Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ўз

12-09-2017 13:00

Ўзбекистонлик ўқитувчи Гулноза Алимованинг Жанубий Кореядан олган таассуротлари

2456

0

Бугун блогимизнинг меҳмони журналист, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Гулноза Алимова. У ўзининг Жанубий Кореяга қилган сафари ҳақида сўзлаб беради.

Чежоу оролига қадам қўйганингизда эътиборингизни тортувчи биринчи жиҳат – бу атрофдаги баланд мағрур пальмалар ва яшил майсазор. Энг ҳайратланарлиси – майсада ёки қирғоқ бўйидаги чексиз тротуарларда биронта ҳам чангни кўрмайсиз. Ўзингизни қийнаб соя-салқин жойни қидириб ўтириш ҳам шарт эмас, бу ерда ҳаттоки июнда ҳам жазирама иссиқ кузатилмайди.

Жанубий Корея аҳолиси, бошқа давлатларда бўлганидек, вилоятлардан ташриф буюрганларга ва шаҳарликларга бўлинади. Биринчилари очиқ юз ва меҳмондўст бўлса, бошқалари – жиддий ва очиқкўнгилликлари кўпроқ қуруқ америкача табассумга ўхшаш. Шундай бўлса-да, хулқ-атвордаги шарқона нафислик иккала ҳолатда ҳам акс этади. Айтганча, саломлашиш ва хайрлашишдаги эгилишларига кўра уларнинг беллари ҳам бақувват бўлса керак. Бизнинг ўзбек келинчакларимиз улардан дарс олсалар ҳам бўлади (шахсан ўзим тўй кунимда базўр икки соат чидаганман).

Меҳмондўстликда жанубий кореяликлар биз ўзбекистонликлардан асло қолишмайди. Улар зиёфат ва ўйин-кулгини жуда яхши кўришади. Кўпинча зиёфат ўз ичига ашулани ҳам олади, шу туфайли сайёҳлар ҳар қадамда караоке масканларини учратишлари мумкин.

Аҳоли четдан келганларга нисбатан хушмуомала. Шаҳарликлардан қўрқмасдан йўлни кўрсатишни сўрашингиз мумкин. Ҳаттоки, улар йўлни шунчаки қўллари билан кўрсатмай, балки эринмасдан гаджетларини олиб харитадан кўзланган манзилга бориш йўллари ва усулларини ҳам кўрсатиб беришади. Ҳеч бўлмаганда, тирсагингиздан тутиб Сиз билан бир неча қадам юриб қўл ҳаракатлари орқали йўлни тушунтиришади. Шу сабабли тил борасидаги муаммолар ҳам ортда қолади.

У ерда илм соҳаси кишилари ва санъат вакилларини қадрлашади. Шарқликлар ҳаётнинг турли соҳаларида иқтидор ва маҳоратга эга эканликларидан фахрланишади. Ўзбекистон – Шарқ мамлакати, у ерда юртимизни деярли қардош ҳисоблашади, чунки Буюк ипак йўли орқали узвий боғлиқлик мавжуд эканлигини билишади. Уларнинг миллий қадриятларига қизиқиш билдиришингизни ёқтиришади, ўз мамлакатлари, урф-одатлари ва тарихи ҳақида гапиришганида катта завқ-шавқ билан тинглаётганингизни кўриб қувонишади. Муҳими, ўзлари ҳам тинглашни билишади. Шунчаки бош қимирлатишмайди, балки қизиқиб сўрашади.

Корейслар ўз анъаналарини ҳурмат қилишади. Мисол учун, миллий кийим кийганларга Сеул шимолидаги Кёнбоккун саройига кириш бепул. Ушбу мамлакатда миллий кийим кийиб олганларни ҳар қадамда учратишингиз мумкин.

Ортиқча вазндан азият чекувчилар рейтингининг энг сўнгги поғоналаридан бири айнан Жанубий Корея томонидан эгалланган. Бу жанубий кореяликлар кекса ёшда ҳам ўз ташқи кўринишларини яхши сақлашидан далолатдир.

Корейс таёқчалари (чоккарак) қанчалик жозибали кўринмасин, маҳаллий таомлар ҳаммага ҳам маъқул келавермайди. Ҳа, юртимизда аҳоли орасида катта муваффақият қозонган корейс ресторанлари кам эмас, бироқ Жанубий Кореянинг ўзидаги корейс ошхонаси биз Ўзбекистонда ўрганиб қолган ўша корейс ошхонасига умуман ўхшамайди. Баъзан таомнинг тузи камдек, баъзан аччиқ таомлар ширин таассурот қолдиради, баъзан эса овқат яхши пишмагандек гўё. Аммо таом Сизга ёқмаганлигини атрофдагиларга зинҳор кўрсатмаслик керак. Бунинг билан ошхона эгаларининг дилини оғритиб қўйишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Унинг ўрнига итальян ресторанлари ёки макдональдсга киришингиз мумкин.

Жанубий Кореяда яшашни арзон деб бўлмайди. Озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларнинг нархлари ўртаҳол оила учун баланд туюлиши мумкин. Шу туфайли бу ерда Таиланд ёки Малайзияда бўлгани каби елкасига юк халтасини осиб олган сайёҳларни учратавермайсиз. Аммо мамлакатда ички сайёҳлик яхши ривожланган.

Жанубий Кореяни англаш учун очиқкўнгил, меҳмондўст халқи билан мулоқот қилиш, бепоён қумли соҳил бўйлаб яланг оёқ сайр қилиб унинг юмшоқ иқлимини ҳис қилиш, денгиз шамолидан баҳра олиш керак.

Жанубий Корея – томоша қилиш ва кўп нарсани ўрганиш мумкин бўлган ажойиб мамлакат!

Мақола муаллифи: Гулноза Алимова

БИЗНИНГ ТЕЛЕГРАМ - КАНАЛИМИЗГА ОБУНА БЎЛИНГ

Изоҳ

МАВЗУ БЎЙИЧА ТУРЛАР

АЛОҚА

Бизнинг манзил:

100031 Тошкент, Ўзбекистон
Яккасарой тумани,
Юсуф Хос Ходжиб кучаси, 69 уй

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top