21-09-2017 21:30
3032
0
Мен ҳали ҳам Паттайяда – Сиам кўрфазининг қирғоғида, Таиланд жануби-шарқида жойлашган курорт шаҳардаман. Ўзимнинг дастлабки таассуротларим ҳақида мен Сизларга сўзлаб берган эдим. Бугун эса бу ерда қандай таомлар тайёрланиши ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.
Шуни таъкидлаш керакки, Паттайяда оч қолмаслигингиз аниқ. Чунки бу ерда ҳар қадамда овқатланиш жойларини учратишингиз мумкин. Меҳмонхоналарда Сизга нонуштадан ташқари таъбингизга кўра исталган вақтда таом таклиф қилишади, бу ерда савдо марказларида ҳам овқат, кўчада ҳам овқат... Барлар, қаҳвахоналар, ошхоналарда ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин. Тай, турк, ҳинд, европа, рус ошхонаси шулар жумласидан.
Паттайяга энди келган пайтимда бироз айланишга қарор қилдим ва савдо марказларидан бири – Central Festival Pattaya га кирдим.
У мен истиқомат қилаётган Sunbeam Hotel Pattaya дан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган. Пиёда юриб 7–10 дақиқа ичида боришингиз мумкин. У нимаси биландир бизнинг «Samarqand Darvoza» ёки «Parus» савдо марказларига ўхшайди, чунки бу ерда ҳам сершовқин, дўконлар ва тамадди қилиш учун жойлар ниҳоятда кўп.
Турли-туман ранг-баранг пишириқлар сотиладиган павильонга бордим. Пишириқларни, мисол учун, бизнинг «Корзинка» дўконларида бўлгани каби шу ернинг ўзида тайёрлашади. Мен 50 бат (1 доллар 33 Таиланд батига тенг)га пицца харид қилдим. Шунингдек, қаҳва ҳам олдим, чунки ушбу ажойиб ичимлик парвоздан сўнг ухлаб қолмаслигимга ёрдам берди! Айтганча, бу ерда қаҳва унчалик арзон ҳам, қиммат ҳам эмас. Капучино учун мен 80 бат, яъни 2,5 доллар ёки сал кам 20 000 сўм тўладим. Лекин бу ерда, аслини айтганда, турли-туман умумий овқатланиш жойларига кириб, кўнглингиз тусаган нарсани олишингиз мумкин. Денгиз маҳсулотлари ҳам бисёр.
Энди айнан ушбу денгиз маҳсулотлари ҳақида ҳам ҳикоя қилиш мавриди келди. Аслида, бу ерда денгиз таомлари нақадар кўп ва мазали эканлигини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Йўқ, мен, албатта, ҳамма ҳам денгиз маҳсулотларини хуш кўравермаслигини тушунаман, бироқ, шундай бўлса-да, бир марта бўлса ҳам татиб кўриш керак деб ўйлайман. Чунки бу ерда денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомлар ниҳоятда мазали. Пицца ёки спагеттини эса ўзимизнинг Тошкентда ҳам есак бўлади-ку.
Денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомлар ҳақида ҳам бир оғиз сўз. Мени чиндан ҳам ҳайратда қолдирган шўрвалардан бири «Том Ям» деб номланади. Бугун мен уни татиб кўрдим. Мана у.
Ушбу шўрва бироз таъми ўткир ва нордонроқ. Креветка каби асосий масаллиқлардан ташқари, унга лимонграсс, галанга, лайм барглари қўшилади. Таомни еб бўлганингиздан сўнг ҳеч қандай ноқулайлик ва оғирликни ҳис қилмайсиз.
Яна бир ажойиб денгиз маҳсулотидан тайёрланган таом – бу саримсоқ пиёз ва қора қалампирли креветкалар.
Уларни гарнир билан тортиқ қилишади. Энг машҳур гарнирлардан бири, албатта, гуруч. Айтганча, таиландликлар ҳамма нарсада гўзаллик бўлишини ёқтиришади ва ҳаттоки гуручни ҳам юрак шаклида қилиб узатишади. Қандай қилиб буни емаслик мумкин?
Шу сабабли мен ҳам уни татиб кўрдим. Сизга ҳам шуни маслаҳат бераман. Умуман олганда, агар Таиландга борсангиз, денгиз маҳсулотларини татиб кўришингизни маслаҳат бераман. Бу таомлар шунингдек, фойдали ва бундай сероблик бизда афсуски йўқ.
Шунингдек, меваларни ҳам еб кўринг. Чунки экзотик мевалар – бу экзотик мевалар. Мисол учун, питайи – аждарҳо мевасини бизда ҳеч қачон топа олмайсиз. Бироқ бизнинг тарвуз ва қовунларимиз бу ерникидан бир неча баробар ширинроқ ва ўзимизнинг бозорларда асалдек қовун-тарвузлар турганда уларни Таиландда еб нима қилдим?
Ва чамаси, таиландликлар жуда ҳам меҳрибон халқ шекилли, одамлар кўп ейишларини ёқтиришади. Шу сабабдан ошпазлар Сизнинг ликопчангизни таом билан тўлдириш иштиёқида ёнатгандек тасаввур уйғонади. Мисол учун, кеча мен лазанья таомини татиб кўрдим. Унинг ярмини ҳам еб тугата олмадим.
Таиландда ёғоч таёқчаларга қистирилган товуқли кабоблар, турли-туман соуслар, қўрда пиширилган таомлар ва ҳар хил балиқли бутербродлару яхна овқатлар анча машҳур. Барчасини татиб кўрдим. Менга, айниқса, аччиқ таомлар ёқди. Мана сизга одатий таиландча кечки овқат – Том Ка Гай шўрваси.
Иккинчига сабзавотли гўшт ва албатта, гуруч.
Меҳмонхоналарда ҳам шундай боқишадики, Тошкентга бўғирсоқ бўлиб қайтиб келсам керак! Бу албатта, ҳазил, чунки мен бу ерда кўп сайр қиляпман, ҳаммасини кўришни хоҳлайман. Меҳмонхоналарда нонуштага шведча стол тортиқ қилинади. Таомлар турли-туман, исталган таъм ва рангдагисини топиш мумкин.
Ошпазлар хоҳишингизга кўра ҳам таом тайёрлаб бериши мумкин.
Меҳмонхоналарда тантаналар муносабати билан ҳар хил фуршетлар уюштириш анъана тусига кирган. Улар тахминан шундай кўринишда.
Шунингдек, меҳмонхоналар ёнида ҳақиқий таиландча кўча овқатини еб кўриш мумкин. Юқорида айтганимдек, бу ерда ҳамма жойда овқатлар бор. Мана қаранг! Мен, тўғрисини айтсам, ҳеч қандай суваракларни емадим. Бу шунчаки мен учун эмас.
Яна бир гап. Таиландликларда бизнинг ўзбекларникига ўхшаш анъана бор экан. Уйимизга меҳмон келганда биз дастурхонга нон қўямиз. Бу ерда меҳмонга даставвал ажойиб ифорга эга нам қўл сочиқ тутишади. Кейин эса салқин ичимлик ва ширинлик тортиқ қилинади.
Айтганча, бу ерда ширинликларни ҳам ёқтиришади. Агар бу ерда ширинликларни ёқтиришса, мен Таиландни ёқтираман! Сиз ҳали ҳам ҳеч бўлмаса буларнинг барчасини татиб кўриш учун Паттайяга боришни хоҳламаяпсизми?
Дўстлар, эртагаёқ биз Пхукетга жўнаймиз. Орзуларим олам-олам. Шу сабабли бизнинг Facebook, Instagram, Telegram ва албатта, блогларимизни кузатиб боринг! Ҳаммангизга ажойиб ҳордиқ онларини ва ширин кайфиятни тилайман!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz