Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

02-02-2018 23:45

Ҳазилкаш учувчи, кутилмаган танишув, дарахтлардаги апельсинлар ва мингталаб «вау»

2389

0

Боингимизнинг иккинчи учувчиси Никита Крутиков (жўнаш кечаси ухламаганлигимга қарамай фамилиясини яхши эслаб қолдим) оқ йўл тилаб, Истанбулда об-ҳаво «ажойиб» (бу Сизга қандайдир беш-саккиз градус иссиқ эмас) эканлигини айтганидан сўнг, ушбу сафарим ҳам ажойиб бўлишини сездим.

Айтганча, рейс ҳақида. Мен аэропортга рейсдан уч соат аввал, тахминан 4:50 ларда бордим. Оқибатда рўйхатдан ўтиш, паспорт назорати ва ҳ.к. тадбирларни шу қадар тез ўтиб бўлдимки, яна икки соат кутиш залида самолётимиз эълон қилинишини кутиб ўтирдим... Яқин орада хорижга чиққанлар гапимни тасдиқлашса керак. Сентябрда, Tatil.uz учун Таиланд ҳақида мақола тайёрлаганимда мен, эсимда, барча зарур тадбирлар учун камида бир ярим соатимни сарфлаган эдим. Энди эса барчаси шу қадар тез битдики, зерикиб қолишга ҳам улгурдим.

Англаганингиздек, сафарим бошиданоқ омадли бошланди. Йўқ-йўқ, иккинчи учувчига кейинроқ йўлиқдим, унда олдин эса Миллий авиакомпаниямизнинг меҳрибон стюардессалари яхши кайфият улашишди. Палов ҳам тортилди, мазаси оғзингизда қолади! Кейин эса кутилмаган танишув.
Самолётга ўтирсам, ёнимга бир аёл ҳам келиб ўтирди. У телефонда гаплашар эди. Сўзлари қулоғимга таниш туюлди. Ахир, бу қорақалпоқчаку! «Қорақалпоғистонданмисиз?» – сўрадим мен. «Ҳа», – жавоб берди нотаниш аёл. «Сиз-чи?». «Мен ҳам!». Иккимиз ҳам бу учрашувдан қувониб кетдик, ахир 250 ўриндиқли самолётда «қорақалпоқ қизлари»нинг бир-бирини учратиб қолиши ҳақиқий мўъжиза эди. Лекин, тўғриси, мен Нукусдан, янги танишим Тамара опа эса Хўжайлидан бўлиб, Туркияга қариндошларидан хабар олгани кетаётган эди. Унинг синглиси турк йигитига турмушга чиққан, энди эса Тамара опанинг қизи Адолат ҳам холасиникига меҳмонга бориб, жажжи жиянчасига қарамоқда эди. Тамара опа ҳам, ўз навбатида, Истанбулга бориб дам олишни режалаштираётган экан.
Ушбу аёл ҳамшира, шифохонада ишлайди ва шу қадар очиқкўнгилки, таърифлашга тил ожиз: самолёт манзилга бориб қўнганида қанчалик хурсанд бўлганлигини бир кўрсангиз эди! Умрида биринчи марта хорижга чиқаётган бўлса ҳам, паспорт назоратига илдам ва ҳеч бир ҳаяжонсиз борар эди. Буни саёҳат тақдим этган бахт, дегим келди!
Энди Сизларга қўниб бўлганимиздан сўнг нималар рўй берганини қисқа ва лўнда сўзлаб бераман. Балки, илк марта саёҳат қилаётган ҳамюртларимиз учун асқотар. Туркияда, Малайзияда бўлганидек, қўнганингиздан сўнг ҳеч қандай аэротрейнга ўтирмайсиз. Бу ерда деярли ҳамма инглизча, баъзилар эса русча ҳам сўзлашишади. Ва барча ерда қаерга, қандай қилиб ва нима учун бориш кераклигини кўрсатувчи йўлкўрсаткичлар бор. Қўнишдан сўнг ўтишингиз зарур бўлган паспорт назоратини топиш ҳам жуда осон, сўнгра чиқиб, юкингиз қайси тасмада айланаётганини кўрасиз. Бор-йўғи шу.

Facebook даги саҳифамизни кузатиб бораётган бўлсангиз, Истанбулга борганимдан сўнг ички линиялар терминалига ўтишим керак бўлганлигидан хабардорсиз. Мен бу ишни муваффақиятли уддаладим: бахтимга йўлкўрсаткичлар ёрдамга келди!

Ички парвозлар терминалидан бир нечта сурат.

Ва Onur Air компаниясининг самолётида Анталияга учиб кетдим. Парвоз қийин бўлмади.

Аэропортда бизни Mai Excellent Concierge Service вакиллари кутиб олишди.

 

Аёлларга гул совға қилишди. Кўриб турганингиздек, менга ҳам насиб этди. Кўнглим ниҳоятда кўтарилди!

Ташқарига чиқишим билан баҳорни ҳис қилдим! Бу ҳаво, гуллар ифори, яқинда ёққан ёмғирдан сўнгги дарахтлар – ёрқин, ям-яшил, гўзал... Сиз баҳорни севувчи инсоннинг февраль ойида баҳорга тушиб қолиши қандай эканлигини тасаввур ҳам қилолмайсиз! Бу худди 12 ой ҳақидаги мультфильмдек, энг яхши эртакдагидек! Ҳозир нақадар бахтли эканлигимни таърифлаб беролмайман!!!
Ҳа, бу қадар кучли ҳис-туйғу Анталияга илк марта келишим сабаблидир. Балким, бироқ Сизга айтсам, Интернетда Анталия ҳақида кўрганларимиз асосан пляж ва меҳмонхоналар бўлиб, бу мафтункор Анталияни тўлиқ тасвирлаб беролмайди. Бу ернинг ифори ўзгача, ҳаммаёқ ям-яшил, дарахтларда апельсинлар ўсади, халқи эса меҳмондўст ва очиқкўнгил!
Менинг ҳозирда жойлашган меҳмонхонам – ҳашаматли Max Royal Belek Golf Resort алоҳида мавзу.

Бу қадар кўп ресторан, бар ва кўнгилочар аттракционларни умримда биринчи марта кўришим. Бугун кечки овқат вақтида ҳаттоки адашиб ҳам қолдим! Max Royal Belek Golf ҳақида кейинроқ гаплашамиз. Ҳозирча эса мен истиқомат қилаётган хонанинг расмларини кўрсатаман ва шу ердан туриб мақоламни ёзаётганимни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу ер жуда шинам, қулай ва сокин.

Эртага ушбу меҳмонхонани ўрганиб чиқаман, чунки кўплаб қизиқарли нарсаларни кўраман деб ўйлайман. Йўқ, ўйламайман, бунга 100 фоиз аминман! Шу боисдан бу ерга ёзда ёки мавсум авжида келишни хоҳласангиз, Facebook даги саҳифамизни кузатиб боринг, Telegram даги каналимизга обуна бўлинг ёки Instagram да бизни кузатиб боринг! У ерда шу жойдан туриб расм ва видеолар жўнатиб бораман. Ҳозирча эса куннинг мукаммал якуни – Анталиядаги оқшомда лимон, долчин ва ялпиз қўшилган чой ичиб атрофни кузатиш. Мана буни бахт деса бўлади, Александра!

Мақола муаллифи: Александра Терёхина

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top