Tatil.uz Brand
+99871 200 55 44
Ру

22-06-2018 16:15

48 соатли Баку, ёки икки кун ичида Озарбайжон пойтахтида нималар қилиш мумкин

2211

0

Ўтган асрнинг 90-йилларида холам турмушга чиқиб турмуш ўртоғи билан Бакуга кўчиб кетишди. Холам у ерда узоқ вақт яшаганлиги туфайли Озарбайжон пойтахти ҳақида гап кетганда хушбўй мевалар, иштаҳаочар дўлма ва, албатта, озарбайжон наршароби – анъанавий анорли соус ҳақида катта иштиёқ билан сўзлаб беради. Агар Сиз Бакуга ҳеч йўғи икки кунга борсангиз ҳам, у ернинг муҳити, тарих ва маданият уйғунлиги ҳамда озарбайжон халқининг энг яхши урф-одатларини ҳис этасиз. Биз эса бугун Сизларга Бакуда икки кунингизни қандай қилиб унутилмас тарзда ўтказишингиз мумкинлиги ҳақида сўзлаб берамиз!


1. Эски шаҳарнинг тор кўчалари бўйлаб сайр қилиш


Озарбайжоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришларга қарамай, ўз сиру синоатини сақлаб қолган тарихий марказ – Эски шаҳар – Ичери-шеҳер («Ички шаҳар»)га, биринчи навбатда, бориш керак. Унинг бор рангу рўйини ҳис қилиш учун тор кўчалари бўйлаб пиёда юриб, тарихий уйлари ва бўялган балконларини, суҳбат қуриб ўтирган оқсоқолларию тўп тепаётган болакайларини томоша қилиш лозим. Бу ҳақиқий озарбайжонча ҳаёт тарзидир...

2. Ширвоншоҳлар саройининг меъморчилик мўъжизаларидан ҳайратланиш


Бу бакуликлар меросининг чиндан ҳам ноёб намунаси. 15 асрга оид сарой Ширвон ҳукмдорларининг кўплаб сир-асрорларини ўзида сақлайди. Саройнинг ўзидан ташқари Девонхона ҳовлиси, Сайид Яҳё Бакувий мақбараси ва ҳаммомни кўздан кечириш мумкин. Қадимий сарой ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш учун, яхшиси, гид хизматидан фойдаланинг.

 

3. Чўрихона минорасига чиқинг


Қиз Қалъаси ёки Чўрихона – Баку Эски шаҳрининг ноёб биноси. У қояда жойлашган ва Бакунинг бетакрор гўзаллигидан баҳра олишга имкон беради. Минора номи унинг душманлар томонидан эгалланмаганлигидан дарак беради. Бироқ у кўплаб афсоналарни ўзида сақлайди. Улардан бирига кўра, у ердан бир гўзал қиз ўзини денгизга ташлаган, деган тахмин ҳам бор.

4. Миллий таомлардан татиб кўринг


Анъанавий озарбайжон таомларининг мазаси тилингизда қолиши шубҳасиз, боиси Ичери-шеҳерда бетакрор намуналарга эга кўплаб ресторанлар бор. Ҳар хил масаллиқ солинувчи ўзига хос пирожки – кутабини албатта татиб кўринг.

5. Эсдалик совғалар харид қилинг


Бакунинг Эски шаҳрида ҳунармандларнинг кўплаб кичик дўкончалари жойлашган. У ердан Сиз ўзингиз ва яқинларингизга эсдалик учун совғалар сотиб олишингиз мумкин. Усталар билан гаплашинг, сабаби уларнинг кўпчилиги ўз ҳунарларини авлоддан-авлодга узатиб келишмоқда.

Эски шаҳарни томоша қилишга камида бир кун вақтингизни сарфлайсиз. Бакудаги иккинчи кунингизни эса замонавийликни томоша қилишга бағишланг!


6. Ҳайдар Алиев маданият марказини томоша қилинг


Агар Эски шаҳар Сизни ўзининг симметрияси ва ҳар бир нақшнинг нафислиги билан ҳайратга солса, Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази ўз ташқи кўриниши билан бунинг аксини намойиш этади. 111292 квадрат метрли майдонда кутубхона, мажлислар зали, шунингдек, тантана ва маданий тадбирлар зали жой олган.

7. Байроқ ўлчамидан ҳайратланинг


Бакуда Миллий байроқ майдони мавжуд бўлиб, 2011 йилгача ушбу майдон флагштоги дунёдаги энг узуни ҳисобланган ва Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган. Байроқнинг ўлчами ва оғирлиги ҳам кишини лол қолдиради: 75 га 35 метр, оғирлиги тахминан 350 кг.

8. «Кристалл мукаммалликка» эришинг


Baku Crystal Hall – 25 минг томошабинга мўлжалланган улкан маданий-спорт комплексини шундай аташ мумкин. Айтганча, 2012 йилги Евровидение танловининг финали шу ерда бўлиб ўтган.

9. Баку денгизбўйи хиёбони бўйлаб сайр қилинг


Денгизбўйи паркидаги мусиқий фаввора томчиларини ҳис қилинг, кўриш чамбарагида учинг ёки қаҳвахонада Каспий денгизини томоша қилиб ҳақиқий озарбайжонча чойни татиб кўринг!

10. Ўзингизга «алангали кеча» ҳадя этинг


Замонавий Бакунинг энг машҳур сайёҳлик марказларидан бири Flame Towers ёки Алангали минора деб номланади. Учта осмонўпар бино ҳар кеча ёрқин рангларга бурканади ва меҳмонларда унутилмас таассуротлар уйғотади!

Автор статьи: Александра Терёхина

ПОДПИСЫВАЙТЕСЬ НА НАШ КАНАЛ В TELEGRAM

Комментарии

ТУРЫ ПО ТЕМЕ

КОНТАКТЫ

Наш адрес:

100031, Узбекистан, город Ташкент
Яккасарайский район,
улица Юсуфа Хос Ходжиба, 69.

Тел: (+998 71) 200 55 44

E-mail: info@tatil.uz

Top