13-02-2018 11:30
2360
0
Эҳ, қадрдонларим, Афьон термал курортлари ва меҳмонхоналаридаги муолажалардан олган таассуротларимни сўз билан таърифлаб бера олсам эди! Ваъда қилганимдек, бугун Budan Thermal Spa Hotel даги муолажалар ҳақида сўзлаб бераман. Шуни таъкидлашни истардимки, барчасини ўзимда синаб кўрдим.
Термал бассейнлар
Бассейнлардан бошлайман, чунки булар энг муҳимларидандир. Айнан бассейнларни деб ҳар йили Афьонга 700 000 сайёҳ ташриф буюради! Шу боисдан Афьонни Туркиянинг термал пойтахти дейишади.
Маълумот учун. Термал манба – бу ер остидан чиқувчи илиқ ёки иссиқ булоқ суви. Бундай сувда организм учун кўплаб фойдали моддалар мавжуд. Ушбу бассейнлар биринчи навбатда ревматизм, шамоллаш касалликларига чалинганлар учун жуда ҳам фойдали.
Ишонмассиз, бироқ бу ерда дам олувчи турк қизлари менга бассейн остидаги булоқ сувининг устига туришни ўргатишди, яъни унинг устига қорнингиз ёки орқангиз билан ётишингиз ҳам мумкин. Натижада ортиқча вазндан ҳам халос бўласиз! Деярли барча турк қизлари шундай қилишар экан. Аммо меъёридан ошириб юбормаслик кераклигини доим ёдда тутинг. Ва баъзи бир ҳолатларда, мисол учун онкологик касалликлар ёки тромбофлебитда у ерга бормаганингиз маъқул. Менга эса жуда ёқди! Дарҳақиқат, Анталияда «орттириб олган» ортиқча калорияларим йўқола бошлагандек!
Айтганча, Budan Thermal Spa Hotel меҳмонхонасида нафақат очиқ, балки ёпиқ турдаги термал сувли бассейнлар ҳам бор. Очиқ бассейнга боришга журъат қилолмадим: шунчаки томоша қилдим, бироқ кўплаб инсонлар чўмилишаётганлигини кўрдим.
Шифобахш туз ва буғ
Мен, албатта, тузли ғорга ҳам кирдим. Ушбу муолажанинг мазмун-моҳияти шундаки, Сиз ғорга кирасиз, қулай ўриндиққа ўтирасиз, ҳаво буғларидан нафас оласиз, ҳаммаёқ эса – туз! Айтишларича, бу инфекцион касалликлар ва яллиғланиш жараёнларини даволашда жуда ҳам фойдали эмиш. Айнан шундай бўлиб чиқди: Тошкентда бир ярим ой томоқ оғриғидан халос бўла олмай қийналаётган эдим, бу ерда эса қандайдир бир неча дақиқа ичида оғриқ безовта қилмай қўйди!!!
Шамоллашдан қутулиш ва келаётган баҳор фаслига ўз иммунитетимни тиклаб қадам қўйиш мақсадида буғланиш хонасига ҳам кирдим. У ерда организмга ижобий таъсир қилувчи қайноқ ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдим.
Токсинларга барҳам берамиз!
Сўнгра танамизни кераксиз шлак ва турли зарарли моддалардан тозалаш ниятида детокс-хонага йўл олдик. Бу ерда моҳияти ион алмашинувини йўлга қўйишга асосланган махсус аппаратдан фойдаланишар экан.
Сиз қулай ўриндиққа ўтирасиз. Ўнг қўлингиз ва белингизга махсус белбоғчалар кийдиришади, оёғингизни эса сувли жомга ботирасиз ва у ерга кичкина аппаратча солинади.
Бунинг моҳияти шундаки, муолажа давомида манфий ва мусбат зарядланган ионлар оқими вужудга келади ва ушбу оқим танамизга кириб, токсин ва шлаклар билан боғланиб, оёқ тер безлари орқали буғланиб чиқиб кетади.
Сўнгра жомдаги сув шу қадар ифлосланиб, ёқимсиз рангга кирадики, уялиб ҳам кетасиз!
Ҳаммом
Кейин эса турк ҳаммомига бордик. Тўлиқ тасаввур ҳосил қилишингиз учун унинг суратини кўрсатаман.
Умуман олганда, ҳаммом ниҳоятда фойдали. Тери майинлашади, ёғлар ажралиши меъёрига келади, бадандаги тешикчаларингиз тозаланади. Устимдан тушган ўлик тери қаватларини кўриб оддий ванна қабул қилганимизда булардан халос бўла олмаслигимизни англаб етдим. Яхшиямки, ҳаммом ёрдамга келди!
Фойдали балиқлар
Шифокор-балиқлар билан Budan Thermal Spa Hotel га келган кунимдаёқ танишган эдим.
Бироқ ўшанда шунчаки сувга қўлимни ботирган эдим. Суратларни кўриб қўрқиб кетманг, улар шунчаки қўлимни тозалашмоқда!
Ушбу муолажа учун махсус балиқчалар – Гарра Руфа галасидан фойдаланишади, улар одатда китларга ҳамроҳлик қилишади ва уларнинг терисидаги ўлган органик моддалар билан озиқланишади. Улар, дарҳақиқат, терингизни ортиқча нарсалардан тозалаб ташлашар экан! Шунингдек, балиқлардан дерматит, товон замбуруғи, псориаз ва экземани даволашда фойдаланилади.
Энди эса нималарни ҳис қилганим ҳақида. Бошида, албатта, бироз қўрқинчли: балиқлар майда бўлса ҳам қўлингизни яқинлаштиришингиз билан ҳудди еб қўйишни хоҳлагандек ҳаммаси сузиб келади! Бироқ вақт ўтиши билан ўрганиб қоласиз! Бу муолажа «фиш-пилинг» деб номланади. Оёқларим фиш-пилинги давомида даставвал роса қитиғим келди. Балиқлар ҳам айёр чиқди: мен улар оёқ кафтимни тозалаб қўйишларини хоҳлаган эдим, улар юмшоқ тўқималарга ҳужум қилаверишди!
Уқалаш
Уқалаш – тинчлантирувчи, куч-қувват берувчи, ёқимли... Таърифлашга тил ожиз. Ҳа, гўзаллик кунимнинг якунида ўз ишининг мутахассиси Хосият исмли қиз мени балича уқалашга таклиф этди.
У жуда ҳам камсуқум, камтарин қиз, русчада яхши сўзлашар экан, бироқ суратга тушишдан бош тортди, шу сабабли шунчаки уқалаш хонасини кўрсатаман.
Спорт
Тушлик ва муолажалар оралиғида спорт билан шуғулландим!
Budan Thermal Spa Hotel да ажойиб спорт заллари мавжуд.
Мураббийлар доим ёрдамга шай туришади.
Албатта, юқоридагилар Budan Thermal Spa Hotel Сизга таклиф қиладиган муолажаларнинг ҳаммаси эмас. Бу ерда озонотерапия аппаратлари...
Гўзаллик салонлари
Балчиқли бассейнлар ҳам бор.
Ота-оналар муолажа қабул қилишаётган пайтларида уларнинг болалари кичкинтойлар учун мўлжалланган хонада ўйнаб туришлари мумкин.
Айтганча, энг зарур буюмларни (мисол учун, уйда шиппак ёки чўмилиш кийимларини унутиб қолдирган бўлсангиз) мана бу аёлдан сотиб олишингиз мумкин.
Агар улгурсам, бошқа муолажаларга ҳам кираман ва бу ҳақда Сизга сўзлаб бераман.
Бироқ шуни унутмаслик керакки, Budan Thermal Spa Hotel – бу шифохона эмас, шунчаки СПА-меҳмонхона, бу ерда албатта шифокор Сизга ёзиб берган тадбирларни қўллашади. Бироқ бу ерда дори билан даволанилмайди. Фақатгина табиат тузатади! Меҳмонхонанинг асосий мақсади организмни ёшартириш, соғайтириш, ички жараёнларни стимуллаштиришдир. Бу ердагилар касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул деган иборага амал қилишади. Бунинг учун Афьон ва Budan Thermal Spa Hotel айнан мос келади!
Бу ерда неча кун даволанилиши ва соғлиқни тиклаш қандай амалга оширилиши ҳақида яқин кунлар ичида меҳмонхона директори билан суҳбатлашамиз. Шу сабабли бизни кузатиб боринг! Tatil.uz нинг Facebook, Instagram ва Telegram-каналларига обуна бўлинг!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz