Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ру

Италия

Прекрасная Италия
от UZS 4,099,890
ПОДРОБНЕЕ

Чехия

Лечение и отдых в Карловых Варах для родителей
от UZS 7,202,944
ПОДРОБНЕЕ

Франция

Комби тур «Париж, Барселона и Рим»
от UZS 10,571,285
ПОДРОБНЕЕ

Турция

Мега-тур в Турцию
от UZS 3,376,380
ПОДРОБНЕЕ

Египет

Прямые чартерные рейсы в Шарм-эль-Шейх из Шымкента
от UZS 7,741,557
ПОДРОБНЕЕ

Азербайджан

Тур в Баку «Welcome to Azerbaijan»
от UZS 3,577,355
ПОДРОБНЕЕ

Азербайджан

Эксклюзивные лечение и отдых в Нафталане (Азербайджан)
от UZS 7,476,270
ПОДРОБНЕЕ

Таиланд

Райские пляжи Пхукета
от UZS 6,929,618
ПОДРОБНЕЕ

15-09-2017 11:00

Машҳур ошпаз Баҳриддин Чустий – рекорд палов, орзулари, саёҳатлар ва ўзи ҳақида

580

0

Илгари Баҳриддин Чустий ҳақида кўп маълумотга эга бўлмаганман: ресторанлар тармоғи эгаси, машҳур ошпаз, ўз ишининг устаси… «O‘zbegim» миллий қадриятлар фестивали арафасида уюштирилган матбуот анжуманида уни кейинчалик Гиннесснинг рекордлар китобига кирган мега паловнинг «ғоявий ташаббускори» сифатида таништиришди. Менга Баҳриддин билан фестиваль доирасида танишиш имконияти яратилди. Шунингдек, у менга интервью беришга рози бўлди ва бугун қаҳрамонимиз Tatil.uz ўқувчиларига ўзи, улкан палов ва саёҳатлар ҳақида сўзлаб бермоқчи.

Қандай қилиб ресторан бизнесига кириб қолганингиз ҳақида бир гапириб берсангиз.

Бу борада маълум бир ўқув муассасасида махсус маълумот олмаганман. Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида ўқитувчилар оиласида туғилганман (Чустий тахаллусининг сабаби ҳам шу).

13 ёшлигимда биз оиламиз билан Тошкентга кўчиб келганмиз, ўзимизнинг илк оилавий бизнесимизни умумий овқатланиш тармоғида – нон ёпиш цехида бошлаганмиз. Кейинчалик чебурекхона, ошхона очганмиз, сомса сотганмиз...

 

2002 йилда отам дунёдан кўз юмади. Мен 17 ёшда эдим ва оиланинг тўнғич фарзанди бўлганман (ҳаммаси бўлиб олти нафар фарзандмиз), шу сабабли барча масъулият менинг елкамга тушди.

2007 йилда бироз пул ишлаб олиш ва тажриба тўплаш мақсадида Москвага бордим. У ерда, албатта, ҳеч ким мени кенг қулоч ёйиб кутиб олмаган эди. Дастлаб идиш-товоқ ювдим, сабзавотлар арчидим, кесдим, новвойхонада ишладим.

Эсимда, ҳаттоки бош ошпаз ёрдамчиси бўлиб ишлаган пайтимда ҳам бу соҳада қолмайман деб ўйлаётган эдим. Буларнинг барчаси вақтинчалик деб ўйлардим. Ҳаттоки бошқаларга ошпаз эканлигимни айтишга ҳам уялардим, бу касбни иккинчи даражали деб ўйлардим... Лекин кейинчалик ҳар бир соҳада улкан муваффақиятларга эришиш мумкинлигини англадим, асосийси – ўз устингда тинимсиз ишлаш ва  қилаётган ишингни севиш!

 

Шунингдек, дўстларим ўз блогимни очишимни ва унда ўзбек ошхонаси таомларининг рецептлари билан ўртоқлашишим кераклигини маслаҳат беришди. Шундай қилиб кейинчалик UZ миллий домени фестивалида «Энг яхши мавзуий сайт» ва «Энг яхши оилавий сайт» совринларини қўлга киритган Oshxona.uz сайти пайдо бўлди. Ушбу блог туфайли одамлар мени таний бошлашди ва айнан ушбу ном билан Чустда ўзимнинг илк ошхонамни очдим.

 

Бироқ бунгача бир лойиҳам омадсизликка учраган эди ва шундан сўнг ушбу соҳадан аниқ кетиб бошқа иш билан шуғулланаман, деб ўйлагандим. Бироқ Чустдаги Oshxona.uz дан сўнг Тошкентда ҳам шу номдаги ресторанлар пайдо бўлди. Энг сўнгги бўлиб 2017 йилда «SalSal» ресторанини очдик.

Бундай ошпазлик маҳорати Сизга қаердан келиб қолди?

Ёшликдан бўлса керак. Болалигимда мастава пиширганман, бешинчи синфда ўқиб юрган маҳалим турли тадбирлар учун ука ва сингилларимга пирог пишириб берардим.

Нон ёпиш цехини очганимизда, менда танлаш имконияти бўлмаган. Ва албатта, агар Сиз мендан ўша пайтда: «Нимани хоҳлайсан – кам ишлаб кўп пул топишними ёки цехда ишлаб оилангга ёрдам беришними?» деб сўраганингизда, мен, 13 ёшли ўсмир, шубҳасиз биринчисини танлаган бўлардим. Лекин бундай танлов бахтга қаршими ёки бахтимгами, менда бўлмаган. Ёшлигимданоқ умумий овқатланиш соҳасида ишлашим тақдиримга битилган экан. Шу сабабли ўзимнинг биринчи ва асосий устозим – мени тарбиялаган ва ҳаёт йўлимни кўрсатган тақдир эканлигини қайтаришдан чарчамайман. Бунинг учун Яратгандан чексиз миннатдорман. Чунки, босиб ўтилган йўл қанчалик мушкул бўлмасин, ушбу йўлда кўплаб ажойиб инсонларни учратдим. Айнан шу инсонлар менга ҳозирда билганларимни ўргатишган: биринчилари – сомса ва палов пиширишни, иккинчилари – лағмон чўзишни, учинчилари эса – нон ёпишни ва ҳ.к...

 

Ҳали ҳануз ўқиб ўрганаман! Чунки ошпазлик – бу чуқур тубли океандек: қанчалик чуқур шўнғисангиз, ўзингиз учун шунчалик кўп янгиликларни кашф қиласиз.

 

Мен ҳеч қачон биринчи ёки энг яхшиси бўлишга интилмайман. Ҳа, балки бугун мен ҳақимда касбдошларимга нисбатан бироз кўпроқ билишар. Лекин бу мен улардан устун эканлигимни англатмайди. Бу кўпроқ номимни элга ёйишга ёрдам берган Интернет билан эрта «дўстлашганим» сабабли деб биламан. Шунинг учун ҳозирда мен ўз ошпазларимга ижтимоий тармоқларда фаол бўлишларини, мижозлар уларни бевосита таниб олишлари учун ўз ишлари ҳақида айтиб боришларини маслаҳат бераман. Ва яна, энг муҳими ҳақида бир оғиз айтмоқчиман. Бир хил меҳнат қилувчи, бир умумий ишни бажарувчи икки ўртоқни тасаввур қилинг. Бироқ биринчисига омад кулиб боқади, иккинчисига эса – йўқ. Бу улардан бирининг маҳорати камроқ эканлигини англатмайди. Аксинча, шунчаки улардан бирига омад кулиб боққанлигини билдиради. Шу сабабли бугунги кунга келиб эришганларимнинг барчаси фақатгина Аллоҳнинг марҳамати туфайли деб биламан.

Барча ўзбек таомларини тайёрлай оламан, деб ўйлайсизми?

Албатта йўқ, чунки биз ўзбек таомларининг бир қисминигина биламиз. Ўтган йили ўзбек ошхонасига бағишланган «365 кун қуёш» номли китобни тайёрлаган эдик. Сураткаш Андрей Аракельян билан бутун Ўзбекистонни айланиб, ҳар бир ҳудуд учун ўзига хос бўлган рецептларни йиғиб чиқдик. Шундай қилиб «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг молиявий кўмагида «Dinara & Co» нашриёт уйи томонидан чиқарилган китоб дунё юзини кўрди. Ушбу китобнинг тақдимоти дастлаб Тошкентда, сўнгра Лондонда бўлиб ўтди, яқин кунларда Олма-отада ҳам унинг тақдимоти режалаштирилган. Уни бутун дунё кўради, деб умид қиламан!

Қандай овқатларни ёқтирасиз?

Асосан, хамирли овқатларни.

Мисол учун, рафиқам тайёрлаган сомсаларни ҳар куни ейишим мумкин. Онам пиширган чучвара ва мантиларни эса кун давомида: эрталаб, тушликка ва кечки пайт ҳам.

Ҳаётимда шундай пайтлар бўлганки, операциядан сўнг бир неча ой давомида уйда ётишимга тўғри келган. Шунда энг яхши овқат – хотиржам ҳолда, яқинларинг билан дастурхон атрофида, ўзингни яхши ҳис қилиб ейдиган овқатинг эканлигига амин бўлганман. Кўнгилдаги оғриқ билан энг ширин овқат ҳам заҳардек туюлиши мумкин.

Сизда Гиннесснинг рекордлар китоби учун палов тайёрлаш ғояси қандай қилиб пайдо бўлди?

2010 йилда Туркияда бўлганимда ойнаи жаҳон орқали энг катта кекс тайёрлаган ошпазларнинг Гиннеснинг рекордлар китобига кирганликларини кўрдим. Ўшанда дунёдаги энг катта паловни тайёрлаш ғояси ҳаёлимга келди.

Лойиҳани 2011 йилдан ишлаб чиқа бошладик. Дўстим Ҳушнуд Худойбердиев билан «Guinness World Records» компаниясига хат ёздик. Бироқ ўша пайтда гуручдан тайёрланган энг катта таом (палов номинацияси рўйхатда йўқ) рекорди борасидаги энг асосий талаблардан бири 100 % таомнинг 80 % и гуручдан бўлиши керак бўлган. Аммо ҳақиқий палов бундай тайёрланмайди, у ширин бўлмай қолади. Шу сабабли биз лойиҳани тўхтатиб қўйиб, ўз ишларимиз билан шуғулландик, шундай бўлса-да супер-палов борасидаги ғоямизни ёдимизда сақлаб турдик!

2014 йилда 80%/100% шарти бекор қилинди. Биз «Guinness World Records» компанияси томонидан қўйилган барча шартларни бажардик, аммо анча вақтгача ҳомий топа олмадик. Ҳеч ким бу ишни уддалашимизга ишонмади.

Натижада ушбу лойиҳани «Milliy» канали молиялаштиришга рози бўлди. Бу шундай рўй берди. Даставвал «O‘zbegim» китоби тайёр бўлди ва унинг тақдимоти доирасида биз миллий ошхонамизни таништиришимиз керак эди. Ва албатта, менга бу ҳақда айтишганида ҳаёлимга келган биринчи фикр – бу дунёдаги энг катта паловни тайёрлаш ғояси эди!

Паловга тайёргарлик кўриш учун бизда бор-йўғи икки ой муҳлат бор эди. Умуман, биз буни кейинги йил Навруз байрамига атаб қилмоқчи эдик. Бироқ қисқа муддат ичида улкан қозонларни қуйиб бўлган Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати ходимлари туфайли биз ҳаммасига ўз муддатида улгурдик.

 

Ўзбекистоннинг машҳур ошпазларини тўпладик. Улар билан шу ерда, «SalSal»да учрашиб, қозон диаметрини муҳокама қилдик. Ҳисоб-китобни 6 минг литрлик бассейн ўлчамларидан келиб чиқиб амалга оширдик!

Барча ошпазларимизга ташаккур. Мен, асосан, паловни тайёрлаш билан боғлиқ бўлган масалалардан тортиб то оловни ёқишгача бўлган жараёнгача жавоб бердим. Қолгани эса машҳур ошпаз Ҳасан ака Расуловнинг зиммасига юклатилди. Улар, айтганча, бизнинг ушбу лойиҳамизни қўллаб-қувватлаган ягона инсон эди. Ҳаттоки палов ўлчамини икки баравар оширганимизда ҳам асло қўрқмади!

Сизнинг Гиннесснинг рекордлар китобига кириш ҳақидаги орзуингиз амалга ошганидан сўнг нималарни ҳис қилдингиз?

Икки кунгача ўзимга кела олмадим. Тадбирдан сўнг меҳмонхонага кетдим, чунки ким биландир гаплашиш учун кучим қолмаган, уйимга эса кўплаб меҳмонлар келишган эди. Ҳатто Чустдан яқинларим ва дўстларим ҳам ташриф буюришди.

Фестивалдан олдин бир ойча деярли ухламадим. Тун ярмида уйғониб, хавотир олардим: учрашувга кеч қолмадимми, ошпазлар билан маслаҳатлашишга улгурдимми, ҳаммасини тўғри қиляпманми...

Ушбу тадбирни ташкиллаштиришда иштирок этган барча ошпазларимиз, инсонлар ва шахсан ўз номимдан бизга ишонишгани учун, масъулиятни ўз бўйинларига олганликлари ва ошимизнинг Гиннеснинг рекордлар китобига киришига ўз ҳиссаларини қўшганликлари учун «Мilliy» телеканари раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман!

Баҳриддин, қайси давлатларга боргансиз?

МДҲнинг турли шаҳар ва давлатларида, Латвия, Эстония, Англия, Туркия... Асосан, иш бўйича борганман. Тўғрисини айтсам, сўнгги марта қачон кўнгилдагидек дам олганимни эслай олмайман.

Саёҳатларда Сиз учун энг қизиқарлиси нима?

Қаерга борсам ҳам биринчи навбатда бозорларга ва дўконларга киришга ҳаракат қиламан. У ерда қандай маҳсулотларни сотишаётганини кузатаман. У ерда нималар бору, бизда нималар йўқ. Мисол учун Лондонда мол ва балиқ гўштини харид қилиш мумкин бўлган улкан улгуржи ярмаркалар бор.

Имконият бўлса, умумий овқатланиш жойлари – қаҳвахона, ресторан, ошхоналарни албатта бориб кўраман. Маҳаллий таомларни татиб кўришга ҳаракат қиламан. Масалан, Эстонияда пиёздан жуда ширин ва мазали мураббо тайёрлашар экан! Бундайини бошқа ҳеч қаерда топа олмайсиз!

Қайси давлатга боришни хоҳлайсиз?

Биринчи навбатда, кулинария маркази Францияга. Бу йили, шунингдек, АҚШ, Греция, Ҳиндистонга боришни режалаштиряпман. Уларнинг барчаси мароқли бўлади деган умиддаман!

Мегапаловни тайёрлаб бўлганингиздан сўнг навбатдаги орзуларингиз.

Умуман, бу ерда мақсадлар ҳақида айтиш ўринли назаримда. Қачонлардир тўртта мақсадим бўлган: ўз ресторанимга эга бўлиш, китоб нашр қилиш, Гиннесснинг рекордлар китоби учун палов тайёрлаш, шунингдек, Ўзбек таомлари уйини ташкил қилиш. Дастлабки учта мақсадим амалга ошди. Энди эса сўнггиси устида ишлайман.

Ўзбек таомлари уйини ресторанлар, музейлар, ошпазлар мактаби ва ҳаттоки ошпазлик санъатини ўрганувчилар учун меҳмонхона бор бўлган жой сифатида тасаввур қиламан. Умид қиламанки, ушбу ғояларимни қачонлардир ҳаётга татбиқ қиламан.

Tatil.uz ўқувчиларига тилакларингиз.

Биринчидан, бизнинг интервьюимизни охиригача ўқиганингиз учун катта раҳмат. Иккинчидан эса, Сизга ёқимли онларга тўла ёрқин ва ширин умр тилайман! Ҳар бир бурда нонингиз Сизга олам-олам қувонч бағишласин, танангиз доим соғ, кўнглингиз эса хотиржам бўлсин!

 

Автор статьи: Александра Терёхина

ПОДПИСЫВАЙТЕСЬ НА НАШ КАНАЛ В TELEGRAM

Комментарии

ТУРЫ ПО ТЕМЕ

КОНТАКТЫ

Наш адрес:

Ташкент, Узбекистан
Проспект Бунёдкор 6А, 100027

Тел: (+998 71) 200 55 44

Факс: (+998 71) 245 47 73

E-mail: info@tatil.uz

Top