Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

10-10-2017 16:20

Паттайя: шаҳар, таомлар, тайча айёрликлар ва ҳеч қандай пляжларсиз!

2474

0

Паттайя – экзотик курорт! Бу ерда экзотикани ҳар қадамда учратиш мумкин ва буни, ўйлашимча, у ерда бўлганлар тасдиқлайди. Бугун мен Сизларга Паттайя ҳақида сўзлаб бермоқчиман ва бу маълумот, эҳтимол, Сизлар учун фойдали бўлиб қолар деган умиддаман. Балки ўзингиз ҳам бу борада маълумотларга эгадирсиз ва бизга асқотиши мумкин бўлганларни ёзиб юборарсиз. Қумлар, пляжлар, денгиз ҳақида сўз юритмаймиз. Булар шундоқ ҳам у ерда борлигини яхши биласиз. Бугун бошқа нарсалар ҳақида суҳбатлашамиз!

 

Суварнабхуми (Бангкок) аэропортидан Паттайяга кетаётганингизда у қадар ёрқин манзарани учратмайсиз: шаҳар ташқариси одатдагидай бироз зерикарли ва бир хил. Сизларга фақат буни кўрсатишим мумкин.

 

Электр симлари ҳам ниҳоятда кўп. Таиланднинг бошқа ерларида бўлгани каби.

 

Кейин эса тўсатдан шаҳарга кириб келасиз: тумонат одам, дўконлар, пул алмаштириш шохобчалари, яна одамлар, қаҳвахоналар, ресторанлар, барлар, пляжлар ва дам олувчилар...

 

Бу ерда турли миллатли ва ҳар хил давлатлардан ташриф буюрган сайёҳларни учратиш мумкин. Pattaya Beach бўйлаб саёҳат қилаётиб, кўплаб рус тилида сўзлашувчиларни учратдим. Тўғриси, улар Россияданми ёки МДҲнинг бошқа давлатлариданми, аниқлаб ўтирмадим, бироқ улар бу ерда жуда кўп эди. Айтишларича, қачонлардир Таиландда россиялик сайёҳлар жуда кўп бўлган экан. Discovery holidays (Таиланд) компанияси вакили Леонинг айтишича, бир неча йил олдин Паттайяга, асосан, россиялик кекса ёшдаги инсонлар ташриф буюрганлар. Улар бутун бир уйни ижарага олиб, бу ерда ойлаб яшаганлар. «Совуқ рус қиши тугашини шу ерда кутишган», – дейди Лео. Афтидан, шунинг учун Паттайяда русча номдаги дўкон ва ресторанлар кўп бўлса керак.

 

Сўнгги вақтларда Таиландга Хитойдан кўплаб сайёҳлар кела бошладилар, бинобарин, Паттайяда ҳам хитой таомлари ва хитой тили оммалашиб бормоқда.

Таиландликлар инглиз тилида у қадар яхши сўзлаша олмайдилар. Ниманидир сўрасангиз, ҳамма ҳам тушунмайди. Уларнинг инглизчаси ҳам тушунарсиз, тай тилига ўхшаш.

 

Уларнинг долларни батга алмаштириши ҳам менга қизиқарли кўринди. У ерда пул алмаштириш шохобчалари ҳар қадамда. Лекин, мисол учун Сиз 100 доллар берсангиз, Сизга 20 ёки 30 долларни алмаштириб беришмайди. Тушунишимча, шохобчаларда долларларда қайтим умуман берилмайди. Шунинг учун, барча пулингизни бирданига алмаштиришни режалаштирмаётган бўлсангиз, ўзингиз билан майда пул олишни унутманг. Агар Сиз 50 доллардан кўпини алмаштираётган бўлсангиз, доллар курси бироз юқори бўлади. Шу сабабли 50 доллардан кам ёки 50 долларни алмаштираётган бўлсангиз, Сизга камроқ бат берилади. Қўшимчасига Сиздан паспорт ёки шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.

 

Энди транспорт ҳақида. Паттайяда автобус бекатлари йўқ. Бироқ махсус белгили жойлар мавжуд бўлиб, уларга автобус расми чизилган.

 

Аслини олганда, Паттайяда автобуслар ҳам йўқ. Ҳар ҳолда, биронта ҳам автобусни (жамоат транспортини назарда тутяпман) кўрмадим. Эҳтимол, тор кўчалар кўплиги учун шундайдир. Ахир у ерга кичикроқ ҳажмдаги транспорт керак бўлади. Айтганча, метро ҳам, троллейбус ҳам бу ерда йўқ (лекин Паттайяда электр симлари шу қадар кўпки, қачонлардир троллейбуслар ҳаракати тўхтатилган, бироқ симларни олишни унутишган деган ҳаёлга борасиз!).

«У ҳолда Паттайяда қандай қилиб ҳаракатланиш мумкин?» – деган савол туғилиши табиий. Ҳаммаси осон! Паттайяда икки ўриндиқ ўрнатилган тўқ кўк рангли кузовли пикаплар ҳаракати йўлга қўйилган.

 

Кўпчилик уларни тук-тук деб атайди, гарчи улар тук-тук бўлмаса ҳам! Курорт номи билан ҳам худди шундай. Кўпчилик ПаттАйя дейди, аслида эса ПаттайЯ дейиш тўғри бўлади.

Тук-тук – бу уч ғилдиракли транспорт воситаси. Сиз кўриб турган транспортнинг номи эса – сонгтео. Сонгтео ҳайдовчиси сизни хурсандчилик билан қидиради, Сиз эса – уни, шунинг учун шаҳарда ҳаракатланиш борасида муаммога дуч келмайсиз!

 

У ерда мотоцикллар ҳам кўп ва уларни ижарага олиш мумкин. Ёки такси буюртма қилсангиз ҳам бўлади.

 

Сизни транспортда олиб кетаётган шахс инглиз тилини яхши билмаслиги ёки умуман билмаслиги мумкинлигини эътиборга олинг. Шу туфайли тўхтамоқчи бўлган жойингизга яқинлашганингизда сонгтео ҳайдовчисига «Sorry, stop here, please» ёки русчасига «Остановите, пожалуйста, за перекрёстком» деб бақириш бефойда. Сизни барибир тушунишмайди. Ҳайдовчи сизга қараб жилмайиб қўйиши мумкин, чунки таиландликлар кулишни яхши кўришади. Бироқ Сиз улардан нимани хоҳлаётганингизни тушунишмайди. Шунинг учун тугмачани босинг ва ҳайдовчи тўхтайди. Ва албатта пулни узатишни унутманг.

Умуман олганда бу ерда автомобиллар жуда кўп. Сершовқин. Гавжум. Ва ҳамма ерда таомлар...

Кўча овқати бу ерда анча ривожланган, таомлари ҳам ширин. Сизга қайноқ таомлар ҳам, ичимликлар ҳам, мевалар ҳам таклиф қилишади. Албатта татиб кўринг. У ерда оч қолмаслигингиз аниқ.

 

Паттайяда ҳар қадамда дорихоналарни учратиш мумкин. Айтгандай, Пхукетда ҳам, Бангкокда ҳам дорихоналар сони кўп. Бироқ тай дориларининг инглиз тилидаги қўлланмаси йўқ. Тай тилини эса биз тушунмаймиз (дастлабки кунлари қандай қилиб таиландликларнинг ўзи ғаройиб тай ҳарфларини тушунишар экан, деб ҳайрон бўлардим).

 

Дорихоналарда бел, оёқдаги оғриқлар, бош оғриғи, ҳашаротлар чақишига қарши турли-туман малҳам дорилар бисёр. Шунинг учун, агар у ерда дори сотиб олмоқчи бўлсангиз, аввал Интернетда улар ҳақида маълумотни ўқиб чиқинг. Ёки бўлмаса рус тилида қисқача маълумот берилганларини олинг.

 

Таиландликлар мураккаб исмларни ёқтирмайдилар ва баъзан сайёҳлар ташриф буюрган мамлакатга боғлиқ ҳолда ўз исмларини ўзгартиришлари мумкин. Мисол учун, бу Sunbeam меҳмонхонаси менежери Катя. Кўриб турганингиздек, у ҳеч қандай Катя эмас. Унинг асл исми жуда ҳам мураккаб – Nichapa Rojanasoonthon (булардан қайси бири исми, қайсиниси эса фамилияси эканлигини билмайман). Бироқ Катя рус тилида бинойидек сўзлашар экан. Инглиз тилиси ҳам чакки эмас.

 

Паттайя – ўзига хос шаҳар. У ерда барчаси ҳаракатда ва бу ҳаракат тунда ҳам тўхтамайди. Тунда, эҳтимол, янаям кўп инсонлар кўчага чиқсалар керак. Уларни клубларда, караоке, дискотека, бар, паб, ресторанларда учратиш мумкин. Агар Сиз қўним топган меҳмонхона Walking Street да жойлашган бўлса, тунлари ухлай олмаслигингиз аниқ, чунки у ерда умуман ҳеч ким ухламайди!!!

Мақола муаллифи: Александра Терёхина

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top