05-04-2019 16:03
3659
0
Сарлавҳамиздан ҳайрон бўлманг. Бугун, дарҳақиқат, гап биз ҳақимизда эмас, балки қозоғистонлик ён қўшниларимиз ҳақида боради. Биринчидан, қайси мавсум бўлишидан қатъи назар аҳолиси саёҳат қилувчи мамлакатда сайёҳлик соҳаси қандай ташкиллаштирилгани борасидаги тажриба кишида қизиқиш уйғотади. Иккинчидан эса, Қозоғистон – аҳолиси Амирликларга йил бўйи дам олиш учун сафар қиладиган давлатлардан бири. Жумладан, ёзда ҳам!
Биз ўзбекистонликлар ҳам Бирлашган Араб Амирликларини ёқтирамиз. Эҳтимол, биринчи навбатда, ранг-баранглиги учундир. Бу ерда бизга ажойиб пляжда дам олиш, исталган таъб ва чўнтакка мос меҳмонхоналар, унутилмас экскурсиялар, оилавий кўнгилочар томошалар ва албатта, тежамли шопинг таклиф қилинади. Бироқ у ерга кузда, қишда ёки бўлмаса баҳорда боришга ҳаракат қиламиз. Боиси ёзда Дубай биз учун ниҳоятда иссиқдек туюлади. Нега унда қозоғистонлик қўшниларимиз у ерга ёзнинг қоқ чилласида, июнь, июль ёки августда ҳам учаверишади. Бунга сабаб нима?
Умуман олганда, айтиш керакки, қозоқлар Дубайни бошқа ерлардан афзал кўришади. 2018 йилнинг 10 мартидан бошлаб Қозоғистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро визасиз сафарлари ҳақидаги келишув кучга кирди. Шу боис сайёҳлар сони ҳам анча ортди.
Олма-ота, Нур-Султон (Астана), Чимкент ва Қозоғистоннинг бошқа йирик шаҳарларидан Дубайга Fly Dubai, Etihad Airways, Air Astana каби ишончли авиакомпаниялар томонидан тўғридан-тўғри рейслар амалга оширилади. Айтганча, Fly Dubai компаниясининг бозоримизга кириб келиши муносабати билан эндиликда Ўзбекистонда ҳам жуда мақбул таклифлар бор. Telegram-каналимизга обуна бўлганлар деярли ҳар куни Дубайга қаноқ турларни эълон қилиб боришимиздан хабардорлар.
Бироқ келинг яна қозоғистонликларга қайтамиз ва нега улар 40 даражалик иссиқдан қўрқмай Амирликларга жазирама пайтида ҳам боришлари ҳақида сўзлаб берамиз! Биз кўплаб изоҳларни ўрганиб чиқдик, форумларни кўрдик ва Дубайга йилнинг шу фаслида борилиши сабабларини топишга ҳаракат қилдик.
Дубайда, чиндан ҳам, ёзда сайёҳлар сони камаяди. Қайноқ ҳароратни Амирликлар «қайноқ таклифлар» ва чегирмалар билан компенсация қилишга интилишади. Мисол учун, июнь, июль ёки августда Дубайдаги ҳашаматли люкс меҳмонхонада бугун сиз ўртача 5 юлдузли меҳмонхонага тўлашингиз мумкин бўлган ҳақ эвазига дам оласиз.
Пляжли VIP ва нуфузли меҳмонхоналар ёзда супер чегирмалар қилишади, баъзан икки фарзандни ота-онаси билан бепул жойлаштиришлари мумкин! Меҳмонхоналар бепул тушлик ва кечки овқат беришади.
Форумларнинг бирида олма-оталик бир қиз 2018 йили Шаржага борганлиги ҳақида сўзлаб берди. Меҳмонхонада уларни яхши кутиб олишди ва ёқимли совға қилишди. «Сайёҳлик фирмасида фақатгина нонушталар ҳисобга олинган меҳмонхонага тўлов қилган эдик, борганимизда эса овқатланиш тизимини тўлиқ уч маҳалга ўзгартириб беришди» – дейди у.
Кўпинча меҳмонхоналар бир ёки бир неча фарзандлар учун бепул жойлашишни таклиф қилишади ёки бўлмаса хона тоифасини кўтариб беришади.
Яна... Бу пулга бошқа ёзги курортлардаги люкс меҳмонхоналарда сиз аниқ ҳордиқ чиқара олмайсиз!
Ёз Араб Амирликларида сайёҳлик мавсуми ҳисобланмайди. Шу боис, кўпроқ йўловчиларни жалб қилиш учун авиакомпаниялар чипта нархини туширишга ҳаракат қилишади ва турли акциялар ўтказишади. Мисол учун, «1 нафар фарзанд ота-онаси билан бепул учади».
Қозоғистон шаҳарларидан Дубайга 4-5 соат ичида учиб бориш мумкин. Рейслар ҳам жуда кўп, Олма-ота ва Нур-султондан кунига 2-3 та рейс амалга оширилади. Бу, албатта, катта ютуқ, чунки, мисол учун, Жануби-Шарқий Осиёнинг қайсидир курортига бориш учун, биринчидан, камида 6-7 соат талаб этилади. Иккинчидан эса даставвал катта шаҳарга учиш (Бангкок, Куала-Лумпур, Сингапур ва шу каби) ва шундан сўнггина орол курортларига етиб бориш мумкин.
Айтганча, Дубай биз тошкентликлар учун ҳам жойлашган ўрнига кўра қулайдир. 3 соат – ва сиз Форс кўрфазининг қайсидир пляжида дам оляпсиз!
Ушбу пункт олдингиси билан тўғридан-тўғри боғлиқ ва ушбу афзалликни кўпчилик қозоғистонликлар алоҳида таъкидлашади. Нега дейсизми?
«Таътилга кетаётганингда доим пляжда ётиш учун эмас, балки харидлар қилиш, диққатга сазовор жойларни томоша қилиш ва шунчаки шаҳар айланиш учун борасан. Албатта, Таиланд ёки Малайзиянинг ўз экзотикаси ва қизиқарли экскурсиялари бор, бироқ Дубайдаги пляжда ва шаҳарда дам олишнинг ажойиб уйғунлигини бошқа ерда кўрмаганман!» – дейди каскеленлик Арай. Кўпчилик қозоғистонликларнинг фикри ҳам шундай.
1998 йилдан Амирликларда Форс кўрфазидаги энг машҳур «Ёзги совғалар» фестивали ўтказиб келинади. Ҳар йили ушбу воқеа БААга Қозоғистондан сайёҳлар оқимининг ошишига сабаб бўлади. Сабаби, биринчидан, қимматбаҳо совғалар ўйналувчи лотереялар кишини хурсанд қилади (автомобиллар, квартиралар, тилла ёмбилар, сайёҳлик сафарлари, катта пул ютуқлари). Иккинчидан, маҳсулотларга улкан – 50, 60 ва ҳатто 75 % лик чегирмалар берилади.
Ёзда Амирликларнинг ҳар ерида жазирама ҳукмрон. Кундузи ҳаво ҳарорати 40 градусдан ошиб кетади, денгиздаги сув ҳарорати эса – 30. Бироқ тан олинг, бизда ҳам, Қозоғистонда ҳам ёзда Карлови Варидагидек 25 даража илиқ эмас! Шу боис биз каби иссиқ ҳароратга ўрганганларни бундай шароит асло қўрқитмайди.
«Амирликларда деярли ҳаммаёқда кондиционерлар бор: автобусларда, такси, метро, дўконларда, бозорларда, ҳаттоки автобус бекатларида ҳам, – дейди мана тўрт йилдан бери Дубайга ёзда дам олгани бораётган чимкентлик аёл. – Бунинг устига, денгизга яқинлик юмшоқ иқлим шароитини ҳосил қилади. Шахсан мен ўзимни қулай ҳис қиламан».
Ёзда у ерда чўмила олмаслигингиздан хавотирланманг. Айтганча, деярли барча изоҳларда пляжда соябон тагида жазирама деярли сезилмайди, айниқса, тушликдан олдин ва кейин тўғри вақтни танласангиз. Шундай бўлса-да, борди-ю пляжга боргингиз келмаса, меҳмонхонадаги бассейнда чўмилишингиз мумкин, у ердаги сув ҳарорати 24-26 градус атрофида бўлади.
Эҳтимол, МДҲ ҳудудида бунчалик кўп осмонўпар бинолар ва қизиқарли архитектурага эга шаҳарни топа олмассиз. Тунда, ҳаммаёқда чироқлар ёқилганида бу бинолар мисоли ўзига тортаётгандек бўлади. Балки кўпчилик ота-оналар фарзандларига юз қаватлик бинони кўрсатишни хоҳлашар. Агар бу бор-йўғи уч соатлик парвоздан сўнг бўлса... Бемалол! Қозоғистонликлар шундай қилишади ҳам ва Дубайга ёзда оилавий боришади!
Дубайдаги бундай баланд бинолар чиройли номларга эга – Олмос минораси, Мингйиллик, Атиргуллар, Princess Tower ва ҳ.к.
Бутун дунёга машҳур Burj Al Arab парус-меҳмонхонасига ажойиб манзара очилувчи Jumeirah Open Beach да селфи қилиш ёки фотосессия уюштиришни кўпчилик орзу қилади! Бу, ахир, ақл бовар қилмас гўзалликка эга пляж!
Тунда ажойиб манзара ҳосил қилувчи Бурж-Дубай минораси фонида суратга тушиш-чи?!
Ёки дунёдаги энг йирик рақс тушувчи фавворалар ёнида рангларнинг ажиб рақсини суратга олиш-чи?!
Нимасини айтасиз: Амирликларда суратга тушишга арзигулик жойлар ниҳоятда кўп. Мисол учун, аквапарклар, дельфинарийлар, саҳро бўйлаб сафари-турлар! Бир сўз билан айтганда, шунчалик кўп суратга тушиш мумкинки, Instagram ёки Facebook ингиз бир сонияда машҳур ва қизиқарли бўлиб кетади!
БАА брендининг ўзи дунёдаги энг қимматларидан бири ҳисобланади. У ерда қаерга қарама, машҳур брендларга кўзингиз тушади. Мисол учун, етти юлдузли Burj Al Arab, Jumeirah-Atlantis The Palm, Four Seasons Resort Dubai at Jumeirah Beach, The Ritz-Carlton, Kempinski Hotel & Residences Palm Jumeirah, Rixos The Palm Dubai ва бошқалар.
Ҳатто космосдан ҳам кўринувчи Дубай Пальма оролини дунё мўъжизалари қаторига киритиш мумкин! Шу ерда, Atlantis, The Palm меҳмонхонаси ёнида дунёга донғи кетган Aquaventure аквапарки жойлашган.
Дунёнинг саккизинчи мўъжизаси ва ислом оламида ишонч тимсоли, замонавий ислом цивилизацияси мўъжизаси дея аталувчи Абу-Дабидаги шайх Зайиднинг бетакрор масжиди ҳақида ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Масжид деярли бешта футбол майдонига тенг улкан ҳудудда жойлашган бўлиб, унинг деворлари чақноқ тош ва тилла билан югуртирилган. Унинг нархи – 500 миллион доллардан ортиқ! Жавоҳиротлар билан безатилган мармар ибодатгоҳлар ва ички безаклар, 9 тонналик дунёдаги энг йирик қандил, шунингдек, 6 квадрат метрли дунёдаги энг катта гилам кишини лол қолдиради.
Ушбу ёқимли ўзгачаликни ҳам эътиборга оламиз. Одатда, мавсум авжида Дубай пляжларида сайёҳлар кўп бўлади. Мириқиб дам олиш қийинчилик туғдиради. Сайёҳлар ҳаммаёқда кўп. Ёзда эса дам олувчилар сони камаяди. Шу боис хотиржамлик ҳолатида чўмилиб исталганча тобланиш мумкин!
Биринчидан, кўпчилик компаниялар экскурсион дастурларга чегирмалар қилишади. Бу катта плюс. Иккинчидан эса, юқорида таъкидлаганимиздек, сайёҳлар кам ва ҳаммаёққа бориб, ҳаммасини диққат билан томоша қилиш ва суратга олиш осон. Ушбу жиҳатни TripAdvisor да ҳам алоҳида таъкидлашади.
Умуман, Дубай – бу чиройли ва қимматбаҳо автомобиллар шаҳри. Араблар билан бир қаторда сайёҳларнинг ўзлари ҳам бу ерда қимматбаҳо машиналарда юришади.
Нафақат қозоғистонликлар, балки бизнинг сайёҳлар ҳам Дубайга борганларида шундай автомобилларни ижарага олишади ва таътиллари давомида ўзларини қироллардек ҳис қилишади! Қозоғистонлик сайёҳлар орасида Мерседес, Феррари, Бугатти, Порше, Ламборгини каби брендлар машҳур бўлиб, уларни ёзда нисбатан арзонга ижарага олиш мумкин ва улар бундай имкониятдан жон деб фойдаланишади!
Умуман олганда, Бирлашган Араб Амирликлари – сайёҳлар учун ажойиб инфратузилма яратилган мамлакат.
Мисол учун, Dubai Mall га бориб чанғи учиш ёки аквариумга кириб ҳатто совқотиб қолиш мумкин! Mall of Emirates тоғ-чанғи комплексида ҳам бироз совуқроқ туюлиши мумкин.
Деярли ҳаммаёқда – Zabeel, Dubai Parks & Resorts, Burj Khalifa кузатиш майдончаси ва бошқа ерларда сизни шинам шароитда кутиб олишади ва ажойиб кайфият тақдим этишади!
Кўзни қувнатувчи, ёрқин, жонли, сирли Miracle Garden гуллар боғи – ҳақиқий эртак олами! Бу ерда 45 миллиондан ортиқ ўсимлик ва Амирликларда севимли бўлган шайх Зайид портретидан тортиб улкан гуллар пирамидасигача кўплаб қизиқарли композициялар бор!
Дубайдаги ресторанларда энг машҳур ошпазлар ишлашади. У ерда ҳаммаси мукаммал – мазали менюдан тортиб дизайн ва кечки шоуларгача. Жумладан, Cavalli Club Dubai, Okku Restaurant & Lounge, Дубайдаги ягона Al Dawaar айланма ресторани, дунёдаги энг машҳур Al Mahara балиқ ресторани, Social by Heinz Beck, Pierchic, At.mosphere Burj Khalifa, Fairmont Dubai, Nusr-Et Steakhouse ва бошқалар.
Яна бу ерда дунёнинг ҳеч бир ерида учрамайдиган ноёб барлар бор. Level 43, Pure Sky Lounge, Estrellas, Hard Rock Café кабилар, эҳтимол, фақат Нью-Йоркда бордир. У ерга албатта ташриф буюриш керак!
Дубай ва бошқа амирликларга ёзда борувчи қозоғистонликлар мана шундай сабабларни келтириб ўтишади. Фикрлар турлича бўлиши мумкин, лекин бориш ёки бормаслик – фақатгина сизнинг ихтиёрингизда. Дубайда ёзда дам олиш учун сиз қандай сабабларни келтириб ўтган бўлардингиз?
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz