Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

29-08-2017 16:30

ПЛЯЖДА ҚУЁШДА ТОБЛАНИШГА БЎЛГАН ОМАДСИЗ УРИНИШ, ТАРЗАНКА, СЕРГЕЙ ШНУРОВ ВА ЯНА ЮРМАЛАНИНГ НИМАЛАР БИЛАН ЁДИМДА ҚОЛГАНИ ҲАҚИДА

2513

0

Демак, дўстлар, ваъда қилганимдек, Шерзод Абдуллаев ўзининг Латвиядаги қувноқ таътили ҳақида ҳикоя қилишда давом этади. Ва бугун у бизга Юрмалага қилган саёҳати ҳақида ҳикоя қилади.

Ўтган сафар Ригада ўтказган икки ҳафтам ҳақида сўзлаб берган эдим. Бугунги ҳикоям эса Юрмалага бағишланади.

Юрмала – ҳар йили юз минглаб кишилар дам олиш учун ташриф буюрувчи Латвиянинг курорт маскани. Шунингдек, бу ерга Алла Пугачёва, Филипп Киркоров, Светлана Лобода, «Comedy Club» вакиллари ва бошқа кўплаб юлдузлар машҳур «Зинтари» концерт залида ўз чиқишларини намойиш қилиш ва шунчаки дам олиш учун келишади. Мен Юрмалага борганимда у ерда Сергей Шнуров ва «Ленинград» гуруҳи концерт бераётган эди.

Юрмалада мен яқинларим билан тахминан 7–8 соат бўлдим. Энди Сиз азизларга шундай қисқа вақт ичида у ерда нималарга улгуриш мумкинлиги ҳақида гапириб бермоқчиман.

Биринчиси – албатта «Зинтари» боғида айланиш керак. Ушбу боғ ниҳоятда гўзал. Бордию Сиз ёввойи, бироқ хавфсиз табиатни ёқтирсангиз, бу жой Сизга маъқул келиши шубҳасиз. Боғ инсонлар томонидан ўзлаштирилган ўрмонга жуда ўхшайди, боиси у ерда баланд дарахтлар бениҳоя кўп, шу билан бирга яқин атрофда уйлар, ғаройиб дизайнга эга меҳмонхоналар, ресторан ва шу кабилар бор.

Ушбу боғ шунингдек, кузатиш минораси ва «Тарзан» кўнгилочар боғи билан машҳур. Миноранинг баландлиги 38 м, у металл ва ёғочдан тайёрланган бўлиб, 12 та балкони ҳам бор. Ушбу балконлардан туриб турли баландликда яқин-атрофни кузатишингиз ва агар баландликдан қўрқсангиз, хушингизни йўқотишингиз мумкин. Ҳар ҳолда 38 м бу паст эмас! Минорага чиққанимда менинг ҳам нафасим ичимга кириб кетаёзди!

Кучли ҳис-туйғуларни севувчилар учун «Тарзан» ҳам бор. Хоҳловчилар хавфсизлик арқонини таққан ҳолда 10–12 м баландликдаги кўплаб тўсиқларни ошиб ўтишлари керак бўлади.

Саёҳатимнинг энг асосий мақсади Болтиқ денгизи ва пляжни кўриш эди. Пляж тоза, одамлар ҳам етарли ва денгиздаги сув илиқ ва ёқимли эди. Пляждаги қум майда, оч жигарранг ва ялангоёқ юришга қулай туюларди.

Болтиқ денгизи пляжида чўмилиб, қуёшда тобланишга ҳаракат қилиб кўрганимдан сўнг (Латвияда бўлганлар мени тушунишади), пляжнинг ўзида жойлашган терраса (очиқ ресторан)да тамадди қилиб олдик. Менга у ерда айниқса йогуртли лавлагили шўрва ва саримсоқли қовурилган қора бурда нон ёқди. Ушбу егуликлар менга шу қадар ёқиб қолдики, уларни кейинчалик бошқа ресторанларда буюртма қилавердим. Шунингдек, бизга кальмар ҳалқалари таомини ҳам олиб келишди. Уларни татиб кўргач, денгиз таомлари мен учун эмаслигига амин бўлдим.

Умуман олганда эса, саёҳат менинг ёдимда қолди. Албатта, у ерда кўпроқ муддат бўлишни хоҳлар эдим. Бугунчалик шу, Сигулда ва Кемери ҳақидаги кейинги ҳикояларимни кутинг.

Мақола муаллифи: Шерзод Абдуллаев

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top