29-11-2017 15:15
3416
0
Бизнинг муаллифларимиз Севара ва Давроннинг Истанбулда энг яхши балиқли сендвичлар тайёрлайдиган машҳур Usta Emin ҳақидаги ҳикояси Сиз азизларимизга ёққан кўринади. Боиси бу борада ўз фикрларингизни билдирдингиз, Facebook да таассуротларингиз билан ўртоқлашдингиз, баҳслашдингиз... Биз ушбу мавзуни давом эттириш керак, деган фикрга келдик. Демак, бугун биз Сизларга Туркиянинг энг мазали кўча егулиги ҳақида сўзлаб берамиз!
Истанбул кўчаларида татиб кўришингиз мумкин бўлган егуликни ҳаттоки энг йирик беш юлдузли меҳмонхонада ҳам, ресторану кафеда ҳам таклиф этишмайди! Доим иш билан қаёққадир шошаётган истанбулликлар кўчада овқатланишни яхши кўришади, шу боис уларга 10 дақиқага тўхтаб мазали, фойдали ва тўйимли егуликни ейиш ҳар томонлама қулай. Хўш, нималарни тановул қиламиз?
Simit – бу туркча тешик кулча.
Карсиллама, седанали, ичи юмшоқ ушбу кулчалар турк чойига айнан мос келади ва қоринни тўйдиради!
Doner Durum – бу қовурилган қўй ёки жўжа гўшти, помидор, қовурилган картошка ва аччиқ маринадланган қалампирдан тайёрланган лаваш.
Уни айрон билан истеъмол қилишни маслаҳат бераман, боиси лаваш етарли даражада калорияли ва ёғли. Шундай бўлса-да, албатта татиб кўринг.
Айниқса, Истанбул бўйлаб кечки сайр вақтида.
Iskembe – ҳақиқий овқат шинавандаларининг таоми, шу сабабли уни ҳамма ҳам ея олмайди. Бу ичак-чавоқ, ёғ, сирка ва саримсоқдан тайёрланган ўзига хос шўрва.
Balik Ekmek ёки айнан ўша балиқли сендвич – энг машҳур егуликлардан бири. У ҳақда гапирмаймиз, чунки ушбу таом ҳақида бу ерда ёзган эдик.
Islak Hamburger – томат соусига беланган «нам» гамбургер, тотли ва мазали.
Midye dolmasi – бу гуруч, кедр ёнғоғи, пиёз, резавор ва ўтлар билан қиймаланган мидиялар. Уни исталган ерда, мисол учун, Истиқлол хиёбонидаги Балиқ бозоридан ёки балиқ дўконидан харид қилишингиз мумкин.
Nohutlu Pilav – номидан англаганингиздек, бу нўхатли палов. Бироқ бу турк паловига гўшт солинмайди ва гўштли ёки товуқли шўрвада тайёрланади. Бизнинг ошларимиз билан солиштирганда парҳезбопроқ.
Sicak kestane – бу қовурилган каштанлар. Уларни махсус озиқ-овқат аравачаларида сотиб олиш мумкин. Каштанлар иссиқ ҳолда ейилади. Бу таом жуда ҳам ширин ва машҳур, шу боисдан Истанбулда каштан сотувчиларини ҳар қадамда учратиш мумкин.
Misir – грилда кўкат, йирик туз ёки қалампир билан пиширилувчи маккажўхори сўтаси. Сайёҳлар орасида жуда ҳам машҳур.
Pide – бу хамирли юмшоқ, мазали ва хушбўй юпқа пицца. Таъбингизга кўра пишлоқли ёки колбасалисини харид қилишингиз мумкин.
Borek – бу ҳам юпқа қатлам-қатлам хамирдан тайёрланган таом бўлиб, ичидаги масаллиғи пишлоқ, исмалоқ, гўшт, картошкадан иборат. Бу таомни истанбулликлар, асосан, нонуштага тановул қилишади.
Ва албатта, турк чойи.
Айнан ушбу чойни юқорида тилга олинган егуликлар билан бирга ичиш мумкин.
Мазали саёҳат ва ёқимли кашфиётлар ҳамроҳингиз бўлсин!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz