Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

08-09-2018 20:30

Каякда қандай қилиб учганимиз, тузли кўлни томоша қилганимиз ва қаерга қайиқда бир соат сузганимиз ҳақида

2191

0

Дўстлар, ноёб Таиланд Tatil.uz блогерини хурсанд қилишда давом этмоқда! Бугун Александра Терёхина Самуидаги денгизда фаол дам олиш ҳақида сўзлаб беради!

9:00. Бошланиши


Ҳаммаси қайиқ станциясига етиб боришимиздан бошланди. У ердан Angthong National Park Миллий боғига экскурсияга йўл олинади. Самуида ҳозир ёмғирлар мавсуми, шу сабабли ўша куни ҳам эрталабдан шаррос ёмғир қуйиб, иссиқлик ва намлик деярли сезилмас эди. Биргаликда йиғилишиб, гидимиз Саньяни, шунингдек, ороллар бўйлаб денгиз саёҳатини уюштирувчи Lomlahkkhirin High Speed Ferries компанияси вакилларини диққат билан тингладик.

Самуига келган барча сайёҳлар боришга интилувчи Fаngthong Миллий боғи ҳақида бироз маълумотга эга бўлдик. Унга ўтган асрнинг 80-йилларида асос солинган. Бу ерда ҳаммаси бўлиб 42 та орол бор. Уларнинг ҳар бирига бориш, албатта, мушкул, бироқ энг чиройлиларини бориб кўриш мумкин. Ушбу ҳудуд ҳукумат томонидан қўриқланади, шу сабабли бу ер ниҳоятда тоза.

Демак, қутқарув жилетлари кийилган, ҳамма қайиқларга ўтирган, кайфият эса аъло!

Сафарга отланиш мумкин! Йўлимизга оз эмас, кўп эмас, нақ бир соат вақт кетди. Бироқ енгил шабада ва драйв доимий ҳамроҳимиз бўлди!

10:30. Кўрфаз ва тузли кўл


Дастлабки манзил – Мае Ко ороли. Тушамиз ва бетакрор гўзалликка эга кўрфазни кўрамиз. Бу ерда абадий қолгинг ва кўплаб жойларни суратларга олгинг келади.

Бироқ бу бошланиши эди! Борди-ю баландликдан қўрқмасангиз ва оёқларингиз кучига ишонсангиз, бу ердаги учта кузатиш майдончаларининг бирига чиқинг. Улардан оролнинг энг диққатга сазовор жойи – тузли сувли Tha Le Nai тоғ кўлига ажойиб манзара очилади.

Суратга олиш билан қўшиб ҳисоблаганда кўтарилиш ва пастга тушиш чамаси 40 дақиқа ёки бир соат вақтингизни олади. Бироқ ҳаммаси у ерда бетакрор манзараларни қанча вақт суратга олишингизга боғлиқ.

Энди кейинги оролга жўнаш фурсати келди...


11:30. Каяклар


Самуига сафарим олдидан мен, албатта, каяклар ҳақида ўқиган эдиму, бироқ ушбу кичкина қайиқчаларни бошқариш қўлимдан келмаслигига ишончим комил эди. Лекин уриниб кўрмасдан қандай қилиб буни билиш мумкин?!

Каякда саёҳатимиз бошланувчи орол Mu Ko деб номланади. Йўриқчилар дастлаб нималарни кийиш кераклигини айтишади: бунда сув ўтказмайдиган кийимларни кийиб олган маъқул, чунки исталган шароитда ҳам қайиққа сув киради. Қутқарув жилетларини киямиз (хавфсизлик техникасига жиддий қарашади), қайиқда ўзимизни қандай тутиш кераклиги ҳақида маълумотларни эшитамиз. Аслини олганда, бунинг ҳеч қандай мураккаб жойи йўқ. Қайиққа икки киши бўлиб ўтирилади ва ҳар бир кишига эшкак берилади. Эшкакни шундай эшиш керакки, чарчаб қолмаслик ва сафардан ҳузур олиш лозим. Биздай ҳаваскор эшкак эшувчиларда дадиллик ҳисси уйғониши учун йўриқчилар ортимиздан сузиб йўл кўрсатиб туришди.

Сафаримиз сўнггида енгил шамол эса бошлади ва биз манзилимизга қайтишга шошилдик. Аслида шамол ҳам бир ёрдам. Бунда шамол керакли тарафга эсаётган бўлса, сизни манзилингизга ўзи олиб бориб қўяди! Бироқ биз шамолга ёрдам беришга қарор қилдик ва ўзимиз ҳам эшдик. Қўлларимиз ўрганмаганлиги сабабли бироз толиқиб қолдик, бироқ бу шунга арзийди!


Агар сизга бундай саргузашт ёқмаса, шунчаки пляжда қолиб тобланиш мумкин...


13:00. Балиқчилар қишлоғи


Гўзал манзаралар ўз йўлига, бироқ бундай жисмоний юкламалардан сўнг қорнингиз оч қолиши аниқ. Экскурсия доирасида яна қайиққа ўтирамиз ва Phalauy балиқчилар қишлоқчасига йўл оламиз.

Ўз ишининг усталари бизга мазали тушлик тайёрлаётган бир вақтда, балиқчилар оролининг ҳаётини томоша қилишга шошамиз.

Бу ерда электр станциялари йўқ, шу сабабли шамол генераторлари ёрдамга келади. Улар катта ташкилот ва муассасаларда бор, мисол учун, мана бу госпиталда.

Оддий одамларнинг уйларида ҳам.

Қозиқоёқ устидаги уйлар – Таиланд учун одатий ҳол бўлиб, оролда жуда кўп.

Булар эса балиқ тўрларини тайёрлаётган балиқчилар.

Мана бу оғайнилар уй томини мустаҳкамлаш билан банд. Улар Тошкентга салом деб қўйишимизни сўрашди. Салом, Ўзбекистон!

Афтидан, бу бўлажак бош балиқчи бўлса керак: у ҳаммага буйруқ бериш ва онасидан қочиш билан банд!

Айтганча, орол у қадар кичик эмас, маҳаллий аҳоли Таиланднинг деярли ҳамма жойида бўлгани каби бу ерда ҳам мотоциклларда ҳаракатланишади.

Ҳамма тутилган балиқлар учун жавобгар мана бу чиройли тай мушуги сизга ёқдими? Таиланд мушуклари энг чиройлиларидан эканлигини биласизми? Қадимий Сиам машҳур сиам мушуклари ватани ҳисобланади!

Таом оч қолганлар, яъни бизлар учун тахминан 30 дақиқа тайёрланди. Бу ерда фақатгина балиқ ва денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомлар тортиқ қилинади!

Йўлимизда давом этамиз!


15:00. Bounty рекламасидаги орол


Бундай мазали тушликдан сўнг чўмилиш ва тобланишнинг айни вақти. Бунинг учун энг яхши жой – оппоқ қумли Song Pee Nоng романтик пляжи. Атрофнинг озодалигига бир қаранг. Бу ерда дам олувчилар кўп эмас, шу сабабли вақтингизни сокинликда ўтказишингиз ёки Bounty рекламасидагидек суратга олиш ишларини ташкиллаштиришингиз мумкин...

16:00. Ортга қайтиш


Шунингдек, биз снокерлинг вақтида Таиланднинг бой сувости дунёси ва сувости табиатини томоша қилишга боришимиз керак эди, бироқ, афсуски, об-ҳаво бунга йўл қўймади ва биз шунинг билан сафаримизни якунладик.
Шундай сермазмун ва ёрқин кундан сўнг Таиланднинг нақадар қизиқарли эканлигини тушуниб етасан. Тайликларнинг атроф-муҳитга бўлган муносабатидан ҳайратга тушасан. Улар табиат минглаб йиллар давомида яратган бойликларни эҳтиёткорлик билан асраб-авайлашади ва бутун дунёдан келган сайёҳларга намойиш этишади.
Қайтганимиздан сўнг енгил, бироқ ёқимли чарчоқни ҳис қилдик. Бироқ ўтган кунимизни ҳаёлимиздан ўтказдик ва унинг қанчалик ёрқин, қизиқарли, мазмунли, таассуротларга бой ўтганлигини англадик.


Таиланд, дарҳақиқат, бетакрор. У мени ҳайратда қолдиришдан чарчамаяпти. Олдинда яна кўплаб қизиқарли саргузаштлар кутмоқда! Бироқ бу ҳамда кейинги мақоламда батафсил сўзлаб бераман.

 

Мақола муаллифи: Александра Терёхина

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top