Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

14-05-2019 15:48

Дубайга фарзандлар билан?! Муаммосиз!!!

2050

0

Гапни бу кутилмаган ва режалаштирилмаган сафар бўлганлигидан бошласам. Илиқ март оқшомларининг бирида, душанба куни Telegram дан менга Дубайга қайноқ турлар ҳақида хабар келди. Нархлар шу қадар арзон эдики, ушбу хабарни онамга ҳам кўрсатдим. Ҳайратланарли томони, улар ҳам таклифга қизиқиб қолдилар.

Кўп ўйлаб ўтирмай, кейинги куни тонгда мен сайёҳлик фирмасига қўнғироқ қилдим. Уларнинг ходимлари турни батафсил муҳокама қилиб олиш учун мени офисга чақиришди.

Бу ерда менга ҳар жиҳатдан маъқул келган турни танлаб беришди ва... 2 кун ўтгач барча зарур ҳужжатларни қўлимга тутқазишди.

Биз тўрт киши бўлиб: мен, онам ва икки нафар фарзандим (3 ва 8 ёш) учганимизни таъкидламоқчиман.

Ва мана, жумадан шанбага ўтар кечаси биз қизиқарли саёҳатга, дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бири – Дубайга йўл олдик!

 

Демак, ҳаммасини бир бошдан бошласам!

Биз FlyDubai авиакомпанияси рейсларида учдик, парвоз тахминан 3,5 соат давом этди, парвоз вақтида хилма-хил таомлар берилди.

 

1-лайфхак: агар сиз болаларингиз билан учаётган бўлсангиз, Дубай аэропортидаги бепул хизмат – коляскалар ижарасидан фойдаланинг. Аэропорт ҳажмини инобатга олганда бу жуда ҳам зарур буюм бўлиб, коляскани аэропортдан чиқиб кетаётганингизда, кираётганингизда эса – кутиш залида қолдириб кетишингиз лозим бўлади.

 

Дубай аэропортига қўнгач, биз паспорт назоратидан тезда ўтдик. Чиқаверишда бизни сайёҳлик фирмаси вакиллари кутиб олишди ва ҳамма сайёҳларни автобусларда меҳмонхоналарга жойлаштиришди.

Сайёҳлар гуруҳидан мен бронлаштирган меҳмонхонада (Star Metro Deira Apartments) фақатгина бизнинг оиламиз тушди ва мен қилган танловимдан шубҳалана бошладим... Бироқ хонага киришимиз биланоқ ҳамма шубҳа-гумонларим тарқалиб кетди. Катта хонада ҳамма нарса бор эди: кир ювиш машинаси, музлатгич, газ плитаси ва ҳ.к. Катта каравот + 2 та кичик диван.

 

Томда бассейн, ҳаммом ва тренажёр зали ҳам бор эди.

 

Нонушталарга гап йўқ.

 

Биринчи куни биз атрофни айланиб, дам олдик ва меҳмонхонадаги бассейнда чўмилдик. Ҳеч қаерга бормадик, сабаби парвоздан сўнг дам олмоқчи эдик.

2-кун. Dubai Mall га ташриф.

Биз у ерга метрода бордик ва бунинг учун метрода карточкалар сотиб олдик. 1 тарафга йўл кира ҳақи 4-5 дирҳам (курс деярли ўзгармайди – тахминан 3,6 дирҳам = 1 АҚШ доллари).

 

Burj Khalifa/Dubai Mall Metro станциясида чиқамиз ва кўчага чиқмасдан, ўтиш йўлагидаги йўлкўрсаткичларга қараб моллгача етиб борамиз.

Интернетда ёзишларича, The Dubai Mall – дунёдаги энг йирик савдо-кўнгилочар маркази экан ва мен бу фикрга тўлиқ қўшиламан: молл дарҳақиқат улкан. Биз уни тўлиқ айланиб чиқа олмадик, лекин

  • Улкан ҳажмдаги муз учиш саройи
  • Aquarium of the Dubai Mall – дунёдаги энг йирик океанариумлардан бири ёдимизда қолди.

У 10 миллион литр денгиз сувини ўзига сиғдириб, унда 33 мингга яқин турли денгиз жонзотлари яшайди. Аквариум остидан ойнали тоннель ўтган бўлиб, у ердан наҳанглар, скат, мурена ва бошқа жонзотларни кузатиш мумкин. Сув ости дунёсини акриль панель орқали мутлақ бепул кузатиш мумкин, алоҳида тўлов эвазига эса сизга тоннелга кириб, балиқларни боқиш ва ҳаттоки махсус қафас ичида наҳанглар билан сузишга рухсат беришади.

 

  • Марварид излаб сув тубига шўнғийдиган шаршара.

У қачонлардир мамлакатнинг энг асосий ҳунармандчилик турларидан бири бўлган марварид қазиб олишга бағишланган. Шаршара бинонинг барча тўрт босқичидан ўтади ва 24 метр баландликка эга. Шаршара ғаввослар ҳайкаллари билан безатилган бўлиб, уларга ёруғлик тушганида гўзал манзара юзага келади.

 

2-лайфхак: моллда ҳар бир чорраҳа ва бурилишда маълумот таблоси ўрнатилган бўлиб, улар орқали ўзингиз турган ерни ва зарур ресторан ёки дўконни топишингиз мумкин.

Dubai Mall Дубай даунтаунида, дунёдаги энг баланд Бурж-Халифа биноси ва машҳур рақс тушувчи фаввора ёнида жойлашган.

Бирлашган Араб Амирликларининг тимсоли саналган Бурж Халифа осмонўпар биноси 828 метр баландликка эга бўлиб, сталагмит шаклида қурилган ва 163 қаватга эга. Унинг баландлиги ҳақида сизда тушунча ҳосил бўлиши учун шуни айтишим мумкинки, унинг энг баланд нуқтасини кўришга ҳаракат қилгунимча бўйним тортишиб қолди.

 

Дубайдаги куйловчи фавворалар – ушбу шаҳарнинг ҳашамати ва бойлигини кўз-кўз қилувчи БААдаги ноёб иморат. У Бурж Халифа минораси этагида жойлашган.

Дубайдаги куйловчи фавворалар дунёдаги энг йирикларидан бири ҳисобланади: унинг оқими 150 метр баландликкача кўтарилиши мумкин, бу эса осмонўпар бинонинг эллигинчи қавати билан тенг. Ушбу томоша ҳар ярим соатда ўтказилади. Кундуз куни – 13.00 дан 13.30 гача, кечки сеанс – 18.00 дан 22.00 гача, дам олиш кунлари – 23.00 гача. Шоуга ташриф буюриш мутлақ бепул.

Биз 18.30 да бошланган томошага бордик, бу ерда одамлар кўп эди, шу боис кузатиш майдончасида жойни эртароқ эгаллаб олиш керак.

Бошқа шаҳарларда фавворалар шоусини кўрганлар – бу ерда ҳам худди шундай деб асло ўйламанг! Бу ерда, умуман, Дубайда бўлгани каби, ҳаммаси дабдабали ва чиройли. Кўрганларимни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Шоу Whitney Houston нинг «I will always love you» қўшиғи садолари остида ўтказилди – шу вақтда бу шаҳарга нисбатан мен айнан шундай туйғуларни туяётган эдим.

 

3-кун.

Al Mamzar Beach Park (Ал Мамзар Бич) – Дубайдаги сайёҳлар орасида энг машҳур бўлган дам олиш масканларидан бири Форс кўрфази сувлари билан ювилиб турувчи қирғоқ линияси ва пляж, спорт ва оилавий дам олиш учун барча шароитлар яратилган паркни ўзида мужассам этади. Al Mamzar Beach Park комплексининг барча ҳудуди экзотик ўсимликлар, ёрқин гулзорлар ва майсалар  билан ўралган. Паркка туташ ҳудудда ҳам бассейн ва кўнгилочар комплекс қад ростлаган.

Юқорида тилга олинганларни кўриш насиб этмади, боиси у ерга кира олмадик. Борганимизда душанба ва чоршанба кунлари аёллар ва 7 ёшгача бўлган болалар кириши маълум бўлди. У ерга қайси куни борганимизни топинг-чи! Тўппа-тўғри, бу душанба куни эди. Бизга 5 дақиқалик масофада жойлашган бепул пляжга боришни маслаҳат беришди ва биз шундай ҳам қилдик.

 

Бироқ оддий пляж ҳам ажойиб эди, болаларим чўмилишиб, тобланишди, қумдан қасрлар ясашди, чиғаноқлар теришди ва денгиз юлдузчасини қидиришди. Бу ерда одамлар кўп эмас эди, биздан ташқари бир нечта оила бўлиб, афтидан, улар ҳам бизга ўхшаб пляжга кира олишмаган.

 

3-лайфхак. Меҳмонхонадаги сайёҳлик агентлари хизматидан фойдаланишга қарор қилдик ва 17 доллар эвазига пляжгача сафарга рози бўлдик. Қайтиб келишда худди ўша йўл такси ҳисоблагичи бўйича 5,5 долларга тенг бўлди. Такси хизматидан фойдаланинг ва шунда яхшигина тежаб қоласиз!
4-кун. Dubai Miracle Garden

Дубайдаги мўжизалар майдончасида сизни ҳақиқий гулли мўъжизалар кутмоқда.

Парк экспозицияси 50 миллион гулдан ортиқ турли ҳайкалларни ўз ичига олади.

Бу ерда кўплаб дунёга донғи кетган обидаларнинг гулдан ясалган қизиқарли композицияларини ҳам кўриш мумкин. Юрак шаклидаги аркалар, пирамидалар ва тўлиқ ҳажмли уйлар – булар гуллар архитектурасининг ҳақиқий мўъжизалари.

Гулларни бутун бошли боғбонлар жамоаси парвариш қилади, шу боис экспозиция йилнинг исталган фаслида мукаммал ҳолатда  бўлади.

Паркда дунёдаги энг катта гулли композиция сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган Airbus A 380 Superjumbo самолётининг макети кўзингизни қувонтиради.

 

Ушбу паркнинг муҳим жиҳати – мавсумийлик. У фақат ярим йилгина очиқ (одатда, 1 декабрдан 31 майгача). Амирликларда жазирама иссиқ бўлган пайтда парк дам олади. Кузги ойлар янги композицияларни яратишга кетади: конструкцияларни ясаб уларнинг гуллашини кузатиш қолади.

Ҳаммаёқда ўриндиқлар ва ёпиқ шийпончалар бор, у ерда бемалол ҳордиқ чиқарсангиз бўлади.

Dubai Miracle Garden ҳақида фақат шуни айтишим мумкинки, болалар ва катталар у ердан олам-олам завқ олишди!

Саёҳатимизга якун ясаб, шуни таъкидлашни хоҳлардимки, Дубайдаги 6 кунимиз мазмунли ва қувноқ тарзда ўтди. Замонавий архитектура, қулай транспорт ва очиқкўнгил аҳолининг уйғунлиги ушбу шаҳарга ўзгача қиёфа бағишлаб туради!

Мақола муаллифи: Диля Расулова

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top