05-07-2018 13:30
1987
0
Ҳар бир мамлакатнинг ўз миллий таомлари бор. Туркияда ҳам шубҳасиз шундай. Бу ерда нималар йўқ дейсиз: ширинликлар, пишириқлар, гўштли таомлар, қаҳва, турли ичимликлар... Бугун мен Сизларга Баҳромқалъа сайёҳларни нималар билан хурсанд қилиши ҳақида сўзлаб бермоқчиман!
Демак, нонушта, одатдагидек, меҳмонхонада бошланади. Менинг ҳолатимда бу Assos Barbarossa Hotel эди. Бу ерда меҳмонхона анъаналаридан воз кечилмайди ва 8:00 дан бошлаб меҳмонларни шведча столга таклиф этилади. Ҳар бир киши кўнгли тусаганини танлайди: мева ёки сабзавотлар, пишлоқ ёки булочкалар, шарбат ёки қаҳвалар, хоҳлаганингизни танланг. Assos Barbarossa Hotel даги нонушталарни бир томоша қилинг.
Моҳир ошпазнинг масаллиқли блинчикларни усталик билан тайёрлашига бир қаранг!
Қизиғи, меҳмонхона бош ошпази Рамазон Софу узоқ вақт Қозоғистонда ишлаган бўлиб, Ўзбекистон ва Ўрта Осиёдаги бошқа халқларнинг миллий таомларини яхши билади. Юртимиздан борган меҳмонларга ҳам ўзбек миллий ошхонасининг энг яхши таомларини тайёрлаб беради!
Айтганча, кундузги ўн бирдан кечки бешгача Assos Barbarossa Hotel да снэк-бардан егулик буюртма қилиш мумкин. Дам олувчилар асосан денгиз яқинида овқатланишни хуш кўришади. Улар кўпинча пицца, гамбургер ёки бошқа фаст-фудлар буюртма қилишади.
Кун давомида спиртсиз ичимликлар, коктейль, шарбат, чой ёки турк қаҳвасини буюртма қилиш мумкин. Бир вақтнинг ўзида гўзал табиат манзараларидан завқ олиш учун имконият яратилади!
Айтганча, турк қаҳваси ҳақида... Жазирама иссиққа қарамай, у ҳордиқ чиқарувчиларнинг севимли ичимлиги бўлиб қолмоқда. Уни, бутун Туркияда бўлганидек, ширин лукум билан бирга тортиқ қилишади!
Баҳромқалъадаги эски шаҳарда (у ерга қандай қилиб бориш мумкинлиги ҳақида кейинги мақоламда сўзлаб бераман) анъанавий турк ноз-неъматларини татиб кўриш мумкин бўлган қизиқарли жойлар бор. Мана, мисол учун, мен борган шундай ресторанлардан бири.
Ресторан эгаси Эдем менинг қаердан эканлигим билан қизиқди. Ўзбекистондан келганлигимни билгач, бизнинг шаҳарларни яхши билишини, маданиятимизга қизиқишини айтди (кўп ўқиб эшитган, бироқ юртимизда бўлмаган экан). Нега мен туркча эмас, инглизча сўзлашаётганлигимдан ҳайрон бўлди. Ўзим ҳам туркчани ўрганиб олишим керак, дея ўйлай бошладим, чунки у ўзбек тилига ўхшаб кетади. Кейин эса Эдем русча сўзлай бошлади... «Рус тилини қаердан биласиз?» – ҳайрон бўлиб сўрадим мен. Эдем бир неча йил давомида Истанбулдан Измирга сайёҳларни трансфер қилиш билан шуғуллангани ҳақида айтди, сабаби эса у ерда МДҲдан келган кўплаб рус тилида сўзловчи сайёҳлар бор. Яна Эдем маҳаллий аҳоли уни Антонио Бандерас деб чақиришини айтди. Хўш, ўхшар эканми?
Эдем меҳмондўст ва меҳрибон киши бўлиб чиқди, у баҳромқалъаликларнинг энг севимли таоми гёзлемени татиб кўришимизни таклиф қилди.
Гёзлеме – бу турк кулчалари (лавашга жуда ўхшайди), ичида эса масаллиқ. Рецептдаги энг қийини – хамирни юпқа қилиб ёйиш, сўнг уни шундай қовуриш керакки, карсиллаб туриши зарур. Одатда, гёзлемени анъанавий турк товаси – садчда пиширишади.
Суратдаги гёзлеме – қовурилган картошка ва помидор-бодринг билан.
Шунингдек, эски шаҳарда яна бир мўъжаз ресторан бўлиб, у ердан ажойиб манзара намоён бўлади ва ўзгача муҳит ҳукм суради. У Ehli Keyf деб номланади.
Кўпчилик сайёҳлар бу ресторанни билишмайди, бу ерга асосан туркларнинг ўзлари келишади. Бу ресторанда ажойиб қаҳва дамланади ва гўштли таомлар тортиқ қилинади! Шундай тушлик қиласанки, вақт бўйича саёҳат қилгандек бўласан!
Бу ерга машҳур меҳмонлар кўп келишади, шунингдек, у турк актёрларининг ҳам севимли ресторани ҳисобланади. Уларнинг суратлари деворларнинг бирини безаб туради. Мен ҳам ресторан эгаси билан суратга тушишга қарор қилдим!
Яна Баҳромқалъада олий навдаги винолар...
Мазали балиқ...
Ва мазали гўшт бор. Мен миллий турк таоми кузу пирзолани еб кўрдим. Бу грилда пиширилган қўй қовурғаси ва сабзавотлардир.
Агар Сиз Assos Barbarossa Hotel да яшашга қарор қилган бўлсангиз, кечқурун аля-карт ресторанда таом буюртма қилсангиз бўлади. Қўшимчасига жонли мусиқа ва ижродан баҳра оласиз.
Ёки меҳмонхонадан чиқиб яқин-атрофдаги қаҳвахоналарнинг бирига бориш мумкин.
Турк таомлари ҳақида кўп гапириш мумкин! Сабаби у биз ўзбекистонликларга яқин бўлгани учун бўлса керак. Балки халқларимиз маданияти ўхшашлигидандир? Бироқ, айтишганидек, яхшиси минг марта ўқигандан бир марта татиб кўрган афзал! Шу сабабли турк ошхонасининг энг яхши анъаналарини мустақил ўрганган маъқул!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz