Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

25-09-2018 15:15

Машинада Тошкентдан Иссиқкўлга: Гулмира Комилова ва унинг турмуш ўртоғи бошларидан кечирган саргузашт

2678

0

Бугун биз машинада Иссиқкўлга турмуш ўртоғи билан саёҳат қилган Гулмира Комилованинг мақоласини эълон қиламиз! Уларнинг саргузашти ва олган таассуротлари ҳақида блогимиздаги мақоладан ҳозироқ билиб олишингиз мумкин!


Оиламиз саёҳат қилишни, янги жойларни кашф қилишни яхши кўради. Шу сабабли 2018 йилда кутилаётган учта беш кунлик дам олиш кунлари борлигини билишимиз биланоқ ушбу кунларни қандай қилиб мароқли ўтказиш ҳақида ўйлай бошладик. Биринчи «бешкунлик»да фарзандларимиз билан қадимий Хивага йўл олдик. Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа районидаги Қизилқалъа тарихий қалъасига ҳам етиб бордик. Майдаги дам олиш кунларида Бухоро ва Самарқандни томоша қилдик. Бугун эса Иссиқкўлнинг «қайноқ кўл» соҳилларига қилган сафаримиз ҳақида сўзлаб бермоқчиман.

Нега айнан у ерга боришга қарор қилдим?


Биринчидан, ўзимиз мустақил йўл-йўлакай автомобиль ойнасидан гўзал манзараларни томоша қилиб ўз машинамизда боришни хоҳлаган эдик. Иккинчидан, у ерда кўп марталаб дам олган дугоналарим Иссиқкўлда ҳордиқ чиқаришни маслаҳат беришди. Учинчидан, юртимизни бошидан-охиригача айланиб чиқдик ва энди яқин атрофдаги МДҲ давлатларини кўришни, у ердагилар билан танишишни, ҳаёт тарзини, урф-одатларини, табиатини кўришни, миллий таомларидан татиб кўришни, маҳаллий бозорларини айланишни истаётган эдик. Шунда кейин 5 дам олиш куни пайдо бўлди... Шу сабабли турмуш ўртоғимга: «Иссиқкўлга борайлик. Унинг бор гўзаллигидан баҳра олиб, мусаффо тоғ ҳавосини туйайлик» дедим. У қаршилик қилмади.

GPS-навигация ва «Алиса» ёрдамга шай


Кўп ўйлаб ўтирмай йўлга отландик. Айтганча, ҳамроҳ сифатида бепул GPS-навигация ва «Алиса» виртуал овозли ёрдамчисини олдик. Уйдалигимизда Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғидаги Чўлпонота курорт шаҳарчасига виртуал харитадан йўлимизни белгилаб олдик. Биз каби мустақил сафар қилмоқчи бўлганларга навигаторнинг афзалликлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Навигация бирданига бир нечта йўналишни таклиф қилади ва уларнинг ҳар бири бўйича ҳаракатланиш вақтини кўрсатади, бунда танлов доим фойдаланувчи ихтиёрида бўлади. Жой харитасини катталаштирилганда энг яқин ресторан, АЁҚШ, меҳмонхона ва ҳ.к.лар ҳақида керакли маълумотлар олиш мумкин.


Хаританинг спутник кўриниши керакли бурилиш ёки чорраҳа қандай кўринишдалигини кўрсатади ва унинг яқинлашаётганлиги ҳақида овозли хабар беради, шу сабабли керакли манзилдан ўтиб кета олмайсиз. Бордию ўтиб кетсангиз ҳам навигатор сизни орқа тарафга йўналтиради. Навигация телефон хотирасига тез юкланадиган ва сақланадиган кичик вектор хариталардан фойдаланади. Шу боис телефон ишлаш ҳудудидан чиқиб кетган тақдирда ҳам GPS-навигация керакли манзилга йўналишни кўрсатишда давом этаверади. Агар тўсатдан йўлда адашиб қолсангиз, у янги йўналишни кўрсата бошлайди. Бироқ тўғриси, у бизга бир марта панд берди, бироқ бу ҳақда қуйироқда батафсил.


Меҳмонхонани олдиндан бронлаштирмадик ва керакли манзилга етганимизда «Алиса» бизга ёрдам беради, деб қарор қилдик. Ҳеч бўлмаса кўл қирғоғида машинанинг ўзида тунаймиз, деб ўйладик.


Божхонада ушланиб қолиш


Йўлга 12:00 да чиқдик. Биринчи ўтказиш халқаро пунктимиз Ўзбекистон ҳудудидан Қозоғистонга ўтувчи Ғишткўприк (Черняевка) НЎП бўлди. Навбатда анча вақт туриб қолдик, бироқ бу вақт бизга сезилмади, сабаби биз Телеграмда канал очиб, таассуротларимиз ҳақида овозли ва видеохабарлар юкладик, саёҳатимиз қандай ўтаётгани ҳақида сўзлаб бордик. Божхона ходимлари юк ва айниқса машинани пухта текширишларини таъкидлаб ўтиш лозим. Афсуски, бу иш билан бир гуруҳ ходимлар шуғулланишади ва бу саёҳатчиларнинг қимматли вақтини ўғирлайди. Пиёда сайёҳлар эса вақтларини анча тежаб қолишади. Ниҳоят, Қозоғистон ҳудудига ўтгач, биз автомобилимизга суғуртани расмийлаштиришга киришдик. Ҳурматли ҳайдовчилар, уни дарҳол расмийлаштиришни унутманг, акс ҳолда сизни жаримага тортишлари мумкин. Жарима миқдори бизнинг пулимизда анча қимматга тушади! Сўнг биз Чимкентга йўл олдик...

Олдинда – «Яшил шаҳар»

Шуни айтиш жоизки, шаҳарга яқинлашганимизда, у кутганимиздан ҳам аъло бўлиб чиқди.

Дашт ва тепаликлар орасида, яшил дарахтлар қуршовидаги ботаётган қуёш нури фонида бизнес-марказлар ва кўп қаватли уйлар кўтарилиб турарди.

Биз оддий чегарага ёндош шаҳарчани кўрамиз деб ўйлагандик, кўз ўнгимизда эса республиканинг замонавий йирик маркази гавдаланди. «Алиса» ёрдамида яқиндагина фойдаланишга топширилган янги «Лафаэт» меҳмонхонасини топдик. Шу кечанинг ўзида биз шаҳарни айландик, улкан «Mega Planet» савдо-кўнгилочар марказига кирдик, пастки қаватда жойлашган музда конькида учиш майдончасига бордик.

Кечки Чимкент кўчалари гавжумлиги билан ҳайратда қолдирди, кенг кўча бўйлаб чўзилган бренд ва маҳаллий маҳсулотлар – кийимлар, уй жиҳозлари сотилувчи дўконлар, кафе, ресторанлар ҳар қадамда учрайди.

Йўл-йўлакай пиёдалар йўлаги устига осилган ёруғлик қайтарувчилар эътиборимизни тортди. Умуман, у ердаги йўлларнинг сифатига эътироз билдириб бўлмайди: аъло сифатли тўшам, йўл белгиларининг қулай жойлашганлиги, мабодо рулда толиқиб қолсангиз дам олиш учун жойларнинг жиҳозланганлиги, энг қувонтиргани эса маълум масофани босиб ўтганингиздан сўнг табиат ва атроф-муҳитни асрашга чақирувчи плакатлар ва ахлат қутиларининг ўрнатилганлиги бўлди.

2011 йилда Чимкент Пойтахтлар ва йирик шаҳарлар Халқаро ассамблеяси томонидан «МДҲ мамлакатлари орасида энг яхши шаҳар» деб топилгани энди тушунарли.
Кейинги куни тонгда Қирғизистон чегарасига бориш учун вақтлироқ уйғондик. Замонавий бизнес- ва кўнгилочар марказлар, кўп қаватли уйлар ёнидан ўтаётиб, энди уйғонаётган шаҳар билан хайрлашдик ва унинг нақадар «жонли», кўкаламзор эканлигига яна бир карра гувоҳ бўлдик. Шаҳар номи тўла-тўкис ўзини оқлайди, чунки туркий тилдан Чим – «кўкаламзор», «чимзор», кент эса «шаҳар» маъноларини билдиради. Кўришгунча, «Яшил шаҳар»!

 

Салом Қирғизистон, «маккажўхори жаннати» ва Иссиқкўл!


Ўтказиш божҳона пунктигача йўлда 9 соат юрдик, бироқ зерикиб қолмадик, чунки бизга нотаниш жойдан бордик ва йўл-йўлакай табиатни томоша қилиб кетдик. Тушликка Мерке шаҳарчасида тўхтаб, маҳаллий шўрва ва лағмон едик. Кечга бориб чегарани кесиб ўтдик. У ернинг табиати нимаси биландир Чимён тоғ ёнбағирларини эслатарди.

Довонга яқинлашаётиб, биз ҳақиқий «маккажўхори жаннати»га тушиб қолдик, афсуски, ҳайратимиз жўшиб суратга олишни унутибмиз. Йўлнинг икки ёнида савдо қаторлари бўлиб, бироқ бу ерда фақатгина янги қайнатилган маккажўхори сотилаётган эди. Мен каби маккажўхорини ёқтирувчилар қувончимни тасаввур қилган бўлсалар, ажабмас.


Яна икки соат юриб Чўлпонота шаҳрига келдик... Баъзан алоқа панд бериб «ёрдамчимиз» «Алиса» билан гаплаша олмадик ва шу боисдан меҳмонхона ҳам буюртма қилмадик. Кўлнинг шимолий қирғоғидаги юрталарни кўриб уларнинг ижарага берилишини ва қўшимча ҳақ эвазига нонушта, тушлик ва кечки овқатлар тайёрланишини билиб олдик.


Бу катта дўстлар гуруҳида дам олаётганингда ажойиб вариант. Бу ерда қолишга жазм қилмадик, чунки совқотиб қолдик ва курткаларимизни кийиб, йўлда давом этдик. Қоронғи тушаётгани сабабли йўловчилардан йўлимиз тўғри-нотўғри эканлигини сўрашга қарор қилдик. Бизга ўзлари ҳам Чўлпонотага кетаётган опа-сингиллар учраб қолди ва биз уларни манзилларига элтиб қўйишга келишдик. Унинг устига, улар рус тилида бемалол гаплашар эдилар.

Улар яқинлари билан кечки овқатланишга кетаётган эдилар ва, ўз навбатида, бизларни ҳам кечки овқатга таклиф қилишди. Дастурхон атрофида улар Иссиқкўл ҳақида қизиқ нарсаларни сўзлаб беришди, хусусан, унинг суви айниқса, баҳмал мавсум пайтида шифобахш хусусиятларга эга бўлиши, эрталаб у тушликдан кўра анча илиқлиги ҳақида билиб олдик. Кўлнинг шимолий қирғоғи илиқ қумли пляжлари, термоминерал родонли булоқлари, альп ўтзорлари, боғ типидаги игнабаргли ўрмонлари билан машҳур. Бу ер пляжли қумдан тортиб тоғ чўққиларию музликларгача бир нечта пейзажнинг уйғунлашиб кетганлиги билан ноёбдир. Қирғизлар Иссиқкўлни «Тянь-Шань гавҳари» деб аташади. 2004 йилда ҳукумат кўлни миллий бойлик деб эълон қилди.

Иссиқкўл Каспийдан сўнг дунёдаги энг тузли иккинчи кўл ҳисобланади. Кўлнинг жуда чуқурлиги сабабли ундаги сув тўлиқ совишга улгурмайди, шу сабабли кўл деярли музламайди. Унинг номи ҳам шундан келиб чиққан.


Иссиқкўлга 80 дан ортиқ сой ва жилғалар бориб қуйилади, биронтаси оқиб чиқмайди. Шу сабабли бу ерда туз йиғилади ва сув ичишга яроқсиз ҳолатга келади. Унинг қадимда Тузкўл деб номланишининг ҳам сабаби шундан. Катталиги учун Иссиқкўлни континентал денгиз деб ҳисоблашади. Кўл уни музли шамол ва гармселлардан ҳимоя қилувчи тоғ тизмаси билан ўралган. Бундан ташқари, водий ноёб иқлим уйғунлигига эга: денгиз, чўл, тоғ ва доимий музлик ҳудудлари. Иссиқкўлнинг пайдо бўлиши геологик сирлигича қолмоқда.

 

Соғлиғи билан боғлиқ муаммолари бор кишиларга кенг қамровли санаторий-курорт даволаниши таклиф этилади. Лой ва термоминерал даволашга эга ажойиб курорт ҳудуди фаолият кўрсатади. Иссиқкўлдан 200 метр узоқликда Ўлик тузли кўл – Исроилдаги Ўлик денгизнинг аналоги бор.

Кўпчилик пляжли зоналар шимолий қирғоқда жойлашган ва сайёҳлар орасида машҳур. Бизга тушунтиришларича, жанубий қирғоқ спортчиларни асосан қишки мавсумда ўзига жалб қилади, айниқса, Қоракўл тоғ чанғи базасидаги шаҳарча. Сиз ҳам биз каби меҳмонхонани бронлаштирмасдан келган бўлсангиз, ётоқ жойсиз қолиб кетмайсиз: кўпчилик меҳмонхона, санаторий, пансионат ва уйлар кўл атрофида жойлашган. Сайёҳлик мавсуми одатда июндан сентябргача давом этади, бироқ унинг чўққиси 25 июлдан 25 августгача бўлган муддатга тўғри келади. Мавсум якунига етаётганига қарамай, меҳмонхонада бўш жойлар кам эди.
Шунингдек, Чўқ-Оқсув (Григорий дараси) ва Кичик-Оқсув (Семёнов дараси), Етти Хўкиз, «Барскоон» шаршараси, Чон-Туз (тузли ғор) ва бошқа тарихий ҳамда диққатга сазовор жойлар ҳақида эшитдик.


«Каприз»да барча инжиқликларингизни амалга оширишади


Бизни Чўлпонота шаҳарчасидан 6 км узоқликда жойлашган Бактуу-Долоноту қишлоқчасидаги «Каприз» дам олиш марказида яхши кутиб олишди.

 

Айтганча, 280 км узоқликда Манас халқаро аэропорти жойлашган. Бизга бу ернинг кўкаламзорлиги, фавворалар ва дам олиш беседкалари, гуллар ва дарахтлар жуда ёқди.

Ёпиқ ва очиқ бассейн, тренажёр зали, SPA-салон, ҳаммом фаолият кўрсатади, шунингдек, уқаловчи хизматларидан фойдаланишингиз мумкин, теннис корти ишлаб турибди, «Каприз» ресторани европа таомларини таклиф қилса, «Бриз» ресторани – миллий таомларни тортиқ қилади. Бундан ташқари, бу ерда дартс ёки бильярд ўйнаш, велоспорт, каноэда эшкак эшиш, дайвинг, балиқ овлаш ва от спорти билан шуғулланиш мумкин.

Иссиқ кофта кийиб ва шарф ўраб эрта тонгда кўлга тушдик. Бу пайтда пляжда ҳаёт қайнаётган эди, кимдир қуёшда тобланса, кимдир чўмилаётган, пирсдан сакраётган, болалар ва катталар билан аниматорлар шуғулланаётган эди. Узоқ бўлмаган жойда кафе ва пляжли бар, болалар бассейни ва майдончаси бор эди.

Биз ҳам қараб турмадик ва дам олувчиларга қўшилдик. Бошқалар каби пирсдан сакрамадан, аста-секин кўлга тушдик. Айтганча, кўлдаги сув тоза ва шаффоф бўлиб, пирс бўйлаб айланиб 3 ва 5 метрга борганингизда, унинг қумли тубини бемалол кўриш мумкин эди. Совуқ бўлишига қарамай, чўмилишга қарор қилдик.

 

 

Фақат Иссиқкўлда сузадиган сига


Оч-наҳор қолганимиздан сўнг маҳаллий балиқни тановул қилишга келишиб олдик. У сига деб номланади. Фақатгина шу кўлда сузадиган балиқни қирғиз дўстларимиз татиб кўришни тавсия қилишди. Чўлпонота шаҳрида бизнинг ҳамюртимиз очган машҳур «У рыбака» номли кафе бўлиб, айнан ўша ерга балиқхўрлик қилишга йўл олдик. Биринчи ва иккинчи таомлар балиқдан эди: уха ва қовурилган балиқ. Лосослилар оиласи каби шимолий турга мансуб сига оиласи балиқлари тоза шаффоф, таги қумли сувларда сузишар экан. Бу, одатда, сувда эриган кислородга тўйинган сув ҳавзаларидир. Сига оиласида ёпиқ кўлларда яшашга мослашганлари ҳам бор.

Бозор ёнидан ўтаётиб, бу ерда дудланган ва қуритилган балиқлар сотилаётганига кўзимиз тушди. Қўлбола винонинг ҳар хил тури – асалдан, атиргул баргидан ва ҳ.к. Резавор меваларнинг кўплигидан шошиб қоласиз.

Сувенирлардан, брелоклар, ликопча ва магнитчалар, шунингдек, қўлда ясалган буюмлар: тўқилган пайпоқлар, миллий нақшлар туширилган тивит рўмоллар, қўй терисидан қилинган иссиқ нимча ва гиламлар ажралиб туради. Бир нечта совғалар харид қилиб шу кеча мамнун ҳолда қайтиб келдик.
Хайрлашмаймиз, аксинча, «Кўришгунча!» деймиз
Уйга қайтиш вақти келди. Биз Бишкекка кириб ўтдик.

Ўша ернинг ўзида бизга GPS-навигатор таклиф қилган НЎПга энг қисқа йўлни танладик. Шу жойда у бизга панд бериб қўйди, чунки асосан дала ва ўтзордан ўтган 1,5 соат ўнқир-чўнқир, ёритилмаган йўлдан юриб қопқага етиб борганимизда, бу ўтказув пункти аллақачон ёпилганлигини айтишди. Сўнг яна 3,5 соат йўл босиб бошқа НЎПга бордик.


Бизнинг божхонадан ўтиш учун яна вақт ва асаб талаб қилди. Бироқ бундан афсусланмадик, сабаби у ердан олам-олам таассурот билан қайтаётган эдик. Бизда келаси сафар Иссиқкўлга бир неча кунга эмас, экскурсияларда қатнашиб ушбу ўлканинг табиати ва тарихини янада чуқурроқ ўрганиш мақсади билан ташриф буюриш истаги туғилди.


Сиз ҳам Гулмира Комилова каби блогимиз муаллифларидан бирига айланинг! Ўз саёҳатингиз ҳақида бизга ёзинг ва Tatil.uz ўқувчилари билан суратларда акс этган ёрқин хотираларингизни эсга олинг! Бизга editor@tatil.uz манзилига ёзинг! Шунингдек, директдаги Instagram имизга ёзинг ва албатта, Telegram-каналимизга обуна бўлишни эсдан чиқарманг!

 

Мақола муаллифи: Гулмира Камилова

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top