Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

21-11-2017 17:15

Тбилисида албатта боришингиз лозим бўлган 10 та жой

3136

0

«Баланд тоғ чўққисида, осмон ерни бағрига босувчи жойда бир мағрур қирғовул бўлган экан. Бир куни у олис парвозга отланибди ва подшоҳ Вахтанг Горгасалининг найзасига дучор бўлибди. Жароҳатланган қуш илиқ булоққа қулаб тушибди ва ўлими олдидан унинг сувидан ичишга қарор қилибди. Шу пайт мўъжиза содир бўлибди: мағрур қушнинг танига куч кирибди ва у олис-олисларга учиб кетибди...

 

«...учун ичамиз» –шифобахш сув ва табиат мўъжизага қодир эканлигига ишонувчи Кавказда ҳар бир қадаҳ айнан шундай сўзлар билан бошланади. Бироқ қирғовул ҳақидаги ҳикоя қадаҳ сўзи эмас, балки Тбилиси шаҳрининг ташкил топиши ҳақидаги ривоятдир! Кавказнинг ушбу дурдонаси қирғовул сув ичган жойда ташкил топган. Шаҳар номи ҳам айнан шундан келиб чиққан – Тбилиси, яъни илиқ.

 

Даставвал, 16–18-асрларда ушбу булоқлар ўрнида илиқ ва анча фойдали олтингугурт ҳаммомлари қурилган. Айтганча, уларнинг баъзилари бугунги кунга қадар сақланиб қолган. Ўз номини Тбилиси бу ерга ташриф буюрган ҳар бир меҳмонни илиқ қарши олиши билан ҳам қайсидир маънода оқлайди.

 

Биронта ҳам меҳмон машҳур грузин виноларини ичмай ва миллий таомларини татиб кўрмай бу ердан кетмайди!

 

Ўйин-кулги ва рақслар бошингизни айлантириб қўйиши шубҳасиз!

 

Ҳақиқий грузин гўзалининг булбулдек ширали овози ҳар кимни ўзига мафтун айлайди!!!

 

Кучли, мард, мағрур ҳақиқий тоғлик кавказликларнинг рақси кишига ўзгача кайфият бағишлайди.

 

Бугун биз ҳаётингизда ҳеч бўлмаса бир марта бориб кўришингиз лозим бўлган Тбилисининг 10 та энг диққатга сазовор жойлари ҳақида сўз юритамиз.

 

Эски шаҳар

Хоҳлайсизми-йўқми, Эски шаҳар – бу доим томоша қилиш зарур бўлган энг асосий тарихий марказдир. Сақланиб қолган ёдгорликлар сабабли гўёки жонланаётгандек таассурот уйғотувчи тарихий жойларни кўриш бирламчи вазифадек туюлади.

 

Тбилисининг Эски шаҳарида ҳаёт тўхтаб қолгандек таассурот уйғонади. Тор кўчалар тўппа-тўғри ўрта асрларга етаклайди. Икки қаватли уйларга узумзорлар чирмашиб кетган. Ўзининг осмонўпар биноларию баланд иморатларига эга замонавий дунё йўқдек гўё...

 

Бежизга бу ерда буюртмангизга кўра Сизга нимадир ясаб беришга шай ҳунармандлару рассомларни ҳар қадамда учратмайсиз. Тошкентимизнинг Хаст-Имоми атрофидаги ҳолатни бир эсланг.

 

Жума масжиди

Бу масжид Тбилисида ягона ҳисобланади. У Эски шаҳар туманида жойлашган бўлиб, архитектура жиҳатидан қизиқарли ва ноёб: исломга хос бўлган безаклар ва дарвоза ёнида қад кўтарган минора эътиборни тортади. У 18 асрда Усмонли турклар томонидан қурилган. Шу сабабли ушбу масжидни боришимиз зарур бўлган жойлар рўйхатига киритамиз.

 

Нарикала

Бу Тбилисининг энг қадимий ва машҳур ёдгорлигидир. Уни «Забт этиб бўлмас» деб аташади, чунки ушбу қалъа урушларни ҳам, ер қимирлашларини ҳам бошидан кечирган. Ҳатто архитекторлар ҳам уни қайта тиклашга ботина олишмаган, шу сабабли у кўз ўнгингизда ўзининг дастлабки кўринишида намоён бўлади.

 Ёдгорлик Мтацминда қояси чўққисида жойлашган. У ердан қандай гўзал ва бетакрор манзара кўринишини бир тасаввур қилинг!

 Метехи

Бу жуда ҳам қадимий туман, Грузиянинг ўзига хос бешиги. Қачонлардир бу ерда дастлабки грузин ҳукмдорларининг саройлари атрофида турар жойлар бўлган. Бугунги кунда эса бу очиқ осмон остидаги ҳақиқий музейдир. Уни ҳам ўзимизнинг рўйхатимизга киритамиз!

 

Олтингугурт ҳаммомлари

Улар 16–18 асрларда бунёд этилгани ҳақида биз аввалги блогимизда ёзган эдик. Ушбу машҳур ҳаммомлар Абано туманида жойлашган. Улар ростдан ҳам ер остида жойлашган. Гумбаз билан беркитилган ва қайноқ булоқларига эга ҳаммомлар кузда ва қишда Сизни албатта иситиб қўяди.

 

Шота Руставели шоҳкўчаси

Буёғи замонавий Тбилиси. Парламент, музейлар, опера ва балет театри ҳамда 1,5 км.га чўзилган шунчаки чиройли кўча. Бизнинг Тошкент бродвейи билан умумий ўхшаш жиҳатларига эга.

 

Тинчлик кўприги

Бу эса кўпроқ грузин Сингапурини эслатади. Тбилисидаги Тинчлик кўприги – ойна билан ўралган 156 метр узунликка эга пўлат каркаслардан бунёд этилган. Кўприк ўтмишдан келажакка ўтишнинг тимсоли ҳисобланади.

 

Кундуз куни ҳам, кечаси ҳам ҳаммаёқ жуда чиройли!

 

Қуруқ кўприк ёнидаги бозор

Қадимий буюмларга қизиқсангиз, бу жой айнан Сиз учун!

 

Ёйма бозорни эслатувчи жой бир вақтнинг ўзида очиқ ҳаводаги музей ҳамдир.

 

Резо Габриадзенинг қўғирчоқлар театри

Ажойиб кайфият улашувчи жуда ҳам ижобий ва қувноқ спектакллар намойиши. Театр жойлашган бино соатлари ҳар 15 дақиқада бонг уради ва кичик томоша қўйиб беради.

 

Грузия тарихи меъморий ёдгорлиги

Таиланднинг Пхукет оролида сайёҳларни у қадар ҳам кўп олиб борилмайдиган жой бор. Бу замонавий кузатув майдони. Бу ер ҳам шундай: Грузия тарихи меъморий ёдгорлиги, биринчи навбатда, бу ерга одамларнинг ташрифи камлиги билан эътиборга лойиқ.

 

У Тбилиси денгизи ёнида жойлашган, атрофда эса – боғлар, узумзорлар, бетакрор манзара, сокинлик, гўзаллик...

 

Замонавий ва қадимий Тбилиси мана шундай. Нима дедингиз? Ўзингизга ёққан жойни ажратиб олдингизми? Биз эса ёзиб олдик ва албатта у ерга борамиз! Фақатгина самолётга чипта олиш ва орзу сари Грузияга сафар айлаш қолди, холос!

 

Мақола муаллифи: Александра Терёхина

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top