Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

18-10-2017 14:15

Хитойнинг «Жанубий пойтахти» тошкентлик Наргис Қосимова ҳикоясида

2806

0

Тошкентлик журналист Наргис Қосимова Хитойга қилган сафари ҳақида бизга сўзлаб берган эди. Унинг дастлабки ҳикоясини бу ерда ўқишингиз мумкин. Қуйида Наргис Қосимова Нанкин шаҳрига қилган янги сафари таассуротлари ҳақида ўртоқлашади.

Хитойнинг собиқ пойтахти, Цзянсу провинциясидаги Нанкин шаҳрига қилган сафарим ёдда қоларли бўлди. Ушбу шаҳар жуда ҳам қадимий ва милоддан аввалги 472 йилда бунёд этилган, деб ҳисобланади. Бугунги кунда эса у мамлакатнинг йирик саноат ва маданий марказларидан биридир.

 

Унинг тарихи жуда узун ва қизиқарли. Замонавий Нанкин – бу ранг-баранг ва кўкаламзор шаҳар. Ҳатто чатишиб кетган автомобиль кўприклари ҳам ўсимлик билан ўралган. Кўплаб боғлар, кўча ва хиёбонлар яшилликка бурканган. Буларнинг барчаси нанкинликларнинг атроф-муҳит муҳофазасига бефарқ эмасликлари ва табиат билан уйғунликда яшашга интилишларидан далолат беради.

 

Ҳозирги вақтда шаҳарда кунига тахминан 60 литр кислород ҳосил қила олувчи вертикаль (тик) ўрмонлар қурилмоқда. Ушбу ўрмонлар Nanjing Towers деб номланади ва 2018 йилда қуриб битказилганидан сўнг Осиёдаги биринчи вертикаль ўрмонларга айланади. Лойиҳаси италиялик архитектор Стефано Боери томонидан ишлаб чиқилган миноралар 100 ва 200 метр баландликка эга бўлади. Минора қаватларида 1000 дан ортиқ дарахт, 2500 га яқин туп ва 23 турдаги ўсимлик экилади.

 

Бизнинг Нанкин билан танишувимиз XINHUA Daily Media Group га ташриф буюриш билан бошланди.

 

Бугунги кунда Хитойда хусусий нашрлар, телеканаллар йўқ, бироқ шундай бўлса-да, ҳар бир ОАВ ўз сиёсатини юритади. XINHUA Daily Media Group таркибига Цзянсу провинциясининг энг йирик газеталаридан бири, шунингдек, унинг электрон шакли киради. «Xinhua Daily» кундалик газетасида ҳозирда 1,5 мингдан ортиқ ходим фаолият юритади. Таҳририят телестудияларида долзарб интервьюлар ёзиб олинади ва дарҳол газета порталига жойлаштирилади. Таҳририят учун энг асосийси – бу тезкорлик. Провинцияда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳар дақиқада порталда ва газетанинг мобил иловасида бериб борилади.

 

ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимаси Дай Яънли хоним бизга учрашувларнинг рус тилига таржима қилинишида баҳоли-қудрат ёрдам берди.

 

Газетани саҳифалаш зали ўзига хос ва ноодатий. Бу ерга барча тайёр маълумот қўйилади ва саҳифаловчилар бир вақтнинг ўзида газетанинг ҳам босма, ҳам электрон шаклини саҳифалашади.

 

Нанкинда император Чжу Юаньчжаннинг энг машҳур мақбараларидан бири Сяолин жойлашган. Мақбара шаҳар чегарасида бунёд этилган бўлиб, у ҳам ўсимликларга бурканган. Унинг номи сўзма-сўз таржима қилинганда «Ота-оналар ҳурмат-эҳтиромининг Мин мақбараси» деган маънони англатади.

 

Мақбарага киришда император узоқ умр кўриш ва донишмандлик тимсоли сифатида тошбақа ҳайкалини ўрнатишни буюрган.

 

Мақбара ҳар йили миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилади. Хитойликлар буюк императорни ҳурмат билан ёдга оладилар ва ўз фарзандларига унинг кўрсатган қаҳрамонликлари ва жасорати ҳақида сўзлаб берадилар.

 

Мақбара боғида сайр қилиб юриб, бехосдан буюк Конфуцийнинг гаплари ёдимга келди: «Бутун умр қоронғиликни лаънатлаб юриш ёки бўлмаса кичкина чироқни ёқиш мумкин». Император Чжу Юаньчжан ҳозир ҳам Хитой халқининг йўлини қисман ёритиб турувчи ўша чироқни ёқди, дейиш мумкин.

Мақола муаллифи: Наргис Косимова

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top