Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

10-10-2018 17:00

Илиқ ва қуёшли Баку Шерзод Алиев нигоҳида

1864

0

Дўстлар, агар сиз ижтимоий тармоқлар орқали Tatil.uz ни диққат билан кузатиб бораётган бўлсангиз, компаниямизнинг сайёҳлик бўйича менежери Шерзод Алиев Озарбайжон ва Туркияни тадқиқ қилишга йўл олганини биласиз. Бугун у гўзал Баку ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашади.

Куз тўлиқ кириб келганини эслатган ҳолда Тошкентда бутун якшанба ёмғир ёғди. Ҳаттоки душанба куни эрталаб аэропортга кетаётганимда ёмғир менга ҳамроҳлик қилди. Тезроқ саёҳат қилишни, шароитни ўзгартиришни ва Озарбайжон қуёшида исинишни хоҳлаётган эдим.
Тошкентдан Бакуга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» рейси вақт бўйича жуда қулай тузилган. Самолёт 10:00 да учади, шу сабабли эрталабки тугалланмаган ишларингизни битириб олишингиз, шошмасдан аэропортга келиб, барча зарур текширувлардан ўтишга улгуришингиз мумкин.

Сўнг Duty Free дўконларини айланиш ва аэропорт ойнасидаги манзарани суратга олишга улгурасиз.

Орадан уч соат ўтар-ўтмас самолётимиз Ҳайдар Алиев номли халқаро аэропортга келиб қўнди.

Баку аэропорти шинам, замонавий бўлиб, учиб келаётган йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Озарбайжон билан визали режим ўрнатилган давлатлардан келган сайёҳлар махсус терминаллар орқали визани тезда расмийлаштиришлари мумкин.

Паспорт назорати кўп вақтни олмайди ва мана у, гўзал Баку!

Бакуда ҳозир ҳақиқий баҳмал мавсум: шаҳар кузги қуёш нурларига бурканиб кетган ва ҳарорат плюс 22 даража атрофида.


Мен жойлашган меҳмонхона – Sapphir Hotel Бакунинг қоқ марказида жойлашган. У шинам, чиройли, замонавий услубда бунёд этилган, хоналар ҳам ёруғ ва бир-бирини такрорламайди.

Бироқ Баку – бу айланиш, тарихи ва маданияти, диққатга сазовор обидалари билан танишиш керак бўлган шаҳар. Шу боис Озарбайжон пойтахтига менинг кўзларим билан назар солишингизни ва худди мен каби уни севиб қолишингизни истайман!


Демак, борди-ю сиз озарбайжонликлардан қаерни биринчи навбатда айланиш керак деб сўрасангиз, улар шубҳасиз Савдо кўчаси ва унга туташ Фавворалар майдони деб жавоб беришади. Аслини олганда, хиёбон аллақачон бундай номланмайди, бугунги кунда у Низомий Ганжавий кўчасидир. Бироқ эскичасига ҳалиям Савдо кўчаси дейишади. Ҳозирда бу ерда кўплаб дўконлар, савдо марказлари, ресторан ва қаҳвахоналар бор. Қадимий бинолар ҳам сақланиб қолган, замонавий ҳайкаллар, архитектура бинолари қад ростлаган бўлиб, улар ўзгача муҳит ҳосил қилади.

Бакуни мен Истанбулнинг укаси деган бўлар эдим. Бу ерда менга севимли бўлган Истанбулдаги каби Шарқ ва Ғарб, ўтмиш ва замонавийлик уйғунлашиб кетган. Истанбулга ўхшаб, Баку ҳам кун сайин янгиланиб бормоқда. Бироқ у ўзининг аслиятини йўқотмаган.

Модерн услубидаги биноларнинг яқинида Ичери шехер – Эски шаҳар ўзининг сокин ҳаётини кечирмоқда. У ердаги экскурсия пайтида мен Озарбайжон ранг-баранглигини ҳис қилдим ва у Бакунинг юраги эканлигини тушундим. Шаҳарни мана бир неча асрлардан бери қалъа девори ҳимоя қилиб келмоқда. Айни вақтда у, албатта, ҳимоя девори эмас, балки ишбилармон мегаполиснинг бир қисми.

Ичери шехер мозаика сингари алоҳида қисмлардан иборат – қадимий бинолар, масжид ва миноралар, музейлар, карвонсаройлар, ҳаммом ва сувенир дўконлари шу ерда.

Аввал бўлганидек, ҳозир ҳам бу ерда аҳоли ўзининг хотиржам ҳаётини яшаб келмоқда.

Шаҳар лабиринтлари оралаб сайёҳлар машҳур «Жин урсин» кўчасига шошилишади.

Ичери шехерни мана бир неча юз йиллардан бери ўзининг маҳобатини йўқотмай келаётган Ширвоншоҳлар саройи безаб турибди.

Эски шаҳарнинг яна бир диққатга сазовор жойи – кўплаб афсоналарга бой бўлган Қизлар минораси.

 

Айтганча, Ичери шехерда классик ва миллий услубни ўзига жо этган Shah Palace Baku меҳмонхонаси қад ростлаган бўлиб, у, дарҳақиқат, сеҳрли эртакдаги саройни эслатади.

Мен каби Бакуга борсангиз, Баку хиёбонида албатта сайр қилинг. Бу ер ҳам бакуликлар, ҳам сайёҳларнинг севимли масканларидан бири. Бугунги кунда бу жойлар яхши парваришланган, ҳаммаёқда ўриндиқлар, экзотик дарахтлар, фаввораларни учратасиз. Шу ернинг ўзидаёқ Соҳилбўйи паркига йўл олиб, Баку Венециясига киришингиз ва Италиянинг романтик шаҳаридагидек гондолада учишингиз мумкин.

Баку ҳайратда қолдиради. У ёруғлиги ва кузатиш майдончалари билан лол қолдиради.

 

Ҳайдар Алиев Маркази, Оловли минора ва замонавий иморатлари билан эътиборни тортади.

Марказий майдондаги Давлат байроғи ўлчамлари билан ёқа ушлашга мажбур этади.

 

Баку мазали таомлари ва меҳмондўст халқи билан кўнгилда илиқлик уйғотади.

Ҳатто Лондон кэбларидек таксилари каби майда нарсалари билан хурсанд қилади.

Ҳар бир кўчаси ва ҳар бир биноси билан ўзига жалб этади.

Бироқ, сизларга ваъда қилганимдек, йўлимда давом этаман, кейинги манзилим – Озарбайжоннинг энг асосий шифо маскани – Нафталан. Шу сабабли блогимиз, Facebook ва Instagram даги саҳифаларимизни кузатиб боринг ва барчасидан биринчилардан бўлиб хабар топинг!


Tatil.uz ҳамкорларимиз Leisure Business Travel компаниясига таклиф ва шундай ажойиб саёҳатни ташкиллаштирганлиги учун миннатдорчилик изҳор этади!

Мақола муаллифи: Шерзод Алиев

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top