Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

22-01-2019 16:22

Ҳаёт бу саёҳат: Tatil.uz раҳбари туризм ва касб ҳақида

2168

1

Демак, қадрли дўстлар, ваъда берганимиздек, Tatil.uz компаниясининг раҳбари Алишер Мирахмедов билан интервьюни эътиборингизга тақдим этамиз. Бугун у сайёҳлик соҳасига қандай кириб келгани, қаерларга саёҳат қилгани ва нега ўз ишини севиши ҳақида сўзлаб беради!

Сиз сайёҳлик соҳасига қандай келиб қолгансиз? Бу тасодифан рўй берганми ёки мақсадли бўлганми?

Ўзбекистон сайёҳлик соҳасида мен 15 йилдан ортиқ фаолият юритаман. Ҳаммаси дўстимнинг қизиқарли лойиҳа устида ишлашга таклиф қилганидан бошланган. 2003 йили «РЕКО» компанияси Бодрумга чартер рейсларни ташкиллаштирди. Бу юртимиз учун янгилик эди ва мени у ерга жўнатиш бўйича менежер бўлиб ишлашга таклиф қилишди. Аввал менда Туркиянинг Анталия курортларида ишлаш тажрибаси бор эди. Ҳаммаси бўлиб, назаримда, еттита рейс ташкиллаштирилди. Ўша пайтда парвозлар ТУ-154 самолётларида амалга ошириларди, буни кўпчилик сайёҳларимиз эслаган бўлсалар, ажабмас.

Ўша вақтда сайёҳлик фирмалари кам бўлган, туроператорлар эса пакет турларини сотиш билан шуғулланувчи турагентларга эҳтиёж сезишарди. Ўз сайёҳлик фирмамни йўлга қўйиш фикри мана шундай пайдо бўлган.

Ишингизни қаерда ва қачон бошлагансиз?

Сайёҳлик соҳасида мен 1992 йилдан бери фаолият юритаман, десам ҳам бўлади. Анталияда биринчи бўлиб Измирда ўқиб юрган пайтларимда бўлганман. У вақтларда турк курортларида ҳатто рус сайёҳлари ҳам (ўзбекистонлик сайёҳларни айтмаса ҳам бўлади) кам эди. Бу ерда асосан немислар дам олишарди. Бугун турк курортларига чирой бағишлаб турган бу қадар кўп меҳмонхоналар ҳақида ўша пайтда тасаввур қилиш қийин эди! Нимасини айтасиз, ҳатто баъзи регионлар, мисол учун, замонавий Анталиянинг энг ҳашаматли курортлари – Бўғозкент, Лара  ҳам бўлмаган!

Ўшанда яна қачонлардир Анталияга қайтиб келиш ҳақида орзу қилмаган эдим, бироқ бу 1997 йили амалга ошди. Мен Аланьядаги кичкина меҳмонхонада иш топдим, шунинг билан ҳаммаси бошланиб кетди... Катта рус компаниясида ўқидим, тажриба тўпладим, 1999 йили эса оилавий шароит туфайли қадрдон юртим Ўзбекистонга қайтиб келдим. Бу ерда катта ғарбий компанияларнинг бирига ишга кириб, эски ишим, яъни ходимларнинг таътил ва командировкаларини ташкиллаштириш жараёни билан шуғулландим. Шу сабабли, айтиш мумкинки, шу вақт ичида мен сайёҳлик ичида ёки унинг атрофида бўлдим.

Қайси иш тажрибангиз ёки ишдаги қайси ҳолатлар эсингизда сақланиб қолди?

Ҳаётимнинг барча босқичларини қизиқарли деб ҳисоблайман. Муваффақият, тажриба, хатолар – буларнинг барчаси, албатта, бўлган ва мен доим ҳаётдан сабоқ чиқаришга интилганман. 2003 йили ўз сайёҳлик фирмамни очганим эсимда, бу октябрь охири эди ва дастлабки ойларда жуда ҳам кўп қийинчиликларга дуч келганман! Эҳтимол, баъзи сайёҳларимиз LE GRANDE PLAZA (собиқ ТАТА) меҳмонхонасида кичкина хонани ижарага олганимни эслашар. Ишонмаслигингиз мумкин, лекин мендан кимдир турни сотиб олишини нақ 9 ой кутган вақтларим ҳам бўлган! Ҳатто фирмани ёпиб Туркияга қайтиб кетиш фикри ҳам пайдо бўлган. Тасаввур қиляпсизми, мен меҳмонхонадаги ўз хонамда, қарзга ўтирганман... Бироқ бахтимга бу дунёда яхши инсонлар ҳам бор! Менга ҳам моддий, ҳам маслаҳатлари билан кўмак берган мана шундай инсонлар туфайли барчасига бардош бердим! Жаноб Шамиль Яшажан ўз маслаҳатлари, маблағи, қўллаб-қувватлаши билан жуда катта ёрдам берган, уни кўпчилик сайёҳлар ЭНДА ТУР фирмаси орқали эслашади.

Қайси шаҳар ва давлатларда бўлгансиз ва қаер сизга айниқса ёққан?

Мен янги шаҳар ва давлатларни кашф қилишни, нотаниш жойларни ва янги таасуротларни ёқтираман.

Ахир боришни орзу қилган яна кўплаб жойлар бор! Янги давлатга борганимда бу ерда қолиб, иш топиб бутун умримни шу ерда ўтказишга қарор қилганимда ҳаётим қандай кечарди деб доим ўйлайман.

 

Эҳтимол, танловларим анъанавий кўринар, аммо менга Барселона, Прага, Олма-ота, Москва, Баку, Карлови Вари, Куала-Лумпур, Бангкок, Сингапур, Дрезден, Вена ёқади... Сўнгги вақтларда Дубай ҳам тобора ўзига жалб қилмоқда.

Албатта, Туркия: Истанбул, Анталия, Измир, Бурса шаҳарлари ёқади, бу ерларда ўзимни уйдагидек ҳис қиламан!

Ҳозирча тақдир менга Перуга учиш, Мачу-Пикчуни томоша қилиш имкониятини тақдим этмади. Бироқ ҳаммаси олдинда!

Илк сафарингиз эсингиздами?

Дастлабки саёҳатим узоқ 1982 йили бўлган. У пайтда 12 ёшда эдим. Ўша вақтда бизни, мусиқа мактаби ўқувчиларини Москвага, СССРнинг 60 йиллик байрамига олиб кетишган. Бу менинг самолётдаги биринчи парвозим эди. Ўша Ил-162, «Измайлово» меҳмонхонаси, собиқ Иттифоқ республикаларидан келган тенгдошларим билан учрашув ҳали ҳамон эсимда.

Бугун қилаётган ишингизни ёқтирасизми?

Умуман, ўз ишимни доим хобби деб ҳисоблайман. Ва ўз хоббийимга муносабатим доим турлича: севгидан... нафратгача деёлмайман, албатта, бироқ қийинчиликлар ҳам бўлиб туради. Сайёҳлар қандайдир саёҳатдан қайтгач, офисимизга келиб, ижобий кайфиятлари ва сафар таассуротлари билан ўртоқлашишлари ёқимли. Сайёҳларимиз мен меҳмонхонани тўғри танлаганим, рейсларни қулай туташтирганимни айтишса, хурсанд бўламан. Нимадир ўхшамай қолса, менинг ёки ҳамкорларимнинг айби билан нохуш ҳолатлар содир бўлса ўзимни уришаман. Доимий сайёҳларимиз гапимни тасдиқлашлари мумкин: саёҳат йўналиши, меҳмонхоналар бўйича тўлиқ манзарани тасаввур қиламан, барча плюс ва минус тарафларни тушунтираман. Ҳаёт ва вақт эҳтиёткор бўлишга, ҳолатни ошириб юбормасликка ва «барчаси супер бўлади» каби баландпарвоз гапларни гапирмасликка ўргатди. Ҳаммасини асл ҳолича тасаввур этиш керак.

Барчасини ташлаб кетиш истаги бўлганми ва нималар сизни бу йўлдан қайтариб қолган?

Агар шундай ҳолат рўй берса, дарҳол кетаман. Замонавий сайёҳлик бозоридаги рақобатга қарамай, ҳозирча муваффақиятли фаолият олиб бормоқдамиз. Куч-қувват ва келажакка ишончни менинг кўплаб сайёҳларим беришади. Уларга катта раҳмат.

Сайёҳларингизни яна нималар билан хурсанд қилмоқчисиз?

Янгиликлар кўп ва ҳали ундан-да кўп бўлади! Мисол учун, Мисрнинг машҳур курорти Шарм ал-Шайхга тўғридан-тўғри чартер рейслар йўлга қўйилмоқда. Бутун дунёга донғи кетган Чехиянинг Карлови Вари курортига жорий йили чартер рейсларини тиклашни ваъда қилишмоқда. FLY DUBAI рейслари туфайли Бирлашган Араб Амирликларининг энг машҳур шаҳрига авиачипталар нархи мақбул бўлади.

Замонавий сайёҳни кўпроқ нималар қизиқтиради ва хавотирга солади, деб ўйлайсиз?

Ҳамма сайёҳлар ҳар хил ва ҳар бирининг ўзини қизиқтирган саволлари бор. Баъзиларни Чимкент орқали учиш билан тежамли турлар қизиқтирса, бошқаларни дабдабали меҳмонхонанинг қироллик хонасидаги квадрат метри қизиқтиради. Ҳар бир мижозга индивидуал ёндашишга ҳаракат қиламан. Энди сайёҳларимиз ўзларини қизиқтирган барча саволларни Tatil.uz даги «Савол – жавоб» рубрикаси орқали йўллашлари мумкин.

Ушбу рубрикани Telegram-каналимизда олиб борамиз. Ўзингизни қизиқтирган саволларни +99871 200 55 44 рақамига қўнғироқ қилиб, электрон почта (info@tatil.uz), Facebook саҳифалари  ва Instagram орқали йўллашингиз мумкин. Шу боис саволларингизни кутамиз ва тўлиқ ҳамда батафсил жавобларни мамнуният билан тайёрлаймиз!

Мақола муаллифи: Алишер Мирахмедов

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

Шаукаров Пулат

Ман Алишер акамла билан анча йилладан бери билла ишлийман, ростанам Тата мехмонхонасида кичик хонада офислари бор эди, ушандан бери хамкорликда ишлийман, анча мунча давлатга ювордила мани, жудаям зур инсонла хурмат киламан

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top