилар учун эса Москва ҳозирча амалга ошмаган, бироқ бир кун келиб албатта ушалувчи орзу!..
Бу бир қанча тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлган шаҳарни кўриш орзуси. Унинг кўчалари кўплаб сиру синоатларни яширган. Қачонлардир ота-оналар мактабда ўқийдиган фарзандларини «гумбазлари олтин пойтахт»га олиб боришган ва Қизил майдон, Кремль, шунингдек Москва Давлат Университети биносини кўрсатиб: «Беш баҳога ўқисанг, катта бўлсанг мана шу ерда ўқийсан» дея қизиқтиришган.
Ҳозир-чи? Москвага бориш керакми ёки у ер биз учун қизиқ эмасми? Бугун биз сиз билан Россия Федерацияси пойтахтига виртуал саёҳат уюштирамиз ва дам олиш кунлари у ерда нималарни томоша қилиш мумкинлиги ҳақида гаплашамиз!
Демак, агар сиз Москвага икки кунга борган бўлсангиз, қулай пойабзал кийиб олинг, чунки кўп юришингизга тўғри келади! Сабр-бардошни ҳам ўзингиз билан олинг, чунки у ерда сайёҳлар жуда ҳам кўп! Фотоаппарат ва телефонларингизни ҳам унутманг, сабаби суратга туширишга арзигулик жой ва лаҳзаларга кўп марталаб дуч келишингиз аниқ! Хўш, биринчи бўлиб биз...
Қизил майдон
...га саёҳат уюштирамиз. Ахир бу Москва тимсоли-ку! Қачонлардир бу жойлар савдогарларнинг кичик ёғочли майдончаси бўлган. Шаҳар каби, Қизил майдон ҳам ривожланиб, кенгайиб борган. У турли тарихий босқичларнинг гувоҳи бўлган ва ҳозирда «кўрганларини» меҳмонларга намойиш қилиб билан овора.
Албатта, майдоннинг машҳур брусчаткалари бўйлаб юринг, Кремль фонида суратга тушинг.
Василий Блаженний ибодатхонаси турфа ранглари билан ажралиб туради.
Халқ қаҳрамонлари Минин ва Пожарскийларнинг ҳайкали ёнида бир зум тўхтанг.
Яна қоровулларнинг алмашишини албатта кутинг (ёзда ҳар соатда ва қишда ҳар ярим соатда), чунки бу гўзал бир саҳна кўринишига ўхшайди.
Кремль
Кремль рус архитектурасининг гўзал намуналари – Успенский, Благовешенский ва Архангельский черковлари, Иван Великий қўнғироқлар минорасини кўриш имконини яратади.
Москвадан Царь-пушка ва Царь-колокол ёнида суратга тушмасдан кетиб бўладими?!
Шунингдек, Кремль ҳудудида лочин ва қирғийлар яшовчи Тайницкий боғи жойлашган. Бу қушлар Кремлдан каптарларни қувиб туришган деб ҳисобланади.
ГУМ
Ўзингизнинг Қизил майдон ва Кремль бўйлаб кичик саёҳатингиз пайтида ГУМдан узоқроқ жойда бўлсангиз ҳам, ушбу савдо-кўнгилочар комплексга албатта кириб ўтинг!
Бу ерда барчаси бир вақтнинг ўзида замонавий, қизиқарли ва тарихий кўринишда яратилган. Мисол учун, LUXURY-бутиклар бу ерда пюрели котлетлар ва тузланган бодринглар тортиқ қилинувчи ўтган аср 50-йилларининг «Гастроном №1» ёки «Столовая №57» каби ошхона ва дўконлари билан ёнма-ён жойлашган.
Арбат
Ҳар бир шаҳарда айнан шу шаҳарнинг ўзгача муҳитини ҳис қилиш мумкин бўлган кўча бор. Арбат – бу Москва маркази, энг қадимий кўчалардан бири. Бугунги кунда бу ерда сувенир ва совғалар сотилувчи кўплаб савдо расталари бор, бироқ гап бунда эмас! Асосийси, Арбат – бу зиёлилар жойи. Агар омадингиз чопса, сиз артистлар намойишини ёки рассомларни ижод устида учратишингиз мумкин!
Қачонлардир Арбатда машҳур инсонлар – Толстой, Шереметьев, Голицин, Цветаева, Аксаков, Бальмонт ва бошқалар яшашган.
Яна бу ерда Булат Окуджавага ҳайкал, Цой Девори, «Пушкин ва Натали» меъморий ҳайкали бор.
Третьяков галереяси
Москвага келдингизми, маданий ҳордиқ ҳам чиқариш керак. Бу ишни Третьяков галереясида амалга ошириш имконияти мавжуд!
Лаврушенск тор кўчасидаги тарихий бино – бу ХI–XX аср рус рассомларининг 1300 дан ортиқ ишлари. Бу ерда машҳур рассомлар – Репин, Суриков, Серов, Верешагин ва бошқаларнинг ишлари тўпланган.
Воробьёв тоғлари
Унутилмас таассуротларга эга бўлмоқчимисиз? Ундай бўлса Воробьёв тоғларига боринг. Бир пайтлар Блок ва Булгаковлар шу ерда туриб, ижод учун илҳом олишган... Энди эса ҳар биримиз Москвага юқоридан назар ташлаб, бетакрор манзарага гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Москва Давлат Университети биноси ва Олимлар хиёбони бўйлаб сайр, кузатиш майдони, Москва кўлида экскурсия – бундай саёҳат кўплаб ижобий ҳис-туйғуларни ҳадя этади.
ВДНХ
Ўтмишда ВДНХ халқ хўжалиги ютуқларининг кўргазмаси сифатида довруғ қозонган. Бугун бу ерда савдо павильонлари, музейлар қад ростлаган, ижодий кечалар, концерт намойишлари ўтказилади. Айнан шу ерда океанариум, космонавтика интерактив музейи, балиқчилик фермаси, гулбоғ ва ҳатто аттракционлар парки ҳам бор.
Москвадаги иккинчи кунги сафарингизда ўзининг ҳажми билан кишини лол қолдирувчи машҳур ҳовли-жойларни кўришингиз мумкин!
Царицино
Ушбу сарой-парк ансамблини Екатерина II буйруғига биноан қуришган. Бугун бу ерга, ушбу ажойиб музей-қўриқхонага ҳашаматли саройларни кўриш иштиёқидаги сайёҳлар келишади.
Бу ерда ташкиллаштирилувчи классик ёки джаз мусиқаси концертларида иштирок этиш ҳар кимга қизиқ бўлиши мумкин.
Фавворалар ўзгача сокинлик бағишлайди...
Архангельск
Бу ям-яшил хиёбонлар, бетакрор ҳайкаллар ва итальян, француз ҳамда инглиз паркларидан иборат гўзал қўрғон.
Катта театр
Ҳа, албатта, у ерга кириш чипталари арзон эмас (3800 рубль, бу деярли 500 000 сўм), бироқ машҳур Катта театр артистларининг чиқишлари кўнгил учун ҳақиқий байрамга айланиб кетади! Бу шунга арзийди!
Кўриб турганингиздек, Москва ранг-баранг ва турфа. Баъзилар уни сершовқин Қизил майдондан изласалар, бошқалар Третьяков галереясидан, учинчилар эса қўрғонлар бўйлаб сайрдан топишади. Баъзилар учун у янгиланган, замонавий бўлса, бошқалар учун эски хотираларни ёдга солувчи. Хуллас, ҳар кимнинг Москва ҳақида ўз хулосаси ва ўз тасаввури бор. Бироқ асосийси, барчасини бир пайтда кўришга интилиш эмас, айнан ўзингизга ёққан Москвани топа олиш!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz