Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

27-10-2017 13:00

Maxima радиоси муҳаррири – саёҳатлар, Индонезия ва экзотика ҳақида

2714

0

MAXIMA радиоси тингловчилари (уни, фикримча, кўпчилик тинглайди, мен буни ўз дўст ва танишларим мисолида баҳолаяпман) мамлакатимиз ва хорижда рўй бераётган энг сўнгги янгиликлардан хабардор қилиб борувчи муҳаррир ва бошловчи Аля Загрутдинованинг овозини яхши танишади. У радио соҳасида 15 йилдан бери фаолият юритади, шулардан 11 йили – MAXIMA да (деярли радиоканалга асос солинган вақтдан буён).

 

Аля билан мен «Ozbegim» миллий қадриятлар фестивалида учрашдим. Ҳамкасбим яқинда Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Индонезия сайёҳлик вазирлиги томонидан ташкиллаштирилаётган инфотур доирасида анчадан бери ўзи орзу қилиб юрган Индонезияга боришини айтди. Мен ундан Тошкентга қайтганидан сўнг Tatil.uz ўқувчилари билан сафар таассуротлари ва умуман журналист ишидаги ўзига хосликлар билан ўртоқлашишини сўрадим ва у бунга бажонидил рози бўлди.

Қандай қилиб радиога келиб қолганингизни эслай оласизми?

Дугонам ҳозирда ўз фаолиятини тўхтатган «Сетор» радиосига ишга кираётган вақтида уни қўллаб-қувватлаб туришим учун таклиф этган эди. Кам одам келган эди ва шу сабабли мени ҳам ўз имкониятларимни синаб кўриш учун таклиф қилишди. Оқибатда, тўғрисини айтсам, умуман кутилмаган равишда айнан менга «Сетор»да радиобошловчи вазифаси топширилди.

Радиода ишлашни ҳеч қачон орзу қилмаганман ва у билан ўз ҳаётимни боғлашни истамаганман. Бироқ айнан шу нарса содир бўлди. Ва мен бундай бўлганидан жуда ҳам хурсандман. Ўз ишимни севаман. Радио менга ҳар куни янги инсонлар билан танишиш ва учрашиш имкониятини тақдим этиши билан қизиқарли. Шунингдек, ҳар бир радиоэшиттиришни тайёрлаш жараёни ҳам ижодий жиҳатдан қизиқарли. Баъзан бизда ёқимли бонуслар ҳам бўлиб туради, мисол учун Индонезияга қилган саёҳатим сингари.

 

Балига бориш қийинчилик туғдирмадими?

Тўғрисини айтсам, осон бўлмади. Саёҳатингизни қандай қилиб режалаштирманг ҳар қандай ҳолатда ҳам бизникида бўлгани каби Малайзия, Таиланд ёки Москва орқали учта парвоз талаб этилади (Тошкент – Москва – Қатар – Бали). Умуман олганда, аэропортда ўтказган вақтимизни инобатга олганда йўлимизга бир кун сарфладик. Бу, албатта, осон эмас, бироқ саёҳат шунга арзийди.

 

 Кимдир фақатгина Балининг ўзига боришни мақсад қилади, аммо бордию Сиз барчасидан тўлиқ баҳраманд бўлишни истасангиз, мамлакат ичида ҳам парвоз қилинг. Мен нақд етти марта шундай қилдим ва оқибатда такрорланмас экзотика ва Индонезиянинг олис оролларини томоша қилдим. Шунинг учун саёҳатингизни бир ҳафта ёки ўн кунга эмас, яхшиси икки ёки уч ҳафтага режалаштиришингизни маслаҳат берган бўлар эдим. Шундай қилсангиз, парвозлардан сўнг тўлиқ тикланишга ва ўша юртнинг гўзалликларидан баҳра олишга улгурасиз.

 

Аля, у ернинг таомларидан ҳам татиб кўришга улгурдингизми?

Таомлар – бу менинг севимли мавзуим. Умуман олганда, у ернинг ошхонаси менга ёқди. Тўғриси, ҳатто биз учун ноодатий бўлган егуликларга ҳам ўзимни одиндан тайёрлаб қўйган эдим. Индонезия ошхонаси асосан балиқ, денгиз таомлари ва гуручдан иборат. Уларни Сизга ҳар ерда таклиф қилишади.

Маҳаллий халқ аччиқ таомларни хуш кўради, шунинг учун агар аччиқни ёқтирмасангиз, бу ҳақда официант ёки ошпазни олдиндан огоҳлантириб қўйганингиз маъқул. Қаерда овқатлансангиз ҳам, таомингизга кўплаб зиравор ва экзотик мевалар қўшилганлигини кўрасиз. Баъзан, ҳатто балиқ ёки товуқ мазасини ҳам ҳис қилмаслигингиз мумкин.

Барча тушлик ва кечки овқатларда маҳаллий мевалар – ананас, манго, тарвузлардан тайёрланган ҳар хил фрешлар дастурхонингизга тортиқ қилинади. Айтишим керакки, бундай фрешларнинг мазаси жуда ширин ва мен ўзим билмаган ҳолда уларга ўрганиб қолдим!

 

Десертлар биз ўзбекистонликлар учун бир қарашда бироз ноанъанавий кўриниши мумкин. Индонез халқи биз кўниккан қаймоқли ёки шоколадли пирожнийларни эмас, балки банан япроғига ўралган ўзига хос гуручли пудингни хуш кўришади. Мазали, бироқ ноодатий.

 

Индонезия экзотикаси ҳақида нима дея оласиз?

Самолёт трапидан тушганингиз заҳоти ҳамма нарса экзотика бўлиб кўринаверади. Ҳар ҳолда, менга шундай туюлди. Бунга таомлар, кийим-кечак ва ҳ.к.ларни мисол қилиб келтириш мумкин. Индонезияликларнинг, айниқса, балиликларнинг ҳаёт тарзи ҳам экзотиканинг ўзи.

Оролнинг 90 % дан ортиқ аҳолиси индуизмга эътиқод қилади, бу, албатта, ҳаёт тарзига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Мисол учун, у ердаги марҳумни кўмиш маросими ёрқин байрамга айланиб кетганлигининг гувоҳи бўлдик. Бу каби маросимларга балиликлар туғилган вақтларидан бошлаб пул йиғиб тайёрланиб боришар экан.

Балининг ҳамма ерида ёвуз чеҳрали маъбудаларнинг ҳайкалчаларини учратиш мумкин. Айтишларича, бундай қўрқинчли кўриниш билан улар ёвуз руҳларни ҳайдашар экан. Ҳар куни маҳаллий аҳоли уларга мева ва гуручдан тайёрланган таомларни тортиқ қилишади. Ушбу ҳадяларни босиб олмаслик учун эҳтиётроқ бўлиш керак.

 

Турли-туман ранг-баранг экзотик мевалар ҳақида ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли, деб ўйлайман. Мана бундай мўл-кўлчиликни томоша қилиш учун маҳаллий бозорларни албатта бир айланиб кўринг.

 

Айтганча, дурианни ҳам татиб кўринг.

 

Менга, мисол учун, ушбу ғайриоддий кўриниш ва ширин таъмга эга бўлган мевани татиб кўриш қизиқарли бўлди. Ростини айтганда, жуда ҳам ёқди дея олмайман, бироқ энди унинг қандай эканлигини билиб олдим.

 

Мангустин, илон ва аждарҳо мевалари, папайя, жекфут, манго ва бошқа меваларни бажонидил татиб кўрдим.

 

Экзотика борасида Нуса-Дуа театридаги Devdan шоуси ёққанини таъкидламоқчиман. Уни Цирк Дю Солейнинг маҳаллий аналоги дейиш мумкин. Кўлами жиҳатидан у, эҳтимол, энг талабчан мухлисни ҳам қойил қолдириши мумкин. Чунки унда ҳам оловли шоулар, ҳам ҳаво гимнастлари чиқишлари, ҳам оммавий рақс дастурлари ва бошқалар мужассам. Айтганча, болалар ҳам бундай томошадан катта завқ-шавқ олган бўлишар эди.

 

Диққатга сазовор жойларни томоша қилдингизми?

Кўрганларим ҳақида соатлаб ҳикоя қилиш мумкин, шу боисдан фақат энг асосийлари ҳақида гапираман. Балида, биринчи навбатда, Улувату ибодатхонасини ажратиб кўрсатаман. У қоятош ёқасида, 95 м баландликда жойлашган ва ундан Ҳинд океани кўринади. Тўлқинлар шовқини билан биргаликда ушбу манзара инсонда бетакрор таассурот уйғонади.

 

Ибодатхона ҳудудида яна бир диққатга сазовор маскан – маймунлар ўрмони жойлашган. Бироқ сергак бўлинг: маймунлар Сизнинг кўзойнак ёки телефонингизни тортиб олиш илинжида бўлишади ва кейинчалик нарсаларингизни маймунларга ширинлик бериб ҳам қайтариб ололмайсиз!

 

Мендек қаҳва шинавандаси учун қаҳва плантацияларига бориш ва бир килоси 1000 евродан ошувчи дунёдаги энг қиммат қаҳвани олишга ёрдам берувчи лювак номли ҳайвонлар билан танишиш ҳақиқий янгилик бўлди. Бундан ташқари, бу ерда долчин, ваниль, ловия какаоси ва шу каби кўплаб экзотик ўсимликлар ўсишини томоша қилиш имконияти пайдо бўлади.

 

Ўша машҳур қаҳвани ҳам ичиб кўриш мумкин!

 

Гуруч плантацияларини бориб кўришни маслаҳат берган бўлар эдим. Биз шундай плантациялардан бири – Убудадаги Тегеллалангга бордик. У ерда ажойиб манзарага гувоҳ бўлдик. Индонезияликлар гуруч ўстиришга ҳурмат-эҳтиром билан қарашар экан, шунинг учун барча террасалар покиза ва озода. Шунингдек, гуруч террасалари кўриниб турувчи жойда тушлик ташкиллаштириш мумкин.

 

Индонезиянинг бошқа бурчакларига боришни режалаштираётганларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

Агар Сиз фақатгина Бали билан чегаралиб қолишни хоҳламасангиз, бир нечта ороллардан ташкил топган Флорес провинциясига боринг. Бунинг учун аввал ички рейс орқали Лабуан Бажо шаҳрига борасиз, меҳмонхонага жойлашганингиздан сўнг қўшни оролга бориш учун моторли қайиқ ёки кичкина кемани ижарага олишингиз мумкин. Аввало, машҳур тепалиги бор Падар оролини таъкидлаб ўтиш жоиз. У ердан бир йўла уч хил – пушти, оқ ва кулранг пляжларга ажойиб манзара очилади.

 

«Комодо аждарҳолари» деб аталувчи улкан йиртқич эчкемарлар ҳаёт кечирувчи Комодо миллий боғини ҳам албатта томоша қилишни унутманг.

 

Ушбу эчкемарлар у ерда бамайлихотир айланиб юришади, шу сабабли фақатгина қўриқчиларнинг эпчиллигию чаққонлигига таянишдан бошқа чора йўқ.

 

 

 

 

Эчкемарларнинг ёнидан Сизга ҳеч қандай эътибор бермайдиган буғулар галаси югуриб ўтади: уларнинг мақсади эчкемарларга тутилиб қолмаслик... Бундай манзарадан таъсирланмасликнинг иложи йўқ.

Яна бир кўркам жой – бу Pink beach, яъни пушти ранг пляж. Айтганча, у дунёдаги энг гўзал пляжлардан бири ҳисобланади.

 

Комодо оролининг шарқий қирғоғида жойлашганига қарамай, у ерда ҳеч қандай эчкемарлар йўқ ва сайёҳлар ҳам озчиликни ташкил этади (бунга сабаб оролда биронта ҳам меҳмонхона йўқлиги бўлса керак). Пляжнинг ўзига хос фахри – майда қизил маржонлар туфайли ажиб кўриниш ҳосил қилувчи пушти ранг қум.

 

Индонезиянинг энг шимолий ороли Моротай ҳақида ҳам айтиб ўтмай илож йўқ. Оролга борганингизда кўзингизга ташланувчи биринчи жиҳат – бу ўсимликларнинг кўплиги ва сайёҳларнинг камлиги, чунки бу ерга келиш унчалик ҳам осон эмас. Агар Сиз сокин жойда, табиат қўйнида ёлғиз дам олишни режалаштираётган бўлсангиз, бу жой айнан Сиз учун.

У ерда «қишлоқчасига» дам олиш мумкин. Биз кўринишидан оддий ва денгиз маҳсулотларига бой бўлган «D’Aloha resort» меҳмонхонасида тўхтадик. Оролнинг энг асосий афзаллиги – бу эрта туриб гид билан биргаликда қўшни оролларга саёҳат қилиш имконияти. Оролларнинг кўпчилигида одамлар яшамайди, пляжлари озода, сувлари шаффоф ва қумлари ҳам оппоқ.

 

Посиртембул – майдони йигирмага ўттиз метрга тенг кичик орол ҳам эътиборга лойиқ. У ерда чўмилиш, сноркелинг билан шуғулланиш мумкин, бироқ ўзингиз билан қуёш нурларидан сақловчи кўзойнак олишни унутманг, боиси оролчада дарахт ёки ҳеч бир ўсимлик ўсмайди ва шунинг учун қуёш тиғидан бекиниш мушкул.

 

Яна бир ўзига хос орол – Кокойя. Бу ерда Сизни сайёҳларнинг тез-тез ташрифига ўрганиб қолган ёлғизликда ҳаёт кечирувчи индонез оиласи қучоқ очиб кутиб олади. Хотиржамлик муҳити мутлақ бошқа ҳаёт билан яшаш ва бундан завқ олиш мумкинлигини тушуниб етишга ёрдам беради. Орол эгалари Сизга кокос ёриш бўйича мастер-класс ўтишади ва улар билан Сизни меҳмон қилишади.

 

 

Минтақанинг яна бир мўъжизаси – сувнинг кўтарилиш маҳали катта ва кичик оролчаларга бўлинувчи Додола ороли. Орол бўлинган пайтда унинг кичик бўйни бўйлаб сайр қилиб, ўзингизни худди икки океан ўртасида кетаётгандек ҳис қиласиз.

Юқорида айтилганидек, сафар олдидан Индонезия ҳақида кўп ўқиб эшитгансиз. Айтинг-чи, кутганларингиз ҳақиқатга мос келдими?

Афсуски, ушбу давлатни тўлиқ ўрганиш учун бир ҳафта камлик қилди. Мамлакатни яхшироқ билиш ва у ҳақда тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун бу ерга камида беш марта келиш ва турли ҳудудларни айланиш керак бўлади. Бироқ бир ҳафта ичида ҳам анча-мунча ижобий таассуротлар олдим. Ўйлашимча, Индонезия ҳатто кўп саёҳат қилганларни ҳам лол қолдира олади. Шунингдек, бундай саёҳат болалар учун қизиқарли бўлиши мумкин ва улар ушбу саёҳатларини узоқ вақт эслаб юришади.

 

 

Tatil.uz мухлисларига тилакларингиз.

Имкони бўлди дегунча саёҳат қилиш, нотаниш нарсаларни ўрганишдан қўрқмаслик ва ҳаётни ёрқин лаҳзалар билан бойитишни тилаган бўлар эдим!

Мақола муаллифи: Александра Терёхина

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top