17-02-2018 01:30
2306
0
Истанбул – кўнгли бор шаҳар. У ҳар бир бурчак ва ҳар бир кўча, минг йиллар аввал қурилган уйлар, зиравор ва ширинликлар иси таралувчи бозорлар, шаҳарнинг оддий аҳолиси табассумида яширинган. Истанбул – бу бир бутунга йиғилувчи мозаика каби. Ва ушбу суратдан ташқарига ҳеч чиққингиз келмайди!
Истанбул – бу нафақат замонавий, балки қадимий меҳмонхоналар. Мисол учун 1892 йилда қурилган Pera Palace Hotel. Бу ерда Агата Кристи, Эрнест Хемингуэй, Мустафо Камол Отатурк, кўплаб юқори мартабали шахслар, артист ва ёзувчилар тўхтаб ўтган.
Энди эса Истанбулнинг ажойиб манзараси намоён бўлувчи ушбу меҳмонхонада мен ҳам истиқомат қиляпман!
Ҳар куни мен пастга тушиб, бир финжон қаҳва ичиб Шопен, Шуберт ва Бетховен асарларини тинглайман, шунингдек, ажойиб инсон, моҳир пианиночи Илҳом Генжернинг ижросидан баҳраманд бўламан.
Эрталаб, уйғониб балкон эшигини очарканман, айнан шундай манзара учун ҳам минглаб километр йўлни босиб ўтиш арзирли эканлигини англайман!
Истанбул – бу Галата кўпригидаги балиқчилар. Улар бу ерда балиқ ейишни хоҳлагани ёки балиқ уларнинг даромад манбаи эканлиги учун эмас, бу улар ҳаётининг бир қисми, бундай манзарадан баҳра олиш бахт эканлигини билганлари учун ҳам шу ерда.
Истанбул – бу турли ширинлику мазали таомлар ортилган кичик аравачалар! Бизнинг блогимизда балиқ-экмек, қовурилган каштан ва жўҳорилар ҳақида кўп ёзилган. Бироқ уларни шахсан татиб кўргач, уларнинг нақадар мазали эканлигига амин бўлдим!
Истанбул – бу ўзгача ҳаёт ҳукмронлик қилувчи сершовқин бозорлар. Бу ерда ҳар бир сотувчи харидор тилида сўзлаша олади ва табассумию ижобий кайфияти билан ўзига жалб қилади.
Истанбул – бу пойабзалингизни тозалаб қўювчи ва камерадан уялувчи ўша чоллар.
Истанбул – бу граффити, бу олға интилувчи ёшлар!
Истанбул – бу кўплаб инсонлар ва кўплаб авлодлар ҳаёти.
Истанбул – бу буюк шоҳлар барпо этган қадимий масжидлар, бир-бирини ҳурмат қилувчи, иззат-икром кўрсатувчи инсонлар.
Истанбул – бу тепага кўтарилиб, яна пастловчи тор кўчалар.
Истанбул – бу Истиқлол кўчасидаги ресторан ва қаҳвахоналардан таралувчи француз куйлари.
Ва ўз рельсларида ҳаракатланиб йўловчиларни манзилига етказувчи қизил трамвайчалар.
Истанбул – бу умрбод томоша қилишга арзигулик ажойиб манзара.
Истанбул – бу султонларнинг ҳашаматли саройлари.
Истанбул – бу тунги Босфор.
Ва яна Истанбул – бу муҳаббат. Бир кўришда севги. Унинг тарихи ва замонавийлигига бўлган севги. Энди эса Истанбул – бу менинг ҳам севгим, менинг кўнглим, шу боис ўз юрагимнинг бир парчасини шу ерда қолдириб кетмоқдаман. Яна бу ерга қайтиш учун, яна Шопен ва Шубертни тинглаш учун, юзлаб километрни пиёда босиб ўтиш ва бахт нима эканлигини яна ҳис қилиш учун!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz