Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

07-08-2018 15:00

Фуд-блогер, ҳаваскор сураткаш ва уч фарзанднинг онаси Париж хотиралари ҳақида

2256

0

Бугун блогимизда янги муаллиф – тошкентлик Татьяна Лешенко. У уч фарзанднинг онаси бўлиб, улардан иккитаси балоғатга етган ва мустақил ҳаётга қадам қўйган. Кичиги билан эса Татьяна имкон қадар саёҳат қилишга интилади. «Эсимни таниганимдан буён суратларни ёқтираман. Шу сабабли фотоаппаратимни қўлимдан туширмайман, у менинг «учинчи кўзим» ёки «учинчи қўлимдек» бўлиб қолган. Албатта, кўрганларим билан баҳам кўришни ёқтираман» – таъкидлайди муаллифимиз. Бундан 6 йил аввал Татьяна фуд-фотога қизиқиб қолди ва шундан буён журналда ўз рецептларини эълон қилди, бунинг устига ўз блогини юритади. У бир нечта танловлар ғолиби, ўз ишлари билан Тошкент фоточилар уйи кўргазмасида ҳам иштирок этган. Яна сўнгги икки йилдан бери Татьяна муаллифлик қўғирчоқларини ясаш билан шуғулланади. Бугун у турмуш ўртоғи ва ўғли билан Францияга қилган сафар таассуротлари билан ўртоқлашади.

Машҳур «Парижни кўриш ва жон бериш» ибораси эсингиздами? Ушбу гўзал шаҳарга сафарим олдидан ҳам, кейин ҳам ушбу иборанинг иккинчи қисмига қўшилмаганман! Чунки ўлиш эмас, у ерга кўп марта қайтиш учун яшаш керак!


Германиядан Парижга қилган сафарим икки кунли бўлиб, меҳмонхонада тунашни ўз ичига олган. Эрталаб автобусларда йўлга чиқишимиз режалаштирилаётган эди, бироқ оқибатда биз тунги бирда йўлга чиққан ва Франция пойтахтига эрталабки соат 6 да етиб борган «Хайрли тонг, Париж» сафарини расмийлаштирдик.


Илк таассуротларим Париж осмони билан боғлиқ. Мен бундайини илгари кўрмаган эдим! Осмон чизғич қўйилиб чизилгандек ва ҳамма ёқда самолёт излари!

Бизни Триумфал арка қарши олди. Эйфель минораси ёнида чарақлаб турган эрталабки қуёш нурлари кўзни қамаштирар эди. Худди эртакдагидек!
Бизнинг Франция билан танишувимиз мана шундай ажойиб тарзда бошланди. Айтганча, минорани биз куннинг ҳар хил вақтида бир неча марта кўрдик ва ҳар сафар у ўзгача қиёфада кўринарди.

Кейин Розилик майдонига бордик ва яна осмон, чайкалар, фонуслар...

Эйфель минорасидан сўнг бизни Александр III кўприги, Катта ва Кичик саройлар, Опера ва Вандом майдонларига олиб боришди.


Мана Мулен Руж кабареси.

Парижда метрони мана бундай чиройли белги билан билдиришади!

Кейин эса биз Парижнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири Монмартга бордик, у ердан Секре-Кёр – «муқаддас юрак» ибодатхонасига кўтарилдик. У Парижнинг исталган нуқтасидан кўриниб туради!

Унинг баландлиги – 130 метр ва биз барчасини пиёда юриб ўтдик (у ерга фуникулёрда кўтарилиш имконияти бўлса ҳам). Энг юқори нуқтадан менга Парижнинг ажойиб манзараларини суратга олиш насиб этди!

Мендан Елисей майдонларида круассанли қаҳва ичганмисан деб сўрашди. Йўқ, мен қаҳвани Монмартрда ичдим!

Саёҳатимиз Нотр-Дам-де-Парида давом этди. Экскурсиячини эшитаётганингда, қандайдир эртакка тушиб қолгандек бўласан, у сени ўраб олиб, тарихга олиб кетади ва борди-ю яхши хотирага эга бўлсангиз, эшитганларингизнинг барчасини бемалол қайта сўзлаб беришингиз ҳам мумкин.

Мен соборнинг нолинчи километрида туриб тилак қилдим!
Соборда бепул экскурсиялар ўтказилади. Агар экскурсияга якшанба куни соат 16:00 дан 17:00 гача борсангиз, орган концертига ҳам тушишингиз мумкин (кириш бепул). Собордаги орган Франциядаги энг яхшиларидан ҳисобланади. У буюк уста Аристид Кавалье-Коль томонидан XIX асрда яратилган ва олти мингдан ортиқ трубага эга.

Собор ичига кириб, мен таърифлаб бўлмас ҳис-туйғуни бошимдан ўтказдим ва орган куйи янграй бошлаганида зудлик билан телефонимдаги аудиоёзувни ёқдим, сабаби бу куйнинг бир парчасини ўзим билан олиб кетмоқчи эдим! У ердан кетаётиб, фаришта шаклидаги кичкинагина сувенирча харид қилдим.

 

Биз Ногиронлар уйи ёнида тўхтадик. Бино ичига кирмадик, бироқ унинг тарихини эшитдик. У ўз илдизи билан 1670-йилга бориб тақалади. У Франция қироли Людовик XIV нинг фармонига биноан барпо этилган.

Бугунги кунда у яхши қўриқланувчи музей бўлиб, унда айни вақтда Луврдан келтирилган кўплаб экспонатлар сақланади.


Биз яна Эйфель минораси ёнидан ўтдик ва энди, кундузи уни янги қиёфада кашф этдик!

Сўнг бизни қурилиши 1969 йили бошланиб, тўрт йил давом этган баланд Монпарнас минорасига олиб кетишди.

Ушбу улкан минора Париждаги энг яхши кузатиш майдончаларидан бири ҳисобланади. Унинг чўққисидан шаҳарга ажойиб манзара ҳосил бўлади. Биз тезкор лифтда 56-қаватга 38 сонияда кўтарилдик! У ердан Париж қўл кафтидагидек эди! У ердан Ногиронлар уйи ҳам, Эйфель минораси ҳам, темирйўл вокзали ҳам кўринарди. 56-қаватдан яна уч қават пиёда кўтарилиш керак эди ва биз 210 метр баландликдаги очиқ майдондамиз!

Шундан сўнг биз кечки шаҳар бўйлаб Розилик майдони ёнидан меҳмонхонага бордик. У ерга дам олиш, овқатланиш, ўзимизни тартибга келтириш, тунаш ва янги кунни қарши олиш учун йўл олдик!
Эртанги кунимиз бундан-да қизиқарли бўлди. Қисқа вақтга Ритц меҳмонхонаси қаршисидаги Вандом майдонида тўхтадик. Майдоннинг асосий диққатга сазовор жойи – бу инқилоб оқибатида тахтдан қулатилган қирол ҳайкали ўрнига ўрнатилган 44 метрли устун.

Сезар Ритц шарафига номланган Парижнинг энг шинам меҳмонхоналаридан бири – «Ритц меҳмонхонаси» ҳозир ҳам Вандом майдонидаги 15-уйда жойлашган. Бу ерда Скотт Фитцжеральд, Коко Шанель, Марсель Пруст, Эрнест Хемингуэй, малика Диана каби машҳур инсонлар тўхташган.

Кейин биз Луврга йўл олдик. У ерда икки соат ўтказишимиз режалаштирилган эди. Бу музейнинг бор кўрки ва бойлигини кўздан кечириш учун ниҳоятда кам. Ўғлим музейга киришни хоҳламади, бироқ ойнали пирамидалар ёнида жон деб суратга тушди.

Музей ёнида Тюэльри парки жойлашган бўлиб, асосий гуруҳ музейни айланаётган пайтда биз у ерни айланишга бордик. Парк Лувр ва Розилик майдони ўртасида жойлашган. У ерда айланиш шунчалик ёқимли эдики, агар икки соат вақт берилмаганида, у ерда узоқроқ ушланиб қолишимиз ҳам мумкин эди. Шаҳар марказида ўзингни табиат қўйнидагидек ҳис этасан. Бу ерда эса шунчаки дарвозага кириш кифоя ва сен бошқа сайёрага тушиб қолгандексан. У ерда айланаётганимизда, иккита болалар майдончасига кирдик. Бу жой менинг ўғлимга жуда ёқди!

Лувр ва Тюильри боғидан сўнг автобусимиз Версалга йўл олди. Бизнинг Париж ва Версаль бўйлаб қилган саёҳатимиз Людовик XIV мавзусида ўтди. Экскурсиячимизнинг барча ҳикоялари ушбу монархга бўлган чексиз муҳаббат таърифи остида кечди. Шу сабабли унинг қароргоҳига алоҳида эътибор берилди.
Бу сафар саройга бир ўзим кирдим! Боламнинг Луврга киришни хоҳламагани сабабли Луврни ўтказиб юборганим боис, Версални кўргим келаверди. Ярим соатлик навбатда туриб, ичкарига кирдим, турмуш ўртоғим ва ўғлим эса Версаль паркида айланишга кетишди. Ҳамма мамнун бўлди, бироқ... музейга ажратилган икки соат ниҳоятда камдек туюлди!

Кираверишда аудиогидни олиб, биз заллар бўйлаб ўтдик ва экспозиция ҳамда суратларга тегишли ҳикояларни (ҳамма ўз тилида) эшитдик. Ушбу мосламага тезлик билан мослашиш ва шу билан бирга барчасини суратга олиш, йўл-йўлакай автобусдаги қўшнилар билан гаплашиб кетиш керак эди (ўз гуруҳингни йўқотиб қўймаслик учун ким биландир юриш лозим, боиси у ерда сайёҳлар жуда кўп эди). Бундай шароитда адашиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас...

Оилам велосипедни ижарага олиб паркка сайр қилиш учун кетди. Ҳа, ҳамма ўзига ёққанини қилади!

Версалдан Парижга қайтгач, биз ресторанда овқатландик. Мол гўштидан тайёрланган стейк, қайнатилган бузоқ гўшти, гарнир, салат, десерт, қаҳва... Ҳатто ўғлим ҳам катталарга тенг миқдордаги порциясини бир нафасда еб қўйди. Албатта, Версалда айлангандан сўнг қорин очмай илож йўқ!
Яна Сена дарёси бўйлаб кемада ажойиб кечки сайр бўлди.

Тунгги таниш Париж бўйлаб кемада саёҳат қилиш, барчасини оқшом палласида кўриш (тунгги шаҳарлар – бу менинг кўнглимдан жой олган алоҳида мавзу) ва асосийси – Эйфель минорасини тунгги чироқларда томоша қилиш! Бу Франция пойтахти бўйлаб қилинган икки кунлик саёҳатимизнинг ажойиб якуни эди!

Париж ҳақидаги таассуротларим бир олам! Балки, бу шаҳар ҳамма учун эмасдир. Бироқ менинг хотирамда у яна қайтишни хоҳлайдиган шаҳар сифатида қолди. Ва мен албатта қайтаман!

 

Мақола муаллифи: Татьяна Лещенко

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top