06-03-2020 17:22
1799
0
8 март арафасида биз Кристина Шарипованинг самимий ва таъсирли мақоласини эълон қиляпмиз. Бу мақолада у турмуш ўртоғи Балига совға қилган саёҳатдан олган таассуротлари билан ўртоқлашади...
Ҳаётда шундай пайтлар бўладики, тақдир сени ўз зарбалари билан синайди. Бундай вақтларда ҳаммаси чаппасига кетаётгандек туюлади ва сен буларга жавобни ичингдан қидира бошлайсан. Кўзингни юмасан ва асровчи фариштанг сени самолёт қанотларида... Ҳинд океанининг жаннатмакон оролига элтиб қўяди.
Эрталаб чакалакзорнинг қоқ марказида уйғониш, тоза ҳаводан нафас олиш, тропик дарахтларга назар ташлаш ва янги кунни қарши олиш... Убуд – Балидаги гуручли далалар, террасалар, сон-саноқсиз ҳинд ибодатхоналарию ўнлаб дарёлар билан ўралган ажойиб шаҳар.
Бироқ ҳаммаси ҳақида бир бошдан.
Убуддан шимолда кўп километрларга чўзилган гуруч далалари ястаниб ётибди. Гуруч далалари оқимлари менга болалар пирамидасини эслатиб юборди. Худди кимдир пирамидани ердан кўкка қараб бино қилиб, сатҳининг ўлчамини пухталик билан ўлчаб чиққандек.
Сен ипакли гуруч туплари билан бир сатҳда турибсан ва бу жараёнга қанча меҳнат сарф қилинганини кўряпсан, шунда орол аҳолиси учун яхши ҳосилнинг муҳимлигини тушуниб англайсан. Асосийси, бу яшил рангнинг ўнлаб жилоси ва ёввойи табиат товуши. Манзара ўзига мафтун қилади, фикр ҳам, сўз ҳам йўқолиб қолади, фақатгина ичингдаги ҳис-туйғу ва худди сен ҳам экзотик гулдек таассурот уйғонади. Буларнинг барига қараб, ҳавода қушдек учгинг келади. Ва буни катта «арғимчоқ»ларда амалга оширишинг мумкин.
Тўғрисини айтганда, мен ўзим бунга ҳеч қачон журъат қила олмасдим, бироқ менинг фариштам: «Сен буни қилишинг керак, мен чипта олиб бўлдим!» деди (унинг ўзи бундай парвозга журъат топа олмади).
Ва мана, қўрқувни озгина бўлса-да назоратга олиб, сен жарга қараб учасан... Бу бақириқ кейин миямда айланаверди. Тебрангич каби гуруч далалари поғоналарининг қияликлари узра чайқалиб, қўрқув аста йўқолаётганини сезасан, қувонч вужудингни қамраб ола бошлайди ва ўзингнинг қўрқинчли бақириғингни эмас, қувноқ «ЙУ-ХУ-ХУУУУУ»ни эшитасан. Кўзингни ва қўл кафтингни очасан, шамолни қучоқлаганча учасан!
Томчи денгизга қуйилишини ҳамма билади, бироқ океан ҳам томчига уланишини кўпчилик билмаса керак. Мен океан билан айнан шундай қилиб танишдим. Нуса-Дуа соҳили, Ayodya Resort Bali 5* меҳмонхонаси.
Илиқ қум, уфқдаги мовий ранг теп-текис майдон, сени ушлаб олиб бепоён гирдобга олиб кетишга тайёр тўлқин қалқишидаги жўшқин эҳтирос. Чексиз-чегарасиз куч ва энергия оқими. Бу дамда оламимиз қанчалик улканлигини, у нақадар ажойиблигини тушунасан ва ўзингнинг олам билан бир бутун эканлигингни ҳис қиласан.
Сен болалар каби бахтдан қувнайсан. Ҳиссиётлар сени шунчалик қамраб оладики, бир қараса куласан, бир қараса йиғлайсан. Тўлқинлар билан дўстлашиш учун вақт керак бўлади.
Океан ўзгарувчан ва уни тонг саҳарда кўриш муҳим. Бу тинчлик, сокинлик, янги куннинг туғилиши ва кўринмас мўъжизани ҳис этиш вақти.
Бали йога тортишиш маркази эканлиги ҳаммага маълум. Борди-ю сен ҳеч қачон йога билан шуғулланмаган бўлсанг ҳам, мантра ва медитация нима эканлигингни билмасанг ҳам, бу вақтда нафас чиқармай, ҳаракатда муаллақ қотишни ва ўз кўнглингга назар ташлашни, ҳаётингда нима бўлса, барига миннатдорчилик билдиришни хоҳлаб қоласан!
Улкан таассуротлар учун эса қирғоқ чизиғи бўйлаб велосипедда эрталабки сайр уюштириш мумкин.
Балида шундай жой борки, мен уни дунёнинг чети деб атаган бўлардим. Бу Улувату, қояли жарликдаги ибодатхона. Бу мен учун ҳақиқий кашфиёт эди. Кун ботиши пайтида жарлик ёқасида туриб сен уфқдан тўлқинларни кўрасан, кенг кўпикли чизиқлар бир-бирини қувиб етиб тоғ этагида бир-бирига етиб олади ва тоғга урилиб чилпарчин бўлади. Бу дамда сен худди бепоёнлик узра мувозанат сақлаб тургандек бўласан.
Оролдаги ўнлаб катта ва кичик ибодатхоналар ўзининг гўзаллиги, архитектураси ва аҳамияти билан лол қолдиради.
Бали санъати, урф-одатлари ва маросимлари кўнгилга хуш ёқади. Балилик ўрта ҳисобдаги аёл кунининг учдан бир қисмини диний маросимга тайёрланиш, унда иштирок этиш ва ибодатдан сўнгги йиғиштиришга сарфлаши ҳисоблаб чиқилди. Бунга руҳлар учун таом тайёрлаш, кулдон ҳажмидаги пальма япроқларидан тўқилган саватча, бир нечта гуруч ва хушбўй гуллар мисолдир. Бизнинг келинларимиз эрталаб ҳовлини супуришдан нолимасалар ҳам бўлади!
Кечқурун баъзи ибодатхоналарда ажойиб бали саҳна рақсларини ва томошаларини кўриш мумкин.
Океан соҳилидаги постановка спектаклида иштирок этиш кутилмаган совға бўлди. Мен уни «Ғалати кишилар рақси» деб номладим.
Шунингдек пляжда бошқа ғалати одамларни ҳам учратиш мумкин. Куннинг биринчи ярмида пляж севишганлар ва суратга тушаётган келин-куёвлар билан тўлиб кетади.
Кеч тушгач эса эртакнамо тўй маросимининг гувоҳи бўлиш мумкин... Қайси қиз буни орзу қилмайди дейсиз?
Бали таомлари худди оролнинг ўзи каби ёрқин, ноодатий, кўп қиррали, вақти-вақти билан дадил.
Креветкаларни албатта татиб кўринг! Уларни бу ерда тайёрлашни билишади!
Алоҳида маслаҳатим – Убудда рифтингда бўлиш, қалин чакалакзор билан ўралган тоғ кўли дарёси бўйлаб пастга тушиш. Бу ерда сўзлар ортиқча.
Бали шунчалик улкан ва қизиқарли оролки, ҳар бир киши ўзига мос нарсани топади ва ҳеч ким бефарқ қолмайди.
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz