Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

27-06-2018 17:30

Саёҳат: Зарина Қодированинг Истанбул таассуротлари

2175

0

Бугунги блогимиз меҳмони – тошкентлик ажойиб қиз Зарина Қодирова. У қандай қилиб банкдан кетгани, ишини ўзгартиргани ва саёҳат қилишни бошлагани ҳақида сўзлаб беради. Шунингдек, у Истанбулни яхши кўради ва бугун бунинг сабабини тушунтиради.


Мен Туркияга кўп бораман ва менинг севимли шаҳрим – Истанбул.

Истанбул деярли ҳар тарафдан денгиз билан ўралган. Денгизни томоша қилиш ва тўлқинлар олиб келувчи енгил шабададан баҳра олиш ёқимли. Агар сен денгизни ёқтириб қолсанг, буни бутун умрга деявер.

Истанбулда ерусти метроси бор бўлиб, бу менга жуда ёқади. Чунки сафар вақтида мен Мармар денгизи ва Босфорни томоша қила оламан. Умуман олганда, Истанбул метросида сайр қилиш – бу ўзига хос экскурсия! Шу сабабли сайёҳлар ойнага яқинроқ ўтиришга ҳаракат қилишади.
Истанбулдаги саёҳатимни тарихий обидаларсиз тасаввур қила олмайман. Ҳар бир бурчак ва уйда қандайдир сир яширинган. У ердаги чиройли масжидларни айтмасизми?!

Имкониятим пайдо бўлиши биланоқ Султон Аҳмад районида сайр қиламан. Ҳар сафар у ерга борганимда ўзимни султон Сулаймон ва мафтункор Роксолана ҳақидаги фильмга тушиб қолгандек сезаман!

Менинг севимли жойларимдан бири Дўлмабоғча саройи ҳисобланади. У ерда буюк султонлар яшаган ҳашамат ва дабдаба ҳозиргача сақланиб қолган.

Интерьернинг барча буюмлари европа услубида бажарилган. Султонга Европа қироллари совға қилган 15–16 асрга оида мебель ҳам сақланиб қолган.

Турк ширинликлари – бу Истанбулга келган ҳамма сайёҳларнинг энг севимли егуликлари. Барча ширинликлар мазали ва тўйимли, чунки улар асосан асалдан тайёрланади. Кўп бора гапиргандан бир марта татиб кўрган афзал...


Истанбулда денгиз қирғоғида кўплаб қаҳвахоналар бор. Ўзим ҳам кечки пайт шундай қаҳвахоналарнинг бирига бориб, қаҳва, чой ичишни ёки денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомлар ва балиқ тановул қилишни яхши кўраман. Денгизни соатлаб томоша қилиш мумкин. Бундай туйғуни фақат Истанбулда ҳис қиласиз!

Айтганча, Истанбулда денгиз маҳсулотлари ва балиқ ниҳоятда мазали тайёрланади ва арзон нархда сотилади. Кўчанинг ўзида балиқ танлашингиз мумкин ва кафеда уни айнан Сиз хоҳлагандек тайёрлаб беришади!

Кўплаб оилалар кечқурун овқатланиш учун келишади. Камида ҳафтасига бир марта. Одатда, усти очиқ ресторанларда, тоза ҳавода овқатланишади.

Истанбул доим, ҳатто тунда ҳам ҳаракатда! Клуб ёки барга бориш шарт эмас. Шунчаки кечки кўчалар бўйлаб сайр қилиш ёки қаҳвахонага кириб чой ёки қаҳва ичиш мумкин. Баъзилар ишдан сўнг қаҳвахонага келишади, қаҳва буюртма қилишади, кейин иккинчисини, учинчисини ва ҳ.к... Шу тарзда тун кириб келади, чойхўрлик эса давом этаверади. Истанбулда чой анъанаси сақланиб қолган. Истанбулликларнинг яна бир севимли ичимлиги – қаҳва, яъни машҳур турк қаҳваси...

Шунингдек, Истанбулга кўпчилик шопинг учун келади! У ерда кўплаб ассортиментга эга улкан молл бор. Ходимлар дўконда мукаммал тартиб бўлишини диққат билан кузатишади. Менинг севимли брендларим – Zara ва Bershka. Истанбулдан ушбу брендларнинг кийимларини доим сотиб оламан.

Ҳар бир кўча тарихдан сўзлайдиган, сен денгизни ҳис қиладиган ва Босфор соҳилида бир пиёла қаҳва ичиб кечаларни қарши оладиган муҳитдан сўнг қандай қилиб Истанбулни севиб қолмаслик мумкин?! Истанбул – бу кўнглингдан умрбод жой оладиган шаҳар!

 

Мақола муаллифи: Зарина Қодирова

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top