07-06-2018 18:00
2262
0
Яқинда бир танишим Италиядан қайтиб келди. У иш бўйича бироз муддат Италияда истиқомат қилди. У, албатта, маҳобатли архитектура обидалари ва ажойиб ёдгорликлардан завқ олиб келди. Унга, афтидан, Италияда ҳамма нарса ёқди: об-ҳаво, табиат, транспорт, одамлар (ҳаттоки кўплаб сайёҳларга қарамай), фавворалар, истироҳат боғлари. «У ерда егуликлардан нима кўпроқ ёқди?» – деб сўрадим. У ўша онларни эслаш мақсадида кўзини юмиб, ўзини Тошкентда эмас, Италияда тасаввур қилиб: «Музқаймоқ» дея жавоб берди...
Унинг ҳаяжонли сўзлари мени шунчалик таъсирлантирдики, сайёҳларимизни ҳам ушбу лаззатдан бебаҳра қолдирмасликка қарор қилдим. Унинг устига, дугонам желато (итальянчасига музқаймоқ дегани)ни қаерда ва қайсисини харид қилишни билиш кераклигини айтди. Ваҳоланки, Римда музқаймоқ ҳамма ерда сотилади. Кафеларда эса уларнинг кўплигидан бошингиз айланиб қолади.
Даставвал шуни таъкидлаш керакки, Италияда музқаймоққа эҳтиром ўзгача моҳият касб этган: кўпчилик желатерияларнинг ёши юз йилда ошган ва уларнинг барчаси ўз бетакрор таъм сирига эга. Бироқ барча учун энг асосий қоида – фақат табиий маҳсулотлар ва фақат қўлда тайёрланганлик.
Демак, музқаймоқхўрлар учун қисқача луғат (унинг нимадан тайёрланганини билиш учун):
Fiordilatte/Panna – қаймоқли
Crema – крем-брюле
Nocciola – ёнғоқли
Bacio – ўрмон ёнғоғили шоколадли
Pistacchio – пистали
Stracciatella – шоколад ва қаймоқли
Fragola – қулупнайли
Menta – ялпизли
Pesca – шафтолили
Lampone – малинали
Albicocca – абрикосли
Итальянча номларни аниқлаштириб олдик! Энди эса қаерга бориш ҳақида ўйласак ҳам бўлади!
Palazzo del Freddo Giovanni Fassi
Ушбу желатерия – Римдаги энг қадимийларидан бири. Бу ерда 1880 йилдан буён ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда музқаймоқ тайёрлашади. Бошлиқ энг янги мевалардан фойдаланишни маъқул кўради. Шу сабабли бу ердаги музқаймоқлар ҳам мавсумга кўра бўлади. Шунингдек, бу ерда музқаймоқли ғаройиб бутерброд ва конфетлар тайёрланади! Ва албатта, қовунли музқаймоқни ҳам татиб кўринг!
Giolitti
Яна бир қадимий ва ишончли жой. У Рим марказида, Пантеон ёнида жойлашган. У бу ерда 1890 йилдан бери ишлайди! Даставвал у Жиолитти оиласининг сут дўкони бўлган. Бироқ бундай ширин сут шунчаки сут бўлиб қолмаслиги керак эди ва ундан музқаймоқ тайёрлашга қарор қилишди! Айни вақтга қадар бирор кишига ҳам унинг мазаси сирини аниқлаш насиб этмаган.
Агар «Римдаги таътил» фильмини томоша қилсангиз, бетакрор Одри Хепбёрн айнан шу ерда музқаймоқ еяётганини кўрасиз.
Жон Траволта, Кэмерон Диаз, Жан-Клод Ван Дамм, Антонио Бандерас, Жастин Тимберлейк, Шэрон Стоун ва ҳатто Барак Обама Giolitti да меҳмон бўлишган!
La Romana
Римда бу тармоқдаги учта музқаймоқхона мавжуд: Остиенсе станцияси ёнида, Пьяцца-дель-Пополодаги кўприкдан ўтиб ва Термини вокзалидан 20 дақиқалик йўл узоқлигидаги 20 сентябрь кўчасида. Бу нафақат сайёҳлик объекти, балки оддий итальянлар ташриф буюрувчи жой. Шу сабабли бу ердаги музқаймоқ нархи анча паст: тахминан 2,5 евро. Бироқ бу унинг сифатига асло таъсир қилмаган.
Gelateria del Teatro
Римдаги бошқа музқаймоқхоналардаги бўлгани каби, бу ерда ҳам шаффоф ойна орқали музқаймоқ тайёрланишини кузатиш мумкин. Оилавий муҳит ҳукмрон, музқаймоқ турлари эса – ранг-баранг. Мисол учун, лаванда ва оқ шафтолили, малина ва мавракли ёки аччиқ шоколадли ва сицилианча виноли музқаймоқ татиб кўриш мумкин! Жойлашган ўрни ҳам ажойиб – кечки пайт сайр қилиш мумкин бўлган Навона райони!
Carapina
Бу ерда Флоренция музқаймоғи тайёрланади.
Бу ердаги асосий музқаймоқ Crema dell’Artusi ҳисобланиб, у «Ошхона илми ва яхши таомланиш санъати» китоби муаллифи, Тоскананинг ванилин креми асосчиси Артузига тегишли.
Flor
Ушбу желатерияда майин кремли музқаймоқларни татиб кўрасиз. Бироқ бошқа турдаги музқаймоқлар ҳам кўп бўлиб, у сайёҳларнинг севимли масканларидан бирига айланиб улгурган!
Grom
Ушбу желатерия тармоғини бутун Италия бўйлаб учратиш мумкин. Музқаймоқхонани ностандарт таъмлар танлови учун ёқтиришади. Мисол учун, карамель ва пушти ранг Ҳимолай тузили ғаройиб музқаймоқ!
Lemongrass Gelato
Бу ерга кириб қора шоколад, ром ва олчали эксклюзив десертни ёки каштан ва кедрли музқаймоқни татиб кўриш мумкин!
Агар Сиз Италиядаги музқаймоқлар ҳақида ўқишни эмас, балки татиб кўришни ҳам истасангиз, +99871 200 55 44 рақамига қўнғироқ қилинг ёки Facebook га ёзинг!
Биз Сиз учун энг яхши таклифларни, жумладан ширинликларни севувчилар учун ёзги дам олиш йўналишларини таклиф этамиз! Қадрли дўстлар, ёзингиз салқин ва ёқимли ўтсин!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz