16-10-2018 16:30
2752
0
Tatil.uz да Сайёҳлар учун Дубайдаги нархлар билан бошланган «Нархи қанча» рубрикаси ўқувчиларимиз орасида катта қизиқиш уйғотди. Бугун биз мавзуимизни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур ҳақидаги мақола билан давом эттирамиз!
Бугунги кунда Куала-Лумпур шиддат билан ривожланаётган мегаполислардан биридир. 150 йил олдин у қирғоқ бўйида ривожланиш палласига энди кирган қишлоқча бўлганлигини ҳозирда тасаввур этиш қийин. Ушбу нисбатан қисқа муддат ичида меҳнатсевар малай халқи ўз пойтахтларидан осмонўпар бинолар, улкан миноралари бор шаҳар ва шу билан бир қаторда, ривожланган сайёҳлик инфратузилмасини яратди. Бугун бу ерда турли миллат вакиллари яшаб келишмоқда, сайёҳлар оқими ҳам тобора ошиб бормоқда.
Малайзия пул бирлиги – Малайзия ринггити (MYR). 1 ринггит 0,24 АҚШ долларига тенг. 100 АҚШ доллари ёки 820 минг сўм – бу тахминан 415 MYR деб оламиз.
Турар-жой
Куала-Лумпурда меҳмонхоналарда яшаш нархи бир нечта омилга боғлиқ. Бу, биринчи навбатда, яшаётган туманингиздир. Энг арзонларидан бири Хитой квартали ёки Chinatown бўлиб, у ерда бир кеча учун турар-жой (асосан хостеллар)ни 25 MYR га (6 АҚШ доллари ёки 49 минг сўм) топасиз, бироқ бу ерда яшаш ҳаммага ҳам маъқул келмаслиги мумкин. Chinatown ҳеч қачон ухламайди, бу ер доим гавжум ва сершовқин, меҳмонхоналар эса юқори сифатли сервис хизмати тақдим этишмайди.
Сайёҳлар орасида машҳур бўлган яна бир район – Букит Бинтанг (Bukit Bintang) нисбатан арзон, бироқ сифатли меҳмонхоналарни таклиф этади. Бу ерда Куала-Лумпурдаги энг йирик савдо марказлари жойлашган. Бир нечта мисол келтирамиз (нархлар бир киши учун икки ўринлик хонага жойлаштиришга нисбатан кўрсатилган). Swiss-Garden Hotel Bukit Bintang Kuala Lumpur даги хонани бир кеча учун 207 MYR га (400 000 сўм) топишингиз мумкин.
Қимматроқлари ҳам бор. Мисол учун, беш юлдузли PARKROYAL Serviced Suites Kuala Lumpur да бир кечангиз камида 83 АҚШ доллари туради.
Машҳур KLCC ёки Kuala Lumpur City Center да меҳмонхоналар асосан беш юлдузли бўлиб, нархлар ҳам шунга мос равишда қимматроқ. Аммо деразадан машҳур Petronas миноралари кўринади, шунингдек, энг қиммат тунги клублардан бирига пиёда юриб боришингиз мумкин. Pullman Kuala Lumpur City Center Hotel and Residences Hotel да бир кеча учун ўртача нарх 320 MYR (77 АҚШ доллари ёки 630 минг сўм) ва Renaissance Kuala Lumpur да 307 MYR (607 минг сўм).
Борди-ю сиз «ЛЮКС» классидаги шинам меҳмонхонада яшашни хоҳласангиз, Petronas минораларига манзара очилувчи хонада бир киши учун бир кечага 1017 MYR (245 АҚШ доллари ёки 2 миллион сўм) тўлайсиз.
Таомлар
Демак, турар-жойни аниқлаштириб олдик. Кейинги масала – таомлар. Малайзия меҳмонхоналари ўз мижозларига асосан бепул нонушталар тақдим этишади, шу боис Куала-Лумпур бўйлаб экскурсиялар вақтида сайёҳлар ўзлари учун мустақил таомнома тузишларига тўғри келади.
Энг оддийсидан бошлаймиз – мисол учун, McDonald’s даги нархлардан. BigMac 8,45 MYR (2 доллар), McFish – 6,55 MYR (1,58 доллар), чой 3,30 MYR, шарбат – 3,60 MYR туради.
KFC да ўртача нарх бир киши учун 14-18 ринггит (28 000 дан 36 000 гача).
Агар сиз қиммат ресторанда овқатланишни хоҳласангиз, нархлар ҳам шунга яраша қиммат бўлади. Mandarin Grill меҳмонхонасининг шу номдаги ресторанида грилда пиширилган қўй гўшти 218 ринггит (435 минг сўм), Атлантика треска балиғи ҳам шу нархда туради. Салат эса бу ерда 38 MYR (75 минг сўм).
Жамоат транспорти
Куала-Лумпур – катта, иссиқ ва юқори намликка эга шаҳар. Албатта, бу ерда пиёда юришга қарор қилганлар ҳам бор, бироқ жамоат транспортидан фойдаланганингиз маъқулроқ. Бунинг устига, бу ерда турли-туман ва қулай ҳаракат воситалари мавжуд.
Ерости ва ерусти метроси (LTR) анча машҳур. У деярли бутун шаҳарни қоплайди. Шунингдек, у арзон ва қулай. Бу ерда 2 та линия, 49 та ерусти ва бор-йўғи 4 та ерости станциялари мавжуд.
Агар сиз Малайзия пойтахтида кўпроққа қолмоқчи бўлсангиз, 7, 15 ёки 30 кунлик йўл чипталарини харид қилишингиз мумкин. Улар мувофиқ равишда 35, 60 ва 100 MYR (69 000, 118 000 ва 197 000 сўм) туради. Бироқ биз сафарларга одатда узоғи билан 5 кунга борамиз, агар кўпроққа ушланиб қолсак ҳам ҳар куни метрода юришни режалаштирмаймиз. Бу ҳолда 1,2 дан 5,1 MYR гача ёки 2400 сўмдан 10 000 сўмгача бўлган (сафарингиз узоқлигига қараб) бир марталик чипталарни сотиб олган яхши.
Яна бир машҳур жамоат транспорти тури – бор-йўғи бир линия ва 11 бекатда юрадиган ҳамда шаҳар марказида ҳаракатланишга имкон берувчи монорельс метроси. Юришингизни хоҳловчи бекатлар сонига қараб сиз 1,2 дан 2,5 ринггит (2400 – 5000 сўм)гача тўлайсиз.
Куала-Лумпурда камида 2 ринггит (4000 сўм) турувчи шаҳар автобуси ҳам ҳаракатланади.
Куала-Лумпурда мототаксини тахминан 3 ринггит (6000 сўм)га топасиз.
Шунингдек, икки турдаги расмий автомобиль таксиси бор. Биринчисида тўлов ҳисоблагич орқали амалга оширилади ва беш километрлик йўлга тахминан 15 MYR туради. Иккинчисида эса йўлкира ҳақи тўлиқ олдиндан тўланади ва 30-35 MYR туради. Яна расмий таксидан анча арзон турувчи бутун дунёга машҳур Grab тобора оммалашиб бормоқда.
Кўнгилочар томошалар
Бугунги кунда Куала-Лумпур – турли кўнгилочар нарсаларни топишингиз мумикн бўлган ривожланган сайёҳлик шаҳри. Уларнинг энг машҳури қанча туриши ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Мана бир неча йиллардан бери Малайзия пойтахтининг тимсоли Petronas эгизак миноралари ҳисобланади. 170 метр баландликда улар Sky Bridge кўприги билан бирлашади ва у ерда кузатиш майдончаларидан бири жойлашган. Уларнинг иккинчиси 86-қаватда. Минораларда офислар, мажлислар зали, илм-фан музейи, пастда – катта савдо маркази, ёнида – кўл ва фавворалари бор парк фаолият кўрсатади. Petronas минораларига кириш нархи сиз у ерда ўтказмоқчи бўлган вақтга қараб ҳар хилдир. Кузатиш майдончасига катталар 85 MYR га (20,47 АҚШ доллари ёки 168 000 сўм), 3 ёшдан 12 ёшгача бўлган катталар эса 35 MYR (69 000 сўм)га киришлари мумкин.
Куала-Лумпурдаги оилавий бориш мумкин бўлган жойлардан яна бири Aquaria KLCC океанариуми. У шаҳар марказида жойлашган бўлиб, 5 мингдан ортиқ денгиз жониворларини ўз ичига олган. Бу ерга кириш чипталари нархи 8,19 АҚШ долларидан (67 000 сўм) бошланади.
Малайзиядаги энг машҳур ғор ибодатхоналаридан бири – Бату ғорларини Куала-Лумпурнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири сифатида кўрсатиш мумкин. У Ҳиндистондан ташқарида бўлган энг йирик ҳинд ибодатхонасидир. Комплексда барчаси бўлиб 4 та ғор бор ва асосийсига кириш бепул. Қолган учтаси – Dark Cave, Ramayana Cave ва Villa Cave нинг ҳар бирига кириш катталар учун 35 ринггит (69 000 сўм)дир.
Куала-Лумпур – парклар ва бизга нотаниш бўлган ўсимликлар шаҳри. Шунингдек, экзотик жониворлар ўлкаси ҳам. Энг қизиқарлиларидан бири Қушлар парки ҳисобланади. Бу ерда дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган 200 турдаги қушлар жамланган. Катталар учун паркка кириш 48 MYR (95 000 сўм), болалар учун эса (3-12 ёш) 38 MYR (75 000 сўм).
Куала-Лумпурда нархлар мана шундай! Энди, нархларни тахминий чамалаб, у ерга Tatil.uz билан қўрқмасдан бораверишингиз мумкин! Бизнинг «Классик Малайзия» туримиз айнан сиз учун! +99871 200 55 44 рақамига қўнғироқ қилинг ва батафсил маълумотга эга бўлинг. Биз қўнғироғингизни кутамиз!
P.S. Нархлар умумлаштириб кўрсатилган бўлиб, валюта курси, сафар вақти ва йил фаслига қараб ўзгариб туради.
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz