Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

08-05-2019 16:43

Қандай қилиб ўзбекистонликларнинг Дубайда балиқ ресторанини қидирганликлари ҳақида

1596

0

«All inclusive» тизимисиз ишловчи меҳмонхоналарга жойлашган сайёҳларни тушлик ва кечки овқатга нималарни тановул қилиш масаласи қизиқтиради. Дарҳақиқат, агар сиз бирон-бир давлатга биринчи марта ташриф буюрган бўлсангиз, у ернинг миллий таомларини татиб кўргингиз келади. Бироқ сизни алдамайдиган, нархлари ҳамёнбоп, ёқимли муҳит ва ажойиб сервисга эга бўлган жойни қандай топиш мумкин? Бу ҳолатда сиз қандай йўл тутишингизни билмадим-у, мен TripAdvisor га мурожаат қилишни маъқул кўраман. Дубайга илк марта борганимда айнан шундай қилдим.

Сайтнинг биринчи саҳифасида энг яхши маҳаллий ресторанлар қаторида (сайтнинг рус тилидаги талқинида) Fish Hut Seafood Restaurant ни кўрдим (бу ресторанлар тармоғи Дубайнинг бир қанча туманларида фаолият юритади).

 

Фойдаланувчилар унга юқори баҳо беришди.

 

Фикрларга кўз югуртирдим ва у ерга боришимга шубҳа қолмади.

 

Бунинг устига, у қулай Al Barsha туманида, Dubai Mall ва Burj Khalifa яқинида жойлашган.

 

Ресторан жуда ҳам шинам. У ерда ўзингни уйингдагидек ҳис қиласан. Кўпчилик бу ерда оилавий дам олади, чунки ресторанда болалар менюси ҳам бор экан. Умуман, бу ернинг менюси хилма-хил ва қизиқарли. Исталган киши ўзига ёққанини топа олади. Лекин меню ҳақида кейинроқ тўхталиб ўтаман.

 

Ресторан ошхонаси очиқ бўлиб, ошпаз ва унинг ёрдамчилари нималар қилаётганини кузатиш имкони бор. Бу ердаги вентиляция масаласи ҳам юқори даражада ўйлаб чиқилган, шу боис ҳеч қандай балиқ, ёғ ҳиди ёки тутун ҳақида гап бўлиши мумкин эмас!

 

Айтганча, истагингизга кўра бориб тирик балиқ ёки денгиз маҳсулотларидан бирини танлашингиз мумкин. Бу ерда креветка ва қисқичбақалардан тортиб лобстер ва кальмаргача ҳаммаси бор. Сиз танлаган маҳсулотни хоҳишингизга кўра тайёрлаб беришади.

Таъбга кўра маринадланган салатлар ва аччиқ, нордон, ширин соуслар танлашингиз мумкин.

Энди меню ҳақида... Албатта, агар сиз мен каби балиқ ва денгиз маҳсулотларини ёқтирсангиз, бу ерда ҳақиқий жаннатга тушиб қолгандек бўласиз. Асосий таомлардан олдин салатларни татиб кўринг. Бу ерда улар унча қиммат эмас. Менга айниқса «Грекча салат» ёқиб қолди. TripAdvisor да кўпчилик шунингдек «Цезарь» салатини мақтайди.

 

Шўрва ихлосмандлари бу ерда балиқли ёки сабзавотли шўрвалардан бирини тановул қилишлари мумкин. Уларнинг ҳаммаси мазали. Шунчаки баъзилар креветкали, бошқалар пюрели шўрвани афзал билишади. Ҳаммаси меҳмоннинг танловига боғлиқ.

Менга яна мидиялар, шунингдек, грилда тайёрланган лосось ва креветкалар ёқди! Таъмини таърифлашга тил ожиз! Бундай майин ва ёқимли таъмни бошқа ердан топиш қийин. Бу ерда мазали шейклар ҳам тортилади.

 

Эҳтимол, тақдир тақозосими ёки омадим кулиб боқдими, мен ушбу ресторанлар тармоғининг раҳбарларидан бири жаноб Шан билан танишиб қолдим. У қандай қилиб улар энг янги маҳсулотларни танлаб олишлари, менюга доим янгиликлар киритиб боришлари ва меҳмонларга билдирилаётган мақтовлар ҳақида сўзлаб берди.

Мен ҳам, ўз навбатида, унга юртимиз борасида ва Дубайни қанчалар севишимиз ҳақида гапирдим. Жаноб Шан мамлакатимиз ва меҳмондўстлигимиз ҳақида кўп эшитган экан ва кичик совға сифатида менга Fish Hut Seafood Restaurant ресторанлар тармоғида амал қилувчи чегирма картасини берди. Мана шундай ёқимли совға!

 

Мен эса бундай ажойиб муҳитга эга бўлган ресторан ҳақида сизларга ҳам сўзлаб беришга қарор қилдим. Эҳтимол, Дубайга борганингизда сиз ҳам у ерга кириб ўтарсиз. Борди-ю шундай қилсангиз, асло афсусланмайсиз! Ҳа, айтганча, мендан салом йўллаб қўйишни ҳам унутманг! Ўзим ҳам, ўйлашимча, у ерга ҳали бир неча марта бораман!

 

Мақола муаллифи: Самандар Мирахмедов

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top