11-06-2019 15:00
2081
0
Биринчи қисм
Болалигимдан футболга қизиқаман. Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларини қолдирмай кўришга ҳаракат қиламан. Илк бор хорижга ҳам айнан шу қизиқишим сабаб сафар қилганман. 2014 йили Туркияда 20 ёшли футболчилар ўртасида Жаҳон чемпионати ўтказилганди ва ушбу турнирда мен жамомизни Ватанимиздан борган кўплаб ишқибозлар қаторида бевосита стадиондан туриб қўллаб-қувватлаш бахтига муяссар бўлганман. Шу йили ёшларимиз ажойиб ўйин кўрсатишиб, чемпионатнинг чорак финалигача етиб боришганди.
Футбол бўйича 2019 йилги Осиё чемпионати финал қисмининг Бирлашган Араб Амирлигида ўтказилиши менга ушбу мамлакатга сафар қилиш учун ажойиб имконият яратди, яъни футбол баҳона мен ушбу сеҳрли диёрнинг ажойиб жойларини томоша қилишим мумкин эди.
Демак, мазкур саёҳатдаги хотираларимни сиз билан ўртоқлашаман.
9.01.2019. Шу куни биз дўстим билан эрта тонгда йўлга чиқдик ва “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” авиакомпаниясининг самолёти Тошкент-Дубай йўналиши бўйича қарийб уч ярим соатлик парвоздан сўнг Дубай халқаро аэропортининг 1-терминалига келиб қўнди. Паспорт назоратидан тезда ўтиб олганимиздан сўнг, бизни кутиб турган сайёҳлик компания вакили ўз автомашинасида бизни Дубайнинг Банияс сквер мавзесидаги “Hyatt Place” меҳмонхонаси элтиб қўйди.
Фурсатдан фойдаланиб ахборот тариқасида айтишим мумкин, ҳозирда Амирликнинг Fly Dubai авиакомпанияси жуда ҳамёнбоп нархларда Дубай шаҳрига авиачипталарни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари сиз БААга саёҳатлар бўйича турли хил таклифлар билан www.tatil.uz сайтида ҳам танишишингиз мумкин.
Айнан шу куни Шаржа шаҳридаги “Sharjah” стадионида, кечки соат 17.30 да Миллий терма жамоамизнинг Уммон термасига қарши биринчи ўйини бўлиб ўтарди ва биз енгил тушликдан сўнг ушбу ўйинга отландик. У ерга етиб борганимизда, стадионда ҳақиқий футбол атмосфераси ҳукмронлиги ҳамда ишқибозларимиз Уммон жамоасиникига солиштирганда камида уч баварар кўп эканлигининг гувоҳи бўлдик.
Ўз навбатида Ватанимиз терма жамоаси ҳам ажойиб ўйин кўрсатишиб, турнирнинг илк ўйинида рақиб жамоаси устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Ўйиндан сўнг, бизга бириктирилган автомашина барчамизни яна ўз меҳмонхонамизга элтиб қўйди. Албатта, олдинда бизни таассуротларга бой кунлар кутиб турган эди.
10.01.2019. Меҳмонхонаги эрталабки нонуштадан сўнг, жойлашган мавземизни бироз айландик ва дунёдаги энг катта “The Dubai Mall” савдо-кўнгилочар марказига йўлга чиқдик.
Вақтимиз бемалол бўлганлиги сабабли у ерга метрода боришга қарор қилдик.
Йўловчилар қулайлиги учун, метро бекатидан ташқарига чиқмаган ҳолда тўғридан-тўғри “The Dubai Mall”га ўтиш мумкин.
“The Dubai Mall” – 2008 йилда очилган бўлиб, дунёдаги энг йирик савдо-кўнгилочар маркази ҳисобланади. Майдони 1,2 млн. квадрат метрни ташкил қилади, шундан 350 минг квадрат метрдан ортиғи савдо дўконлари майдонидир.
Мазкур марказда жойлашган “Aquarium of the Dubai mall” – жаҳондаги энг катта океанариумлардан бири бўлиб, унинг ҳажми 10 млн. литр сувга мўлжалланган.
Айтишим мумкинки, “The Dubai Mall” савдо марказини айланишга бир кун камлик қилади. Чунки, ҳеч қандай харид қилмаган ҳолимизда ҳам бирпасда кун кеч бўлди. Чарчаганимиз сабабли, биз бироз дам олгани ва яна бир ажойиб манзара – мусиқавий фонтанни томоша қилгани ташқарига чиқдик.
Дубай фонтани – 12 гектар майдондаги сунъий кўлда жойлашган, узунлиги 275 метрни ташкил қилувчи мусиқавий фонтандир. Албатта ушбу фонтан ижросидаги рақсни ва атрофдаги ажойиб манзарани мен тасвирлаб беролмайман, буни фақат жонли равишда томоша қилганингиз маъқул.
11.01.2019. Эрта тонгдан кеча моллда танишган ватандошимиз Пўлат юборган джип машинасида яна бир унутилмас воқеа – чўл сафарисига чиқдик. Олдиндан айтишим керак, кўнгли бўш одамларга бу сафари тавсия этилмайди, чунки профессионал ҳайдовчи қумли қир-адирларда шундай хавфли ҳаракатларни амалга оширадики, баъзи инсонлар бу нарсалардан қўрқишлари мумкин. Лекин, бизларга эмоцияларга бой бу экскурсия жуда ёқди.
Сафаридан сўнг, келишувимизга кўра, ҳайдовчи бизларни чўлдаги карвонсаройга кечки базмга олиб борди.
Бу ерда меҳмонлар учун ҳар ҳил шоулар, кечки овқат ташкиллаштирилган. Фақатгина, тамадди учун бироз навбатда туришингиз лозим.
Шу билан кун кеч бўлди ва ҳайдовчимиз бизни меҳмонхонамизга элтиб қўйди. Кўҳна Дубайни томоша қилиш мақсадида, ёнимиздаги Дубай-Крик каналида бироз қайиқда сайр қилдик.
12.01.2019. Бугунги режамиз Бирлашган Араб Амирлигининг пойтахти – Абу-Даби шаҳрига ташриф буюриш эди. Шахсан Пўлатнинг ўзи бизга бугун ҳамроҳлик ва гидлик қилди. Сафаримиз мобайнида эса у БАА тарихи ҳақида қизиқарли маълумотларни айтиб берди.
Йўлимизда биз бир ажойибу-ғаройиб жойда қисқагина тўхташ қилдик.
“Тентак Макс” (Mad max) фантастик фильми асосида яратилган тематик парк ўзига хос оригинал равишда ташкил қилинган ва бу ерда жуда ғалати экспонатларга кўзингиз тушиши мумкин. Агар фарзандларингиз билан Амирликка ташриф буюрсангиз, албатта бу жойга кириб ўтинг.
Паркдан олган таассуротларимизни бир-биримиз билан ўртоқлашган ҳолда, яна йўлимизда давом этдик ва ниҳоят жуда кўпчилик сайёҳлар, шу жумладан мусулмонлар томонидан ташриф буюриладиган муқаддас даргоҳ – Шайх Зайид мачитига етиб келдик.
Бирлашган Араб Амирликлари давлати асосчиси ҳамда биринчи президенти Шайх Зайид ибн Султон ан-Нахайяна шарафига номланган ва 2007 йилда очилган мазкур мачит жаҳондаги энг йирикларидан бири ҳисобланади. Қурилишида асосан оқ мармар ишлатилган ушбу мачит бир вақтда, ўзига 50 минг намозхонни сиғдира олади.
Мачитларга ўрнатилган қандиллар орасида ушбу мачитдагиси жаҳондаги энг каттаси ҳисоблади ва у Сваровски тошлари билан безатилган бўлиб, диаметри 10 метрни, баландлиги 15 метрни ва оғирлиги 12 тоннани ташкил этади.
Бу ердаги яна бир жаҳон рекорди гиламга тегишлидир. Гилам 1200 та тўқувчилар томонидан Эронда ишлаб чиқилган, унинг майдони 5627 квадрат метрни, оғирлиги эса 47 тоннани ташкил қилади.
Мачитдан чиқгач, биз Абу-Даби шаҳри томон отланиб, бу ердаги жуда ҳашаматли бино – “Emirates Palace” меҳмонхонасини томоша қилиш учун ташриф буюрдик. Отель 85 гектар майдонда жойлашган бўлиб, у 394 та резиденция ва номерлардан иборат.
Одатда, саёҳатим давомида мен музейларни томоша қилишга ҳаракат қиламан ва бу сафар ҳам менда ажойиб имконият туғилди. Айтишим мумкинки, жуда омадим келди. Сабаби, биз ҳақиқий архитектура мўжизаси бўлган “Louvre Abu Dhabi” музейига ташриф буюрдик.
Музей Саадият ороли (Бахт ороли)да жойлашган бўлиб, у 2017 йилда архитектор Жан Нувель лойиҳаси асосида қуриб битказилган. Бино 24000 квадрат метр майдонни эгаллайди ва унинг гумбаз шаклида томи футуристик дизайнга эга.
Музей коллекциясида турли хил даврлар ва цивилизацияларнинг экспонатлари мавжуд бўлиб, улар орасида эрамиздан аввалги қадимий буюмлар ҳам бор.
Эрамиздан аввалги тахминан 100 йилда ясалган Александр Зулқарнайн бюсти.
Париждаги Лувр музейи, 30 йиллик келишув асосида мазкур музейга ўзининг ноёб экспонатларини ижарага берган. Вақтинчалик экспонатлар орасида дунёнинг машҳур рассомлари – Ленардо да Винчи, Пикассо, Гоген, Ван Гог ва бошқаларнинг дурдона санъат асарлари бор.
Леонардо да Винчи ёки унинг шогирди мўйқаламига мансуб бўлган, тахминан 1490 йилда яратилган “Соҳибжамол Ферроньера” асари.
Мана бу қадимги картага яхшилаб тикилсангиз, ўзингизга таниш бўлган баъзи жойларнинг номини учратишингиз мумкин.
Араб ёзувининг қадимги кўринишларидан бири бўлган куфик дастхатидаги, тахминан 800-1100 яратилган муқаддас Қуръон китобининг варақлари.
Афсуски, Ўзбекистондан Бирлашган Амирликка келаётган сайёҳлар кўпинча факатгина Аду-Дабидаги Шайх Зайид мачитини зиёрат қилиб, у ерда чиройли фотосессиялар уюштириб, кейин яна ортга қайтишади. Лекин, мен уларга ушбу музейга кириб ўтишни жудаям тавсия киламан, ҳечам кетган вақтингизга ачинмайсиз.
Кунимиз кеч бўлиб қолганлиги сабабли, биз музейни тарк этдик. Чунки, биз бугун Феррари паркда ҳам қисқагина тўхтаб ўтишни режалаштирган эдик.
Абу-Дабидаги Яс суньий оролида, 200000 квадрат метр майдонда жойлашган “Ferrari World” – бу ёпиқ иншоотда жойлашган жаҳондаги энг йирик тематик парк ҳисобланади ва у 2010 йилда очилган. Туристлар Феррари фирма дўконларидан турли хил сувенирлар харид қилишлари мумкин.
Парк атрофини бироз айланиб, насиб қилса оилам билан келишни ният қилган ҳолда, Дубай шаҳри томон равона бўлдик.
13.01.2019. Режамизга кўра, бугун биз Дубай шаҳрининг осмонўпар бинолари қад кўтарган замонавий мавзеси – Дубай Маринадаги “Mövenpick Hotel Jumeirah Beach” меҳмонхонасига кўчишимиз лозим эди. Биз сайёҳлик компанияси вакили ёрдамида бу ишни тушликка яқин уддалаб, сўнгра бўш вақтимиздан фойдаланиб, атрофимизни бироз айландик.
Кечки соат 20:00 да эса бизни терма жамоамизнинг гуруҳдаги иккинчи ўйини кутиб турган эди. Рақибимиз – минтақамиздаги қўшнимиз Туркманистон жамоаси бўлиб, ушбу ўйиндаги ғалабамиз бизни гуруҳдан кейин босқичга, яъни плей-офф ўйинларига олиб чиқарди. Бахтимизга, бугунги ўйин Дубай шаҳридаги “Rashid” стадионида бўлиб ўтарди ва биз бемалол ушбу ўйинга метрода бориш имконига эга эдик. Кўп сонли ишқибозларимизнинг қўллаб-қувватлаши ва жамоамизнинг ажойиб ўйини эвазига вакилларимиз рақиб жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этишди ва гуруҳдан чиқиши масаласини олдиндан ҳал қилиб қўйишди.
Сафаримнинг биринчи қисмини шу ерда якунлайман. Олдинда эса сизни Дубай шаҳрининг бошқа кўнгилочар жойлари – Miracle Garden, Global Village, Gold Souq ва бошқа ажойиб жойлар ҳақидаги қизиқарли маълумотлар кутиб турибди.
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz