06-02-2018 23:45
2216
0
Бугун мен Сиз азизларимга «All inclusive» тизимида дам олиш ҳақида барча ҳақиқатни сўзлаб бераман. Facebook даги постда ёзганимдек, буни ўзимда биринчи марта «синаб кўряпман». Интернетдан турли маълумотлар, мақолалар, ақлли китобларни ўқидим... Бироқ Анталияда дам олиш – бу кўп овқат ва кам жисмоний ҳаракат, деган фикр миямда айланаверарди. Энди эса хато ўйлаганимни тан олишга мажбурман. Буни тўғрилаш керак, шу сабабли мен ҳозир Maxx Royal Belek Golf Resort меҳмонхонасида ўтказган ўзимнинг дастлабки тўлиқ куним ҳақида ёзмоқчиман.
Аввало тонг ҳақида...
Тонг. Ухлайсан, ҳеч қаерга шошилмайсан... Соат тўққиздан сўнг меҳмонхонадаги ресторанлардан бирига нонушта қилиш учун борасан (бу ерда ресторанлар сон-саноқсиз). У ерда эса пишириқ, ширинликларнинг иси сени ўзига тортаверади, тортаверади (эҳ, сафардан олдин озмоқчи эдим!) Қандай қилиб ўзингни ушлаб тура оласан?!
Бугун тонгдан бу ерга барчамизни тўплаган Mai Excellent компанияси томонидан тадбир уюштирилди. Мана Mai Excellent компанияси директори жаноб Бирхон Зафар биз билан суҳбатлашмоқда.
Бу ерда эса барча суратга тушмоқда.
Мен ҳам суратга тушдим.
Денгиздан баҳра олиш
Демак, энди кун ҳақида. У жуда ҳам қизиқарли ва фаол тарзда ўтди. Биринчидан, мен яна денгиз билан «учрашдим». Мен учун бу байрамга айланди: ҳар сафар денгизни кўрганимда, унинг ҳидини туйганимда янада бахтлироқ бўлиб бораётгандекман.
Гольф ўйнаш
Кейин эса... Ишонмайсиз, лекин мен умримда биринчи марта гольф ўйнашни ўргандим. Ҳа-ҳа, ишонмасангиз, қаранг!
Бу ерда улкан гольф майдонлари бор бўлиб, ўйнашни хоҳловчиларни мураббий-йўриқчи бу ўйинга ўргатиши мумкин. Бугун у бор-йўғи барча 18 та лункага гольф коптокчасини тушириш кераклигини айтди. Ўйинга барчаси бўлиб 5,5 соат сарфлаш керак экан.
Бу иш кўринганидек осон эмас!
Болалик хотираларини ёдга олиб мини-тарзанкадан тушиш
Maxx Royal Belek Golf Resort меҳмонхонасида Dino Land бор. Айтганча, Facebook даги саҳифамизда Анталияда фарзанди билан қаерга бориш мумкин, деган савол берилган эди. Меҳмонхонадан ташқарига чиқмай динозаврчаларга бориш ҳам мумкин. Бу ер жуда ҳам завқли, болаларнинг мириқиб ўйнаши ва сакраши учун турли аттракционлар бор. Динозаврлар сайр қилиб, ҳайқириб, думларини ҳам силкитишади. Тахтачаларда фойдали маълумотлар ҳам ёзилган.
Шоколад тайёрлашни ўрганиб олиш
Maxx Royal Belek Golf Resort нинг ўзида жуда ҳам мазали шоколад тайёрланар экан. Улар шоколад ва шоколад маҳсулотлари ҳақида барча нарса сўзлаб ва кўрсатиб беришади.
Болангизга эса махсус хизматчилар қараб туришади. 27 ёшимда ўзимни ёш болалардек ҳис қилгим ва динозавр мингим келиб қолди.
Шунингдек, ўзингизга шоколад тайёрлаб кўришни таклиф қилишади.
Бизга мастер-класс кўрсатган жаноб Фикли ёқиб қолди, у уй шароитида ҳам тайёрлашингиз мумкин бўлган бир-иккита десертни кўрсатиб берди.
У менинг шоколадларим яхши чиққанини ва иш жойимни ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўришим кераклигини айтди.
Автоматда отиш
Анталиядаги мазали ва тўйимли тушликдан сўнг бир жамоа лазер «қурол» орқали душманни тезроқ «ўлдиришга» ҳаракат қилувчи махсус ўйинни ўйнаш вақти келди.
Барчаси, албатта, ҳақиқий эмас. Бироқ таассуротлар ҳақиқий!
Қизиқарли инсонлар билан танишиш!
...Бу шундай рўй берди... Эрталаб у мендан интервью олиш, об-ҳаво, Анталия, табиат ҳақида суҳбатлашиш учун учрашувга таклиф қилди. Ҳамкасбимни учратганимдан хурсанд эдим! Мен шундай қилиб россиялик бошловчи билан танишдим. У ТНТ телеканалида 7 йил ишлаганини айтди. Энди эса Mai Excellent таклифига биноан шу ерда ишлаётган экан.
Мириқиб дам олиш
Ва шунчаки жонли ижрода мусиқа тинглаш. Бу ажойиб!
Энди эса айтинг, кўплаб ёрқин таассуротлар, қизиқарли учрашувларни ўз ичига олган ҳордиқ пляждаги зерикарли дам олишга ўхшайдими? Анталиядаги «All inclusive» нима эканлигини энди билдим! Шахсан менга жуда ҳам ёқди!
Бизнинг манзил:
100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй
Тел: (+998 71) 200 55 44
E-mail: info@tatil.uz