Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

24-12-2018 14:13

Карлови Варидаги 7 та соғломлаштириш муолажаси

2249

0

Карлови Вари –юз йилдан ортиқ вақт мобайнида гўзаллик, соғлик ва ёшлик улашиб келаётган Европанинг мўъжизавий соғломлаштириш маскани. Курортнинг асосий бойлиги – унинг термал минерал булоқлари. Бугунги кунда бу ерда ажойиб соғломлаштириш инфратузилмаси яратилган, юқори малакали шифокорлар фаолият юритишади ва энг замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланилади. Бугун Карлови Варида дам олувчиларнинг соғлиқларига ижобий таъсир кўрсатувчи муолажалар ҳақида сўз юритамиз!

Минерал сувлар


Ҳа, албатта, машҳур чех курортида соғлиқнинг энг асосий манбаи натрий, калий, кальций, магний ва бошқа микроэлементларни ўз ичига олувчи термал минерал сувлардир. Сувдан биринчи ўринда ичиш учун фойдаланилади: у ошқозон-ичак трактига ижобий таъсир кўрсатади, сурункали касалликлардан халос этишга ёки профилактика ўтказишга ёрдам беради.
Карлови Вари минерал суви шунингдек SPA-муолажалар ўтказиш ва ингаляцияларда қўлланилади.

Шарко души


Карлови Варидаги энг машҳур муолажалардан бири кўпинча шотланд души деб ҳам аталувчи Шарко душидир. Ушбу муолажа навбатма-навбат иссиқ ва совуқ сувдан (38-40°С – 18-20°С) фойдаланишни назарда тутади. Қон айланиши яхшиланади, иммунитет мустаҳкамланади ва моддалар алмашинуви фаоллашади. Муолажага 15 дақиқа кетади ва шифокор кўрсатмаси талаб этилади.
Бундай муолажага кўпинча таянч-ҳаракат аппарати касалликлари билан оғрувчи беморлар мурожаат қилишади, сабаби Шарко души уқалашдек таъсир кўрсатади ва оғриқни қолдиради. Шунингдек, у қўл ва оёқларнинг қон айланиши бузилганларга ёрдам беради.

Бироқ қарши кўрсатмалар ҳам бор. Бу томирларнинг варикоз кенгайиши, стенокардия, инфаркт, тери касалликлари, туберкулёз, ўткир ҳолатдаги гипертония, тана ҳароратининг кўтарилиши, қон оқишига мойиллик, ивувчи экзема.


Карбокситерапия


Ушбу чех курортидаги энг машҳур муолажа ҳақида биз аввал сўз юритган эдик, шу сабабли у ҳақда ушбу мақоламизда батафсил тўхталиб ўтирмаймиз. Агар у ҳақда ўқимаган бўлсангиз, «Карбокситерапия: газли уколлар билан нимани ва қандай қилиб даволашади?» мақоламизда танишиб чиқинг.

Фақат карбокситерапия ёки табиий карбонат ангидрит гази билан инъекциялар бир қатор касалликларда фойдали эканлигини айтиб ўтмоқчимиз. Булар артрит ва артрозлар; бўғимлардаги яллиғланиш ва дистрофик ўзгаришлар; ревматизм; умуртқа ораси дискларининг дегенератив емирилиши, жумладан остеохондроз, шунингдек, протрузия ва чурралар; вестибуляр бузилишлар; бел ва бўғимлардаги сурункали оғриқлар.

Айтганча, курортда СО2 асосидаги яна бир анъанавий муолажа бор – юрак-қон томир ва асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир этувчи карбонат ангидрит ванналари.


Марварид ванналари


Бу ҳам оддий сув, ҳам Карлови Вари булоқлари минерал сувларидан фойдаланиб ўтказилувчи муолажадир. Бундай ванналарни қабул қилиш пайтида организм фойдали кислород билан тўйинади, тўқималарда кислород етишмовчилиги бартараф этилади, қон айланиши яхшиланади, яллиғланиш жараёнининг сўрилиши тезлашади. Шунингдек, бу таянч-ҳаракат аппарати касалликларида оғриқларни камайтиришга ёрдам беради ва антиоксидант таъсир кўрсатади. Баъзан бундай сувга фойдали мойлар қўшилади, шу сабабли марварид ванналари релаксацион таъсирга ҳам эга деб ҳисобланади.

Шифобахш лойлар


Лой билан даволашнинг самараси илгаридан маълум. У ревматизм, артрит, бўғим ва мушак касалликларида муҳим рол ўйнайди. Карлови Варида беморларга лойли экстрактлар асосидаги термал минерал сувли ванналар ва тананинг жароҳатланган қисмига компресс каби қўйилувчи ва уларнинг тузалишига ёрдам берувчи лойли пакетлар таклиф этилади.

Иссиқлик билан даволаш


Бу ерга биз бир нечта муолажаларни киритишимиз мумкин. Бу, биринчи навбатда, парафинли ўраш. Бунда беморнинг қўллари 40-42°С ҳароратдаги парафинга солинади. Муолажа панжа бўғимлари касалликлари билан оғрувчи беморларга кўрсатилган.

Тери касалликларини ва операциядан кейинги чандиқларни даволашда, шунингдек, умуртқа ва бўғимлардаги оғриқни қолдиришда «биолампа» ҳам ёрдам беради.


Электр билан даволаш


Курортда организмга электр токининг фойдали таъсирига асосланган муолажалар ҳам бор бўлиб, бу нафақат даволаш, балки тинчлантириш хусусиятига эга. Электр токи бўғим, таянч-ҳаракат аппарати ва моддалар алмашинувининг бузилиши касалликлари, оғриқни қолдириш, тўқималардаги қон айланишини яхшилаш ва мушакларни тинчлантиришга ёрдам беради.
Магнитли терапия яллиғланишни даволайди, тўқималардаги қон айланишини яхшилайди ва тинчлантиради.

Бу юзлаб касалликларни даволашга ёрдам берувчи ҳамма муолажалар эмас. Бу ерда анъанавий соғломлаштириш турлари ҳам бор: гимнастика, бассейн, уқалаш ва ҳоказо.

Агар сиз ҳам бундай муолажаларнинг мўъжизавий таъсирини ўзингизда ҳис қилишни истасангиз, +99871 200 55 44 рақамига қўнғироқ қилинг. Шунингдек, бизнинг Карлови Варига таклифимиз билан танишиб чиқинг!

Доим соғ бўлинг! 

Мақола муаллифи: Александра Терёхина

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top